Яшаш учун ишлаш керак ёки Қирғизистонда газеталарнинг даври поёнига етдими?

Янги йилнинг биринчи кунидан бошлаб вилоятлардаги газеталар хўжалик ҳисобига ўтказилди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг ўтган йил охирида имзолаган қарорига кўра, республиканинг вилоятларида фаолият кўрсатаётган газеталар хўжалик ҳисобига ўтказилади. Бошқача айтганда энди уларга давлат бюжетидан маблағ ажратилмайди.

“Нашриёт муассасалари фаолиятини оптималлаштириш мақсадида” қилинган қарор узоқ йиллар давомида вилоят ҳокимликларининг нашри бўлиб келган 12 газетанинг тақдирини ҳал қилади. Улар орасида ўзбек тилида чиқувчи Жалолобод вилоят «Жалолобод тонги» ҳамда Ўш вилояти «Ўш садоси» газеталари ҳам бор. Уларнинг икки нафари рус тилида, қолгани қирғиз тилида чиқиб келади.

Хўш, бу газеталар хўжалик ҳисобида иш фаолиятларини давом эттиришга тайёрми ёки йўқми? Келгусида мавжуд таҳририят ходимлари ўз иш жойларида қоладими, йўқми?

Биз шу каби саволлар билан Қирғизистон жанубидаги уч вилоят газетаси вакилларига мурожаат қилдик.

Ўш вилояти «Ўш садоси» газетаси бош муҳаррири Лутфилло Раҳмонов:

– Давлат қарори менинг фикримча хато бўлди. Давлат ўзининг катта идеологик қуролидан ажраб қолди. Олдинда яна қатор давлат қарорлари турибди. Уларни халққа етказиш айнан биз, вилоят газеталарнинг зиммасида эди. Газетамизнинг ўз ҳисобида пули йўқ. Обуна ҳам мақтанарли даражада эмас. Чунки айрим журналистларимизнинг ўзи ҳам газета ҳақида гапирадию, лекин ўзи газета сотиб олмайди.

Раҳмонов бугунги кунда бу таҳририятда 19 нафар ходим ишлаши, ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишини маълум қилди.

– Ижодий жамоамиз ҳам истаса янги раҳбар билан ўз фаолиятларини давом эттиришлари мумкин, – деди у.

“Ўш садо”си газетасининг собиқ муҳаррири Соҳибахон Шокировага кўра, вилоят газетасининг хўжалик ҳисобига ўтиши барча таҳририятнинг ёпилиб кетишига олиб келмайди. Чунки бу гап олдиндан, бир неча йиллардан буён айтилиб келаётган эди. Мисол учун, “Ош жанириғи” газетаси шу кунгача ўзининг моддий аҳволини анча ўнглаб олган. Ҳисобида пуллари етарли. Обуначилари ҳам 3000 дан кўп.

“Булар бемалол ўз ҳисобидан газета чиқаришлари ва фаолиятларини давом эттиришлари аниқ. Мен ҳам мазкур газетанинг моддий аҳволини ўнглаш учун аниқ режалар асосида иш олиб бораётган эдим. Айрим сабабларга кўра, муҳаррирни алмаштиришди ва бугунги кунга келиб, таҳририятдаги 19 нафар ходимнинг ойлик маошини таъминлаш, хўжалик ҳисобидан кун кўришга кўзи етмаган Раҳмонов ишдан бўшаш арафасида турибди. Келгусида мен яна шу газетада ишламоқчилигимни билдирдим. Осон бўлмайди, лекин режаларимиз бор, ҳаракат қиламиз, – дейди Шокирова.

Маҳмуджон Қозоқбоев – “Альянс Пресс” ахборот агентлиги директори, ёзувчи:

– Қарор тўғри чиқарилди, деган фикрдан йироқман мен ҳам кўплар қаторида. Бу қарор ҳаммани бўлмаса ҳам, баъзи газеталарнинг ёпилишига сабабчи бўлиши мумкин. Шу кунгача ўзига маҳкам таҳририятлар хўжалик ҳисобига ўтишга зимдан тайёргарлик кўриб юргандек, обуначиларини ва ҳисоб рақамларидаги пулларни кўпайтириб боришди. Ҳар йили “Ош жанириғи” газетаси томонидан катта байрам ўтказилиши анъанага айланган бўлиб, у ҳам газета бюжетига анча кўмак кўрсатади. Бироқ, “Ўш садо”си бундай ишлардан мустасно.

Қозоқбоевнинг фикрича, энг аввало газетанинг муҳаррири ўзгарса, республика Адлия вазирлигидан газета ўзининг эски номи бўлган “Қирғизистон ҳақиқати” деб қайта рўйхатдан ўтказилиши керак.

“Бу Республика Ўзбек миллий-маданий маркази қошида бўлиши керак, менимча”, – деди Қозоқбоев Маҳмуджон биз билан суҳбатда. – “Чунки ўша номи билан бутун қирғизистонлик ўзбекларни обуна қилишни йўлга қўйиш керак”.

“Жалолобод тонги” газетасининг мухбири, сиёсий шарҳловчи Раънохон Мамитова газетада 1991 йил 10 сентябрдан , илк нишона сонидан бошлаб ишлаб келяпти.

– Яхши қарор бўлмади, – дейди у ҳам. – Энг кам миқдордаги ойлик маошга ишлаб келаётган эдик. Давлат учун бу катта маблағ ҳам эмас эди. Энди чет эл матбуоти бемалол кириб келади. Улар ўзлари билан бизга ёт ғояларни олиб келишади-да. Интернет нашрлари бугун бор, эртага йўқ. Газета – архив, ҳужжат. Фанатлар кучидан фойдаланиш керак. Газетани кучини билмаганлар ҳам бор шекилли, юқорида.

Нашрнинг келгусидаги режалари ҳақидаги саволга Мамитова қуйидагича жавоб берди:

– Ўз биноимиз бор, махсус ҳисобдаги маблағдан иқтисод қилиб сотиб олгандик бир вақтлар. Кейин у давлат ҳисобига ўтиб кетган эди. Адолат биз томонда. Бинони ўзимиз сотиб олганмиз. Ҳозир адвокат ёллаб давлатдан қайтариб оламиз, деяпмиз.

Таҳририят ходимларининг бир қисми хўжалик ҳисобида ишлашга тайёр экан.

– Рақобат йўқ бизда. Газета ишини давом эттиришга ҳаракат қиламиз. Беш киши қолдик. Беш киши икки ойлик компенсация пулини олиб, ишдан кетишди. Исроилов Абдумухтор – газетанинг бош муҳаррири, агар газета давлат қарамоғида бўлмаса, ўйланиб кўраман, деган. Ҳозирча унинг қарори номаълум.

“Боткен тонги” газетаси бош муҳаррири Адилбек Ақматов, бу қарорни “бироз нотўғри чиқиб қолганини” айтади.

– Газета дунёда барча мамлакатнинг юзи ҳисобланган. Тарихни ҳар доим газета орқали ўқишган. Ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари вақтинча. ТВ ҳам ҳеч қачон газетачалик архивни шакллантириб беролмаган. Суд ишларида ҳам асосан газетага ишонишади. Давлат учун арзимас пул эди, аслида, шуни ҳам аягани тўғри эмас.

Унинг айтишича, 7 нафар вилоят газетаси учун бюжетдан 30 млн. сўм (340 минг долларга яқин. – таҳр.) пул етарли эди. Бу газеталар бюжетдан чиқариб ташлангани билан ҳали тўла мустақил бўлишгани йўқ.

– Давлатдан ажрамадик. Келгусида албатта яхшироқ ишлашга ҳаракат қиламиз. 4500  атрофида обуначимиз бор, шукр. Ҳисобимизда 5,5 млн. сўм пулимиз ҳам бор. Қирғиз тилида чиқадиган газетамиз республика миқёсидаги газеталар билан рақобатлаша оладиган даражада. Шу кунгача штатда 19 нафар ходим ишлар эдик. Қарордан кейин ҳаммамиз тўпланиб, 6 кишини олиб қолдик. Энди ишлаш керак, тамом.

Барно Исоқова, Оқбура, Бишкек.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг