Ҳайит намозини ўқишга фақат Қирғизистонда рухсат берилди

Қўшни давлатларда бу масалада фикрлар турлича бўлиб, айрим давлатлар ҳали бир қарорга келишгани йўқ.

Шуни айтиш керакки, Марказий Осиё давлатларида ҳайит байрами бир кунда, 20 июлда нишонланадиган бўлди. Ҳозирча ҳайит намози биргина Қирғизистонда, масжидларда жамоа бўлиб ўқиладиган бўлиб турибди. Байрамнинг ўзини эса оила даврасида нишонлаш тавсия қилинган.

Одатда иккала ҳайит намози ҳам Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарларининг асосий майдонларида ўқиларди. Бунинг сабаби намозхонларни масжидларга сиғдириш қийинлигида. Бишкекдаги асосий майдонда турли маълумотларга кўра 70 мингдан 100 минггача мусулмон ҳайит намозларига келарди. Шаҳардаги энг катта “Ас-Сарахсий” масжиди 8000 кишини сиғдира олади. Қолган 3-4 катта масжидларнинг сиғими 2-4 минггача холос.

Одатда ҳайит намозлари Бишкекдаги «Эски майдон»да, президент идораси олдида ўқиларди

Коронавирус тарқалиши хавфи юқори даражада экани ҳисобга олиниб, байрамни нишонлашда мусулмонларга қаттиқ талаблар қўйилган. Жумладан, намоздан олдинги ва кейин ўтказиладиган тадбирлар вақти кескин қисқартирилган. Намозга келганлар ниқобда бўлиши шарт, қўл бериб ва қучоқлашиб кўришиш мумкин эмас, намоз вақтида 1,5 метр оралиқ сақланиши  керак. Шунингдек ҳар бир киши масжидга ўз жойнамози билан ва таҳоратни уйида олиб келиши шарт.

Бишкекдаги марказий масжидда соат 07.00да Қирғизистон муфтийси Замир Ракиев қисқа маъруза қилгач, давлат раҳбарлари вакиллари табрик нутқлари билан чиқадилар. Ҳайит намози 7.30да бутун республика бўйлаб жоме масжидларида ўқилади.

Масжидларда намоз вақтида оралиқ сақланиши керак. Бишкек, «Ас-Сарахсий» масжиди

Мусулмонлар диний идораси тана ҳарорати кўтарилиб турган мусулмон биродарларни бу кун уйларида қолиб туришга чақирди.

Қўшни Ўзбекистонда ҳайит намози ўқилиши бутунлай бекор қилингани маълум бўлди. Лекин республикада ҳайит байрами муносабати билан уч кун қаторасига дам олиш куни эълон қилинди. Қозоғистонда ҳам шундай. Қирғизистонликлар фақат бир кун, ҳайит куни дам оладилар холос.

Намозни жамоа бўлиб ўқиш масаласида Қозоғистон ва Тожикистон ҳали расмий қарорини эълон қилишгани йўқ. Шуниси маълумки, баҳорда ўтган Рамазон ҳайити намози бу икки давлатда ҳам карантин талаблари туфайли бекор қилинган эди.

Россияда ҳам ҳайит намозини жамоа бўлиб ўқиш бекор қилинди. У ерда намоз биргина Москвадаги марказий жоме масжидида, онлайн тарзида ўқиладиган бўлди. Бироқ Марказий Осиё давлатларида бунинг ханафий мазҳаби қоидаларига тўғри келмаслиги айтилмоқда. Россиядаги мусулмонларга мамлакат муфтийси Равиль Гайнутдиннинг маърузасини телевидение орқали тинглаш таклиф қилинган.

Намоз бекор қилинишидан ташқари Москва, унинг атрофи ва Санкт-Петербургда мусулмонларга байрамни уйда, оила аъзолари даврасида нишонлаш тавсия қилинган.

Оқбура, Бишкек

Расмлар интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг