Еттилик даври бошландими? Бишкекдаги президентлар саммити ўзгача шукухда ўтди

Раҳбарлар учрашуви натижаларига кўра МДҲнинг янги даврга қадам қўяётганини башорат қилиш мумкин.

Бишкекда 13-октябр куни ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар президентларининг навбатдаги саммитида бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Жаҳон ҳамжамияти икки катта ва бошқа турли лагерларга бўлиниб, вазият мураккаблашиб турган пайтда ташкилот раҳбарлари бирдамлик намунасини кўрсатдилар.

Тўғри, Арманистон бош вазири Никол Пашинян бу саммитга қатнашишдан қатнашишдан бош тортди. Буни кузатувчилар яқинда Тоғли Қорабоғда бўлиб ўтган қисқа урушда Арманистонни қўлламагани учун Россиядан ҳафа бўлиш сифатида баҳоладилар. Маълумки, уруш натижасида дунё ҳамжамияти Озабайжонники деб тан олган Тоғли Қорабоғдаги сепаратистик арман ҳукумати тўла таслим бўлиб, у ерда яшаган 100 мингдан ортиқ этник арманлар яшаган уйларини ташлаб, Арманистонга чиқиб кетдилар.

Йил бошидан бери Европа томонга кўз тикиб, МДҲ ташкилотидан чиқишга ҳаракат қилаётган Молдова раҳбарияти ҳам Бишкекдаги йиғилишда қатнашмади.

Саммитда Қирғизистон президентидан ташқари Россия президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевлар иштирок этишди.

Хавфсизлик, жиноятга қарши кураш ва рус тили

Бу йил МДҲга Қирғизистон раислик қилмоқда. Саммитда келаси йили раислик Россияга ўтиши эълон қилинди. Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида ўтган тор доирадаги учрашувда президентлар Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш мавзусига алоҳида эътибор қаратдилар. Терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, коррупцияга қарши кураш каби соҳалардаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди.

Саммитда йигирмага яқин ҳужжат қабул қилинди.

Жумладан, ҳамжамият ҳудудида рус тилини ривожлантириш бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисида келишув қабул қилиниб, рус тилини халқаро мулоқот тили сифатида ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тўғрисида баёнот қабул қилинди.

Рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарув тизимини, кўп қутбли дунёда давлатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, молиявий таҳдидларни баҳолаш бўйича халқаро марказни яратиш, жиноятчиликка қарши кураш, суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш, жиноятчиликка қарши қўшма чора-тадбирлар дастури тўғрисида битимлар имзоланди.

Маданият соҳасида Ўзбекистоннинг қадимий Самарқанд шаҳрини келгуси йилда МДҲнинг маданият маркази деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ҳамкорлик намунаси, муносиб мукофот

Саммит якунида Қирғизистон ташаббуси билан Мирзиёевга ушбу ташкилотнинг “Ҳурмат белгиси” фахрий кўкрак нишони топширилди. Уни Ўзбекистон президентига МДҲ ташкилоти раиси, Қирғизистон президенти Садир Жапаров топширди.

У Шавкат Мирзиёвнинг МДҲ давлатлари ташкилоти аъзоларининг мустаҳкамланиши, давлатларо муносабатларнинг янги босқичига кўтарилиши қўшган хиссасини урғулаб, жумладан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши ва янги истиқболларга йўл очганини эътироф этди.

Бунга жавобан Шавкат Мирзиёев бу мукофотнинг ўзи учун кутилмаган бўлганини, ҳақиқатдан ҳам Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 30 йилдан бери ҳал этилмаган масалалар энди ҳал этилаётганини қайд этди.

“Сўнгги йилларда Қирғизистон билан кўп ютуқларга эришдик. 30 йил давомида ҳеч ким бу мураккаб муаммоларни ҳал қилишга уринмади. Садир Нурғўжўевич ва Ўзбекистон президентининг иродаси билан кўп масалаларни ҳал қилдик”, – деди Мирзиёев.

Президент Садир Жапаров жорий йилнинг 27-январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Бишкекка ташриф буюрганида икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёни якунланганини айтди. У бу кунни тарихий кун деб атади ва чегара масаласига нуқта қўйилганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев берилган мукофотни аванс сифатида қабул қилиши ва бу ишончни оқлашга ҳаракат қилишини маълум қилди. Бунинг далили сифатида эса саммитда бир қатор таклифларни киритдики, улар қабул қилинган ҳолатда МДҲ давлатлари ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, савдо, юк ташиш ва бошқа соҳаларда катта ижобий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши бутун ҳамдўстлик давлатлари учун намуна бўлиши мумкин. Қирғиз ва ўзбек халқларининг ўзаро ишончи ва намунаси сифатида айтиш мумкинки, меҳмонларни кутиб олиш чоғида Садир Жапаров фақат Шавкат Мирзиёев билан яқин биродарлардек қучоқлашиб кўришишди. Аслида ҳам шундай ва ҳамиша шундай бўлиб қолсин.

Бунгача Россия президенти Владимир Путин Садир Жапаровга икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Россиянинг “Ҳурмат белгиси” нишонини топширган эди. Путиннинг саммит олдидан Бишкекда ўтказган учрашувлари ва икки давлат ўртасидаги мустаҳкам алоқалар ҳақида биз аввал ёзган эдик. Ташриф сўнгида Владимир Путин журналистларга Россия ва Қирғизистон ўртасидаги алоқалар ҳақида батафсил айтиб берди.

Шунингдек, Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров саммит доирасида Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон билан учрашди. Бу учрашувнинг муҳимлиги шундаки, охирги пайтда мураккаб тус олган ўзаро алоқаларда илиқлик пайдо бўлиб, яқинда икки давлат ўртасида талаш бўлиб келаётган чегаранинг 43 километри бўйича келишувларга эришилди.

Мамлакат раҳбарлари қирғиз-тожик икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, кенг кўламли мавзуларни, жумладан, қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини муҳокама қилдилар. Айнан шу алоқаларда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тажрибаси жуда қўл келиши мумкин. Чунки бугун Қирғизистон учун чегара муаммоси фақат Тожикистон билан ўртада мавжуд.

Россия ҳамжамиятда ўз ўрнини сақлаб қолади

Бугунги оғир ҳалқаро сиёсий вазиятда бу учрашувнинг Россия учун аҳамияти жуда катта. Чунки Украинадаги уруш туфайли АҚШ раҳбарлигидаги Ғарб ва бошқа дунё давлатлари киритган санкциялар туфайли мамлакат иқтисодиёти оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Бу эса ўз навбатида МДҲ давлатларига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

Иккинчидан, Украинадаги ва Яқин Шарқдаги Исроил-Фаластин уруши натижасида халқаро вазият тобора танглашиб бораётган вазиятда ҳар бир давлат учун хавфсизлик масаласи олдинги ўринга чиқди. Шу жиҳатдан МДҲ давлатларининг тарихий тажрибалари жуда қўл келиши мумкин. Бу масалада улкан ҳарбий салоҳиятга эга бўлган Россия доим етакчилик қилиб келган.

Саммитда умумий хавфсизлик тизими, жумладан, ҳаво ҳужумидан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини тузиш ва мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади. Бу масалада Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушда (Россияда уни ҳамон махсус ҳарбий амалиёт деб аташади. – таҳр.) қўлга киритилган тажриба ҳам қўлланишини маълум қилди.

Саммит бошланишидан бир кун аввал Қирғизистон парламенти Россия билан биргаликда ҳарбий ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш тизимини барпо этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Президент Садир Жапаров эса бу мақсадда Бишкек шаҳридан 20 чақирим нарида тегишли база барпо этиш учун 5 гектар ер ажратиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Ташкилотнинг бошқа давлатлари бу борада қандай қадамларга тайёр экани ҳозирча ноъмалум. Путиннинг айтишича, унинг ҳамкасблари саммитдаги учрашувлар давомида умумий хавфсизлик тизимини тузиш борасида катта қизиқиш намоён қилдилар. Шунга кўра тез орада ташкилотга кирган давлатлар ва бу борада етакчилик қилаётган Россия ўртасида алоҳида маслаҳатлашувлар бошланишини кутиш мумкин.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида доимий сиёсий мулоқот муҳимлигини таъкидлаб, икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишлари бўйича очиқ ва мазмунли музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг