Совчилар кўпайди: Марказий Осиё давлатларини яна бир саммитга таклиф қилишди

Бу сафар минтақанинг беш давлати раҳбарлари Германия раҳбарияти билан учрашишади.

Жорий йилнинг 29-сентябрида Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Берлинда Марказий Осиё давлатлари президентлари билан учрашади. Бу ҳақда маълумот Федерал президентнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган.

Маълумотга кўра, Штайнмайернинг Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Қирғизистон президенти – Садир Жапаров, Тожикистон президенти – Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти – Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан мулоқот қилиши кутилмоқда.

Учрашув ва қўшма суратга олиш маросими Германия Федерал президентининг расмий қароргоҳи – Беллевю саройида бўлиб ўтиши ҳам айaтилган. Маълумки, Германияда президентнинг амалий ваколатлари канцлерникига нисбатан анча чекланган. Шу сабабдан бу саммитда канцер Олаф Шольц билан учрашиш муҳимроқ аҳамият касб этади.

Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиев президент Садир Жапаровнинг Германияга айнан Федерал канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан “ГФР – Марказий Осиё” саммитида иштирок этишучун боришини маълум қилди.

Хабарга кўра, Жапаров канцлер Олаф Шольц билан ҳам икки томонлама музокаралар ўтказади, унда Қирғизистон-Германия ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, экология ва иқлим ўзгариши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташриф доирасида Садир Жапаровнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал президенти Штайнмайер ва “Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси” ишбилармонлар уюшмаси аъзолари билан учрашуви ҳам режалаштирилгани айтилади.

Европа Иттифоқида етакчи ўринга эга бўлган Германия ташкилотнинг Марказий Осиё  бўйича стратегияси ва “Глобал дарвоза” номли янги ташаббуси маллифи. Шу ташаббуслар доирасида энди Берлин Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан “5+1” форматида мулоқот қилиш платформасини ҳам ишга туширди.

Мутахассислар Германиянинг Марказий Осиёдан ресурслар олишдан манфаатдорлиги, айни пайтда унинг манфаатлари АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Япониянинг минтақадаги манфаатларига тўғри келмаслигини айтишади. Бироқ АҚШ етакчилигидаги Ғарб давлатлари Марказий Осиё давлатлари ва Москва ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни максимал даражада қисқартиришга, шунингдек, Хитой билан ўзаро муносабатларда мўътадиллик намоён бўлишига эришиш борасида биргалашиб ҳаракат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Штайнмайер июн ойида Қирғизистон ва Қозоғистонга ташриф буюрган эди. Ана шу ташрифдан кейин у Германиянинг Марказий Осиё давлатлари билан яқин ҳамкорликка тайёр эканини билдирган.

Охирги 1-2 йил ичида дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро бирикмалари Марказий Осиё минтақасига эътиборларини кучайтирдилар. Маълумки, бунгача бу ҳудуд Россиянинг таъсир доираси сифатида тан олиниб келарди. Афтидан бу тартиб энди ўзгарадиганга ўхшайди. Бунга ишора сифатида турли даватларнинг минтақа давлатлари билан ўтказган саммитларини кўрсатиш мумкин.

Бундай саммитларнинг сўнггиси яқиндагина, 19-сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган эди. Унда АҚШ раҳбари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларини қабул қилиб президенти Жо Байден саммитни “тарихий лаҳза” деб баҳолаган. Саммит натижалари ҳақида батафсил маълумот берилмади, президентлар эса на саммит олдидан, на ундан кейин журналистлар билан учрашмадилар. C5+1 саммитида АҚШ президентининг шахсан иштирок этиши уюшманинг янги босқичга кўтарилаётганидан дарак бериши мумкин.

Кузатувчилар, Вашингтоннинг ушбу саммит орқали Марказий Осиё давлатларига эътиборини кучайтираётганини намоён қилаётганини айтмоқдалар. Бу эса минтақа давлатларини ўзига стратегик ҳамкор билган Россия учун яна бир жиддий белги бўлиб қолиши керак.

Шундан сўнг расмий Токио 2024-йилда “Марказий Осиё – Япония” форматида саммит ўтказиш ташаббусини эълон қилди.

Маълумки, бунгача беш давлат раҳбарлари билан бунгача Европа Иттифоқи, Араб давлатлари, Ҳиндистон ва Хитой ҳам мана шундай тартибда учрашувлар ўтказишган. Албатта, минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишга интилаётган Россия ҳам бундай учрашувни ўтказмай қолмади. Сўнгги пайтда Россия президенти Владимир Путин минтақа давлатлари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, унинг 15 октябрда Бишкекка келиши кутилмоқда.

Лекин Украинадаги уруш, унинг оқибатида дунёнинг илғор давлатлари киритган санкциялар туфайли Россиянинг минтақага таъсири камайиб боряпти. Шундай вазиятда Россия расмий доираларида минтақа давлатлари ҳақида бу давлатлар нуфузига путур етказувчи, баъзида очиқча камситувчи гаплар айтилиб келаётгани қизиқ. Бу ҳолатлар минтақа давлатларининг бошқа давлатлар ва давлатлар иттифоқи (масалан, ЕС) билан алоқаларни мустаҳкамлашга туртмоқда.

Минтақа давлатлари учун бугун энг муҳим масала – тарих инъом этган бу имкониятлардан биргаликда, ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда оқилона фойдаланиб қолишдан иборат.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг