Июн воқеалари. Кароматхон Абдуллаеванинг ҳукми ўзгаришсиз қолди

Шунча йил ўтиб ҳам фожиали июн воқеаларига расмий муносабат ҳали-бери ўзгармайдиган кўринади.

Қирғизистон Олий суди 2010 йилги июн воқеалари бўйича сиртдан 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Кароматхон Абдуллаевага нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. 24.kg агентлиги ўзининг манбаларига таяниб маълум қилган бу хабарни бизнинг манбаларимиз ҳам тасдиқлашди.

Эслатиб ўтамиз, қидирувда юрган Кароматхон Абдуллаева жорий йилнинг 22 апрелида Ўшга ўз ихтиёри билан келишга қарор қилган. Чунки, ёши 73га бориб қолган аёл шу кунгача ўзини айбдор ҳис қилмаган ва бу ҳақда доимий равишда айтиб келган эди. Ўша куниёқ қамоққа олинган аёл, тез орада 10 йилча аввал ўзига сиртдан чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун турмага юборилган.

Судланган аёлнинг адвокати Ўш шаҳар ва вилоят судлари ҳукми устидан кассация шикояти берган.

“Бироқ, Олий суд икки қуйи инстанция судининг ҳукмларини ўз кучида қолдирди. Қарор якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас. Кароматхон Абдуллаева Степной қишлоғидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида. У 16 йиллик қамоқ жазосини ўтайди. У айбдор деб топилган жиноят учун даъво муддати йўқ”, – дейилган таҳририятга.

Кароматхон Абдуллаева 2010 йилги қонли воқеаларнинг фаол ташкилотчиларидан бири сифатидаги айблов билан 2014 йилда сиртдан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган ва мамлакатдан ташқарида бўлгани сабабли Интерпол тизимида қидирувга берилган эди.

Аммо Кароматхон Абдуллаева ва унинг яқинлари бу айбловлар ва суд ҳукмининг асоссиз уйдирма эканини айтиб, иложсизликдан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини айтиб келади. Абдуллаева июн воқеаларидан кейин анча вақтгача бу воқеалар ва расмий ҳукуматнинг унга берган баҳоси, ноҳақ қамалган фуқаролар ҳақида баёнотлар бериб келган.

Фактларга мурожаат қилак, машъум июн воқеалари бошланганда Абдуллаева ҳатто Қирғизистонда ҳам бўлган эмас. У 9 июн куни Туркиядаги бизнес ишлари важидан Тошкент орқали Истанбулга учиб кетган ва Ўшдаги аҳволни эшитиб, 12 июнь куни Тошкентга қайтиб келган. Ўшга киришга қилган ҳаракати натижа бермаган, чунки чегаралар ёпиқ бўлган.

Сўнгра Ўшдаги танишлари ва ҳамкасблари унга шаҳарда фожиали воқеалар, қонунсизликлар бўлаётганини айтишиб, унга Ўшга келмай туришни маслаҳат беришган.

Каромат Абдуллаева узоқ йиллар давомида Қирғизистон аёллар Конгресси президенти ўринбосари ва Ўзбек миллий-маданий маркази фаоли сифатида фаолият кўрсатиб, қирғиз ҳукумати раҳбарияти томонидан турли мукофотлар билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилдаги апрель инқилоби деб аталмиш давлат тўнтаришидан кейин, мамлакатда бошқарувни Муваққат ҳукумат ўз қўлига олган. Нўноқ бошқарув ва сиёсий курашлар натижасида фитна уюштирилиб, ўша йилнинг ёзида Қирғизистон жанубида миллатлараро можаро келтириб чиқарилган.

Расмий хабарларга кўра қирғизлар ва ўзбеклар иштирокидаги жанжалда 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Минглаб одамлар яраланиб, Ўшдаги минглаб уйлар ва ишхоналар ва бошқа мулк таланиб, уларга ўт қўйилган. Олтмишга яқин одам бедарак йўқолган бўлиб, улардан 15 нафари ҳалигача топилмаган.

Энг аянчлиси, бу воқеалар бўйича тергов ва суд бир томонлама олиб борилиб, воқеаларда кўпроқ жабр тортганлар ўзбеклар бўлишига қарамай, жиноий жавобгарликка тортилиб, узоқ муддатга ёки умрбод қамалганлар ҳам асосан ўзбеклар бўлди.

Адвокатларнинг эътироф этишларича, Кароматхон Абдуллаеванинг ишини қайта кўриб чиқиш ва уни озод қилиш, жилла бўлмаса жазосини енгиллаштириш учун асослар етарли эди. Лекин одил судловга бўлган ишонч оқланмади.

Бугунги кунда июн воқеалари бўйича 2010 йилги Муваққат ҳукуматнинг бир қатор аъзолари устидан суд жараёни бормоқда. Улар орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам бор. Уларнинг ҳаммасига суд олдидан даъво қилиш муддати ўтиб кетгани сабабли ишни қаровсиз қолдириш имконидан фойдаланиш таклиф қилинди. Лекин улар, жумладан Атамбаев ҳам бунга рози бўлишмади.

Аслида давлат бошида турганлардан талаб қаттиқроқ бўлиши керак эди, уларга эса, ишни қаровсиз қолдириш имкони берилди. Шу вақтнинг ўзида айби тўла исботланмаган, бир пайтлар Қирғизистоннинг илҳор ва фаол аёллари қаторида юрган, кўплаб давлат ва ҳукумат мукофотлари билан тақдирланган 73 ёшли аёлнинг иши бўйича ҳукм ўз кучида қолдирилди.

Энди Кароматхон Абдуллаеванинг жазони тўла ўтишига тўғри келса, у салкам 90 ёшигача қамоқхонада ўтириши лозим бўлади. Бу эса, деярли умрбод қамоқ жазоси деган гап.

Воқеалар ривожи кўрсатиб турибдики, Қирғизистонда аллақачон июн воқеалари бўйича афви умумий эълон қилиш ва ўша кунни уммумиллий кечириш ва бирдамлик куни деб эълон қилиш вақти келди. Умид қиламизки, яқин вақт ичида бу воқеаларга муносабат адолат нуқтаи назаридан ўзгаради ва сохта айблов ва босилган тамғалар олиб ташланади, кўплаган ноҳақ судлов қурбонлари эса озодликка чиқадилар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг