“Ўқланган” бананлар: Россияда йирик ўлчамдаги кокаин контрабандаси олди олинди

Бағрида 50 килограмм ўлим элтувчи оғуни яширган бананлар Ўзбекистонга жўнатилаётган эди.

Россия Федерациясининг Федерал божхона хизмати берган хабарга кўра, Санкт-Петербург денгиз портида божхона ходимлари бананлар орасига жойлаштирилган 50 килограмм ўлчамдаги кокаинни топишди.

Маълумотлар айтилишича, оммабоп мевалар солинган юклар Африка давлатларидан Европа орқали Ўзбекистонга турли денгиз кемалари орқали келаётган бўлган. Наркотик моддалар божхоначилар томонидан контейнерни сканерлаш чоғида аниқланган. 

Контрабанда махсус ўрамларда, музлаткичли контейнерлардан бирининг қобиғига жойлаштирилгани аниқланди. Текширув натижасида плёнкага қадоқланиб, оқ кукун кўринишидаги моддалар солинган 50 дона брикет топилган. Экспертиза уларнинг гиёҳвандлик моддаси (кокаин) эканини тасдиқланган.

Топилган оғунинг умумий қиймати 5,3 миллион доллардан ортиқроқ деб баҳоланган. Ушбу факт юзасидан Россия қонунларига кўра “Гиёҳвандлик воситалари контрабандаси” моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Унинг қаерда юклар орасига кириб қолгани ҳозирча ноъмалум. Гиёҳванд моддаларга қарши курашувчи Халқаро ташкилотларнинг берган маълумотларига кўра, кокаин моддаси асосан Лотин Америкаси давлатларида ишлаб чиқарилади. Унинг асосий қисми АҚШ ва бир қисми Европага ва у орқали Россияга жўнатилади.

Жаҳон бўйлаб тарқаладиган гиёҳванд моддаларнинг яна бир оғир тури бўлган героиннинг 80 фоизи Афғонистонда ишлаб чиқарилади. Унинг жаҳон бўйлаб тарқалиши қисман Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон орқали Россияга олиб ўтувчи “гиёҳванд моддалар сўқмоғи” орқали амалга оширилади. Йилига 35 минг тоннани ташкил қилган бу “афғон ўлим дориси”нинг 90 фоизи Россияда қолади.

Умуман жаҳонда ишлаб чиқариладиган героиннинг бешдан бир қисми Россияда истеъмол қилинади. Бу ерда 2-2,5 миллион нафар атрофида гиёҳванд бор, йилига 30-40 минг киши мана шу оғудан ўлади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг