Сўз эркинлигига қарзи зарба: Бишкекда ўндан ортиқ журналистлар ҳибсга олинди

Улар мустақил нашларнинг раҳбар ва ходимлари бўлиб, расмийларни танқид остига олиб туришади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Тергов хизматига 16 январ куни гумонланувчи сифатида олиб келинган 11 нафар журналист 48 соатга ҳибсга олинди. Шу вақт ичида суд уларни озодликка чиқиши ёки ҳибсда қолдирилиши ҳақида қарор чиқариши керак.

Маълум бўлишича, ҳисбга олинганлар “Темиров Live”, “Айт, айт десе” лойиҳалари, “Арча медиа” ва “ПолитКлиника” нашрлари ходимлари, аввал бу нашларда ишлаган ва ҳамкорлик қилган журналистлар, фаоллардир.

Булар: Махабат Тажибек қизи, Сапар Ақунбеков, Азамат Ишенбеков, Сайпидин Султаналиев, Ақтилек Қапаров, Тинистан Асипбеков, Мақсат Тажибек уулу, Жоодар Бузумов, Жумабек Турдалиев, Айке Бейшекеева ва Ақил Орозбековлардир.

ИИВ матбуот хизмати, Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизликлар” моддасининг “Ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақирувлар, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка ундаш” бандлари асосида жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Бу модда бўйича 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси қаралган.

“Айт Айт Десе” ва “Temirov Live” лойиҳаларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “аҳолини оммавий тартибсизликларни уюштиришга чақириқлар мавжуд бўлган материаллар борлиги аниқланган, шу сабаб жиноий иш қўзғатилган”, дейилади расмий баёнотда.
Бироқ, баёнотда “Айт Айт Десе” ва “Temirov Live”да нашр этилган айнан қайси мақолалар тўғрисида сўз бораётгани ва қанча киши сўроқ қилингани тўғрисида маълумот берилмаган. Унда “Арча медиа” ва “ПолитКлиника” нашрлари ҳам тилга олинмаган.

Ҳибсга олинган журналистларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбловларни рад этишмоқда.

Кутилмаганда 16 январь куни эрта тонгда юқоридаги медиа лойиҳа ва нашр журналистларининг уйларида тинтувлар ўтказилган.

Уйида тинтув ўтказилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари олиб кетган журналистларнинг аксарияти Temirov Live’нинг ходимлари. Улар, Махабат Тажибек қизи, Сапар Ақунбеков, шоир Азамат Ишенбеков ва Мақсат Тажибек ўғли.

Сўроққа олиб кетилганларнинг яна икки нафари аввал Temirov Live’да ишлаган журналист Ақтилек Қапаров ва ҳозирда «Арча медиа»да ишлаётган Сайпидин Султаналиев. Шунингдек, «ПолитКлиника»нинг журналисти Тинистан Асипбек уулу ҳам сўроққа олиб кетилган.

Ҳуқуқ тартибот идора ходимлари Temirov Live’нинг офисида ҳам тинтув ўтказиб,  электрон жиҳоз ва ҳужжатларни олиб кетишган, офисни эса муҳрлаб қўйишган.

Лойиҳа раҳбари Махабат Тажибек қизининг айтишича, идорадаги тинтув ва ҳибслар, журналистларнинг Ички ишлар вазирлиги раҳбари Уланбек Ниязбеков ҳамда депутат Надира Нарматова ҳақидаги материаллари билан боғлиқ. Бироқ, айнан қайси материал ҳақида гап бораётгани маълум эмас.

“Темиров Live” 2023 йилнинг декабрида Ички ишлар вазири Улан Ниязбековга оид бир неча журналистик суриштирувларни эълон қилган. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Тилек Ўтўров бу суриштирувларни “асоссиз” деб атаган.
2022 йилнинг ноябрида Қирғизистондан депортация қилинган “Темиров Live” лойиҳасининг асосчиси Болот Темиров, мазкур ҳолатни ўз командасининг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Яқинда у “Х” майдочасида (аввалги Твиттер) “ЭлТР [телеканали] мени ва [рафиқам] Қанишайни давлат тўнтаришини тайёрлашда иштирок этишда айблади. Бу жиддий айблов”, деб ёзган эди.

24.кг агентлигида тинтув
Бир кун аввал, 15 январь куни Бишкекдаги 24.kg ахборот агентлиги офиси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан тинтув қилиниб, барча электрон жиҳоз ва ҳужжатлар олиб кетилган эди. Тинтувдан сўнг агентлик биноси муҳрланиб, бош директор Асел Ўтўрбаева, муҳаррир Махинур Ниязова ва Антон Лимар хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан сўроққа олиб кетилган. Сўроқдан сўнг озод қилинган

журналистлар “Урушни тарғиб қилиш” моддаси асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроқ қилинганини айтишган. Улар тергов тафсилотларини ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат имзолагани учун кўп нарсани ошкор қила олмадилар.
Агентлик раҳбари Асел Ўтўрбоева иш доирасида ўтказилган экспертиза хулосаларига мутлақо рози эмаслигини билдирди.
Маълумки, 2023 йил сентябрида Россияда 24.kg ахборот агентлиги блокланган. Бунга Украинадаги уруш ёритилган мақолалар сабаб бўлган. Шунга кўра, жиноий иш айнан Украинадаги уруш бўйича чоп этилган мақолалар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бу Қирғизистонда очилган (2006) энг биринчи мустақил интернет нашр ҳисобланади. Нашр доимо воқеа-ҳодисаларга холисона ёндашиб ёритиб келгани билан маълум.

Халқаро ташкилотлар баёнотлари

Қатор халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, фаоллар, ҳуқуқшунослар Қирғизистондаги сўнгги воқеалар юзасидан хавотир билдирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Қирғизистон ҳукуматини мамлакатда сўз эркинлигини ҳимоя қилишга ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонунлар халқаро инсон ҳуқуқлари андозаларига мос келишини таъминлашга чақирди.

Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Скинас Қирғизистонга ташрифи чоғида, Қирғизистон расмийларига мамлакатдаги сўз эркинлиги аҳволидан хавотир билдирди.

16 январ куни 9та йирик халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистондаги сўнгги воқеалар юзасидан қўшма баёнот ёйинлади. Улар Қирғизистон ҳукуматини “уруш тарғиботи” ва “оммавий тартибсизликка чақириш” баҳонасида мустақил оммавий ахборот воситаларига нисбатан жиноий иш қўзғатишни тўхтатишга чақирди.

“Ҳокимият журналистларга таҳдид ва таъқиб қилишни бас қилиши, уларга ўз ишини тўсқинликсиз бажаришига имкон бериши керак. Қирғизистондаги сўнгги воқеалар сўз эркинлигига қарши кампания контекстида содир бўлмоқда, буларнинг барчаси мустақил оммавий ахборот воситалари орасида қўрқув ҳиссини кучайтиради», дейилади «Фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоячилари», Хюман Райтс Вотч, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Норвегия-Хелсинки қўмитаси, People in Need, Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация, Қийноқларга қарши халқаро ташкилот ва Ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилиш обсерваторияси ташкилотлари томонидан имзоланган қўшма баёнотда.

“Агар ҳозир парламентда кўриб чиқилаётган репрессив қонун қабул қилинса, сўз эркинлиги янада ёмонлашади. Мазкур қонун оммавий ахборот воситалари устидан давлат назоратини кучайтириб, ҳокимият органларига давлат рўйхатидан чиқариш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва тўхтатиш учун кенг имкониятлар очиб беради. Қирғизистон расмийлари сўз эркинлигига ҳурмат унинг халқаро мажбуриятларига мос келишини таъминлаш учун қатъий чоралар кўриши зарур”, дея қўшимча қилинади  баёнотда.

Қирғизистоннинг ўзида ҳам маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, медиа ташкилотлар расмийларни журналистларга ўтказилаётган босим ва тазйиқни тўхтатишга чақирдилар. Омбудсмен Жамила Жаманбаева ҳам Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот, суд ва прокуратура органларини журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга чақирди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг