Ташвишли ҳайит: Россияда ҳайит намози онлайн ўқилиши мумкин

Ҳали тасдиқланмаган маълумотларга кўра буни мусулмонларга расмийлар тавсия қилишмоқда.

Россия пойтахти Москва шаҳри раҳбарияти яқинлашиб келаётган ҳайит намозини «уй шароитида» ўқишга чақиргани ҳақида маълумот тарқади. Бу ҳақда Москва шаҳри ҳукуматининг Миллатлараро алоқалар департаментига таяниб “Эҳтиёт бўлинг, янгиликлар” («Острожно, ноовости») телеграм канали хабар берган.

Канал олган маълумотга кўра, ҳайит намози ўқиладиган куни, яъни 10 апрелда маълум чекловлар жорий қилиниши борасида туман ҳокимликларига расмий мактуб юборилган.

Ҳужжатда марказий осиёлик муҳожирларга алоҳида эътибор қаратиш сўралган. Бу қарор яқинда Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт билан боғлиқ экани таҳмин қилинмоқда.

Бу масала хусусида ҳозирча на Москва шаҳри ҳокимлиги ва на Россия мусулмонлари идораси ҳеч қандай расмий изоҳ беришгани йўқ. Муфтият тарқатган маълумотларга кўра ҳар йили Россия пойтахтида юз минглаб мусулмонлар ҳайит намозини ўқишади. Ўтган йили уларнинг сони 400 минг кишига етган. Масжидлар етишмаслиги оқибатида одамлар намозни масжид яқинидаги кўчаларда ва майдонларда ўқишади.

Бунгача шаҳарликлар мураккаб об-ҳавога қарамай, масжидлардан ташқарида намоз ўқиган мусулмонларнинг эътиқодидан ҳайратга тушишган бўлса, энди ушбу ҳайрат ёқимсиз туйғулар билан алмашиши эҳтимол. Чунки 140 нафардан кўпроқ одамнинг умрига зомин бўлган “Крокус Сити Холл”даги теракт Россияда меҳнат муҳожирларига, айниқса, тожик миллатига мансуб фуқароларга қарши кайфиятларни кучайтирди. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб марказий осиёлик муҳожирларга қарши полиция рейдлари ўтказилмоқда. Уларга нисбатан кескин чоралар кўрилиб, қоида бузган одамлар тўп-тўп ҳолида мамлакатдан чиқарилиб юборилмоқда.

Айрим шовинистик руҳдаги рус сиёсатчилари муҳожирлар устидан назоратни кучайтириш ва ҳатто уларни бутунлай мамлакатдан чиқариб юборишга чақиришмоқда. Россиядаги масжидларни бутунлай ёпиш талаблари ҳам янграмоқда. Расмийлар ҳам бундан мустасно эмас.

Россия Федерал тергов қўмитаси бошлиғи Бастрикин муҳожирлар ҳақида кескин танқидий фикрларни билдирган. У сўнгги йилларда Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони кескин ўсиб, 14,5 миллион кишидан ошгани ва шунинг баробарида улар содир этаётган жиноятлар сони ҳам ортиб бораётганини айтган.

Бундан ташқари мулозим Россия паспортини олган меҳнат муҳожирларининг Украинадаги урушда қатнашишдан бош тортишаётганидан норозилик билдирган. Унинг фикрича, бундай муҳожирлар фуқароликдан маҳрум қилиниб, ватанларига жўнатиб юборилишлари керак.

Шу вақтнинг ўзида Россияда “Крокус”даги теракт бўйича ҳибсга олишлар давом этмоқда. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, улар орасида Қирғизистон фуқароси ҳам бор. Бунга унинг ўша машъум ҳужум ҳақида ким биландир гаплашгани сабаб бўлган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларида тарқалган ушбу маълумотни текшираётганини маълум қилган.

Сал аввалроқ Москвада бошқа бир Қирғизистон фуқароси “террорчилик ҳужумини ёқлаганликда айбланиб, қўлга олинган эди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Қўйилган айблов исботланса, унга беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Депутат Жанар Ақаев парламент йиғилишида Москвадаги муҳожирларга нисбатан кўрилаётган қаттиқ тадбирлар хусусида ташвиш билдириб сўзлади. Унинг айтишича, қирғизистонликларнинг телефонлари текширилиб, уларда таниқли ислом олимларининг маърузалари топилса ҳам, уларни радикал ташкилотлар билан алоқадорликда айблашмоқда.

Бунга жавобан бош вазир Ақилбек Жапаров қирғизистонликларнинг чет элларда қонунларга риоя қилиб юришлари лозимлигини айтди. Шунингдек у қирғиз ҳукумати мамлакат фуқароларини кўпроқ Европа давлатларига жўнатиш устида ишлаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу йил Англияга 8 минг киши қишлоқ хўжалиги ишларида ишлаш учун жўнатилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг