Қирғизистон-Россия: Президент Путиннинг Қирғизистонга ташрифи давом этмоқда

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарлари саммитига биринчи бўлиб Россия президенти келди.

Россиянинг президенти Владимир Путин бугун, 12 октябрда эрталаб Бишкекка расмий сафар билан ташриф буюрди. Унинг келиши олдидан пойтахтда алоҳида тайёргарлик, мисли кўрилмаган эҳтиёт чоралари кўрилди.

Шаҳарнинг Путин кортежи ўтадиган айрим шоҳ кўчалари ва унга туташ йўлларида автомобиллар қатнови тўхтатилди. Бишкек мактаблари ва олий билим даргоҳларида таълим икки кунлик онлайн турига ўтказилиб, болалар боғчалари ёпилди.

Таълим ва фан вазирлигининг қарорига кўра, ўқувчилар ва талабалар 12-13 октябрь кунлари масофадан билим олишади. Шаҳар кўчаларига қўйиб ташланган электр самокатлар ҳаракатига ҳам чекловлар қўйилиб, айрим ҳолларда улар ҳатто турган жойларидан олиб қўйилди.

Владимир Путинни «Манас» халқаро аэропортида Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров кутиб олди.

Ташриф доирасида меҳмоннинг Бишкекдан 20 км олисликдаги Қант шаҳри яқинидаги Россия ҳарбий ҳаво базасининг 20 йиллик юбилейига қатнашиши режалаштирилган эди. Бироқ кун тартиби банд бўлгани боис бу тадбир бекор қилинди. Путин Бишкек яқинидаги бошқа жой, “Ата-Бейит” хотира мажмуасига бориб, қатағон қурбонлари хотирасига ҳурмат билдирди.

Эртага, 13 октябр куни у  МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этади.

Бугун эса икки давлат президентлари кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказдилар.

Музокаралар якунида қўшма ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди, шундан сўнг Путин ва Жапаров ОАВ учун якуний баёнот билан чиқишди.

“Таъкидлашни истардимки, сизнинг ташрифингиз Қант авиабазасининг 20 йиллиги ва Қирғизистон-Россия Славян университетининг 30 йиллигига тўғри келгани катта рамзий маънога эга. Икки томонлама муносабатларимиздаги бу муҳим воқеалар дўстлигимиз тимсолидир”, — деди Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилар экан.

У Қирғизистон Қирғизистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлаб, 1-сентябр куни икки давлат президентлари Қирғизистонда рус тилида таълим берадиган дастлабки учта мактаб (Бишкек, Қоракўл, Боткен) қурилиши бошланганини эслатди.

“Бизнинг қўшма келажагимизни барпо этаётган мустаҳкам пойдевор икки давлат ўртасидаги тарихий дўстлик ришталари эканлиги қувонарлидир. Қирғизистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор ва кенг истиқболлар мавжуд”, — дея хулоса қилди у.

Бугун Россия президенти Владимир Путиннинг ҳамкасби Садир Жапаровни “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолагани маълум бўлди.

“Россия ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга, Евроосиё маконида интеграция жараёнларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун”, дейилади фармонда.

Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Қирғизистон Республикасининг МДҲга раислиги доирасида амалга оширган ишларини юқори баҳолайди. Россия эстафетани Қирғизистондан олиб, келаси йили раислик қилади.

Владимир Путин икки давлатнинг икки томонлама кун тартибини бой деб атади. Эътибор беришга арзийдиган саналар бор. Аммо, умуман олганда, икки давлат ўртасидаги муносабатлар жуда муваффақиятли ривожланмоқда.

“Биз бу ҳақда анчадан бери гаплашиб келяпмиз. Бугун Қирғизистон Республикасида эканлигимдан хурсандман”, — деди Владимир Путин.

У Россиянинг Қирғизистон иқтисодиётига энг йирик сармоячи эканлигини таъкидлади. Мамлакатга киритилган сармоялар умумий ҳажмининг қарийб 36 фоизи Россия компанияларига тегишлидир. Республикада Россия иштирокидаги 800 та корхона мавжуд.

Икки президент давлатлар орасидаги товар айирбошлаш ҳажмини мисли кўрилмаган даражага, 5 миллиард долларга етказиш ҳақида келишиб олдилар.

Музокаралар натижаларига кўра икки давлат ўртасида 3,5 млрд. долларлик лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди.

Учрашув давомида Путин ҳарбий-техник ҳамкорликка катта эътибор берилганини эътироф этди. Ўзаро битимга кўра икки давлатнинг ҳарбий-ҳаводан ҳимояланиш тизими бирлаштирилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2023 йилнинг мартида Гаагадаги Халқаро жиноий суд Украинага қарши ҳарбий жиноятлари учун Путинни қамоққа олиш бўйича ордер чиқарган. Бу агар Путин Рим статутини ратификация қилган давлатга борса, қўлга олиниши кераклигини билдиради.

Халқаро жиноий суднинг ваколатларини Европа Иттифоқидаги давлатлар, Жанубий Африка, айрим Африка давлатлари ва Афғонистонни қўшганда 123 давлат тан олган. Рим статутига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Исроил, Туркия ва Эрон қўл қўйган эмас.

Қирғизистон Рим статутига 1998 йилнинг 8 декабрида қўл қўйган, аммо ратификациядан ўтказган эмас.

Бугун Бишкекка Беларус президенти Александр Лукашенко ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевлар ҳам етиб келишди. Уларни ҳам «Манас» халқаро аэропортида Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров кутиб олди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг