Германия суди Алишер Усмоновни оқлади, унинг мулки қайтариб берилади

Полиция ва суд ишбилармонни ноқонуний топилган пулларни қонунийлаштиришда айблаган эди.

Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳри суди асли ўзбекистонлик бўлган таниқли миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан очилган жиноий иш бўйича унинг ҳибсга олинган мулкларини қайтариб беришга қарор қилди. Бу ҳақда Усмоновнинг матбуот хизмати маълум қилди.

Ўтган йилнинг сентябрида Германия Федерал жиноят қидирув идораси ва Солиқ хизмати Усмоновнинг Альп тоғлари этагидаги Тегернзее кўли атрофидаги виллалари, Франкфурт-Майндаги квартираси ва Бремен портида турган “Дилбар” (Усмоновнинг онаси исми билан аталган) яхтасида тинтув ўтказган. Ўшанда Усмоновга тегишли қимматбаҳо санъат асарлари коллекцияси ҳам мусодара қилинган эди.

Германиянинг Der Spiegel нашри Франкфурт-Майндаги иккинчи суд инстанцияси 2023 йилнинг майида бу тинтувларни ноқонуний деб топганини, бунга Усмоновга қарши прокуратура тўплаган далиллар етарли бўлмаганини маълум қилган.

Алишер Усмонов Украинадаги уруш бошланганидан кейин Россия президенти Владимир Путинга яқин одамлар қаторида санкциялар рўйхатига киритилган. Лекин буни Усмоновнинг ўзи рад этиб келади. Шунга қарамай, миллиардерга нисбатан босим давом этиб келмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг октябрида Германияда полиция ва божхона ходимлари Алишер Усмоновнинг уйларида яна тинтув ўтказган. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.

Тинтув натижасида Усмоновнинг Мюнхен атрофидаги уйлари ва Бавариядаги вилласида бешта автомобили, жумладан, нархи 140 минг евролик “Mercedes Maybach S500”, 180 минг евро турадиган “Mercedes Brabus” фургони ҳамда қимматбаҳо буюмлари мусодара қилинган.

Германия полицияси Усмоновга нисбатан турли банклардан “пул ювишда” гумон қайд этилган 90 та расмий билдирув олганини айтади. Терговчилар эса Усмоновнинг банк ҳисобларида шубҳали транзакциялар бўлганини иддао қилишган.

Алишер Усмоновга нисбатан эълон қилинган ғарб санкциялари доирасида Ўзбекистондаги ишбилармонга қарашли USM холдингига алоқадор деб ҳисобланадиган “Охангаронцемент” ва “Akkermann Cement CA” корхоналари ҳам “қора рўйхат”га киритилган.

Жаҳон бойлари мавзуси билан шуғулланувчи Forbes журнали Алишер Усмоновни Россия ва Англиядаги энг бой одамлардан бири сифатида тан олган. Турли йилларда ҳар икки давлатда ҳам биринчи рақамли бой одам сифатида тан олинган.

Нашрнинг ҳисоб-китобига кўра, Усмоновнинг бойлиги бугун камида 14,5 миллиард доллар. Сўнгги йилларда Алишер Усмонов Ўзбекистонда ҳам бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Алишер Усмонов Россия, Татарстон ва Ўзбекистоннинг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг