Тошкентдаги портлаш: Бир ўсмир ҳалок бўлиб, юздан ортиқ одам яраланди

Портлашнинг самолёт қулаши оқибатида юзагани келгани ҳақидаги миш-мишлар расман рад этилди.

Тошкентнинг Сирғали туманидаги «Қурувчилар» даҳасида жойлашган омборхонада портлаш юз бериб, унинг натижасида 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлди ва 163 киши жароҳатланди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ярадорлардан 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиалига ҳамда бошқа тиббий муассасаларга ётқизилди. Улар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ, ҳаммасининг саломатлиги қониқарли. Қолган 138 жабрланувчига амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган.

Бахтга қарши, ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир мактаб ўқувчиси бола воқеа жойида вафот этган. Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, унинг устига дераза роми қулаб тушган.

Фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талофатни бартараф этиш ва жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов ҳодиса оқибатида 600га яқин хонадонга зарар етганини маълум қилди.  Ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 мактаб ва 2 бола боғчалари биноларининг олд қисми ва дераза-ромларига зарар етган.
Шаҳар ҳокимлиги қисқа муддат ичида турар жойлар тикланишини маълум қилди. Шавкат Умурзоқов портлашда жабрланган уй эгаларига етказилган зарар икки-уч кун ичида қопланишини ҳам ваъда қилди.

Жабрланган аҳолининг муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида 1205 қисқа рақамли ишонч телефони ташкил этилди.

Портлаган омборхона Inter Logistics ишхонасига қарашли экани маълум бўлди. У ерда 28 сентябрь куни соат 02:43 кучли портлаш юз берган. Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг хабар беришича, портлашга кучли чақнаш сабаб бўлган. Портлаш ортидан ёнғин чиққан.

Портлашдан сўнг интернетда унга алоқадор видеолар тарқатилиб, гёки бунга самолёт қулаши сабаб бўлгани айтила бошлади. ФВВ ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабарни рад этди.

Мудофаа вазирлиги портлаш оқибатларини бартараф этиш ва ҳудудни тозалаш ишларига Тошкент ҳарбий округи, Қуролли кучлар академияси ҳамда қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг мингга яқин ҳарбий хизматчиси жалб қилганини маълум қилди.

Оқбура, Тошкент.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг