Элликка эллик: Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўзаро турист алмашуви деярли бир хил

Ўзбекистонлик сайёҳлар орасида Қирғизистон йўналиши тобора оммалашиб боряпти.

Ўзбекистонлик сайёҳлар орасида машҳурлик бўйича Қирғизистон биринчи ўринда туради. Бу ҳақда Ўзбекистон Статистика агентлиги матбуот маркази хабар берди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистоннинг 1,6 миллион фуқароси туризм мақсадида хорижга чиққан. Кўпинча ўзбекистонликлар МДҲ давлатларига боришган бўлса, улардан 650,7 минг сайёҳ Қирғизистонга келган. Иккинчи ўринда Тожикистон бўлиб, бу давлатга кўрсатилган даврда 422 минг ўзбекистонлик ташриф буюрган.

Рақамлар кўрсатиб турганидек, Ўзбекистонга ҳам бу давлатлардан кўп меҳмон боради. Бунинг сабаби, қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларининг ҳар биридаги Ўзбекистонга чегарадош бўлган ҳудудларда миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Ва аксинча, Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида ҳам юз минглаб тожик, қирғиз ва қозоқ миллати вакиллари яшашади.

Статистика агентлиги Ўзбекистонга январь-май ойларида 2,6 млн. нафар сайёҳ келгани, уларнинг энг кўпи Марказий Осиё давлатлари ва Россиядан эканини маълум қилди. Масалан, кўрсатилган даврда келган сайёҳларнинг 649,5 минг нафари қирғизистонлик меҳмонлар бўлган. Яъни, Ўзбекистонда Қирғизистонга, Қирғизистондан Ўзбекистонга келиб кетаётган меҳмонлар сони деярли бир хил.

Шу сабабдан сайёҳларнинг 2,1 млн. нафари (81,5%) мамлакатга пиёда келгани ажабланарли ҳол эмас. Улар асосан қариндошларини йўқлаш учун келганлар бўлиб, чегара постларидан пиёда ўтишган.

Қўшни ўзбекистонликларнинг Қирғизистонга кўп келишининг асосий сабабларидан бири, қариндошлик ришталари бўлса, нисбатан иссиқ бўлган Ўзбекистон фуқаролари ёз ойларида Қирғизистоннинг тоғли ва баҳаво жойларида салқинлашади. Сўнгги йилларда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Иссиқкўлга ҳам кела бошлашди.

Бунга Қирғизистон – Ўзбекистон ўртасидаги чегара постларининг очилиши ва чегара бекатларидаги фуқароларнинг ўтишлари учун яратилган қулайликлар, ўзаро борди-келдиларнинг енгиллаштирилиши сабаб бўлмоқда. Жумладан, яқин орада икки давлат ўртасида ички паспортлар билан келиб кетиш масаласи ҳал бўлиши кутилмоқда. Тегишли битимларга қўл қўйилган, ҳозир чегара постларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш масаласи ҳал қилинмоқда.

Ёз мавсумида доимий равишда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳаво, темирйўл ва автобус транспортлари қатнови йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кунда қирғиз-ўзбек чегарасида ўнга яқин чегара постлари ишламоқда. Улар – Жалолобод вилоятидаги “Маданият” ва “Баймақ”, Ўш вилоятидаги “Дўстуқ”, Боткен вилоятидаги “Қизилқия”, “Қадамжой”, “Қайтмас”, “Оққия”, “Ўтикчи” ҳамда “Чечме” автойўлига эга бўлган чегара постларидир.

Бугунги кунда ҳам икки давлат ўртасида борди-келдиларни фаоллаштириш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Ҳафта бошида Ўш шаҳрига  қўшни Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг туризм бошқармалари етакчилари, сайёҳлик операторлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари келишди.

Ўш шаҳар мэрияси матбуот хизматининг билдиришича, меҳмонлар туризм соҳасида маълумот алмашиш ва Ўш шаҳри ва вилоятининг туристик салоҳияти билан танишиш мақсадида 2 кунлик иш сафари билан келишган.

“Мундуз Турист” сайёҳлик компанияси томонидан тузилган дастур бўйича, меҳмонлар Ўш шаҳри ва Ўш вилоятининг Олай ҳудудларининг сайёҳлик муассасалари, гўзал табиати билан танишишди.

Келган меҳмонларни кутиб олган Ўш вилояти ва шаҳри ҳокимияти вакиллари улар билан  туризм тармоғида бажарилган ишлар, бу соҳадаги алоқаларни ривожлантириш йўллари ҳақида суҳбатлашишди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг