Риштонга ташриф: Ватандошлар билан алоқалар кучаймоқда
Қирғизистон ўзбек жамоатчилиги вакиллари Фарғона вилоятида меҳмонда бўлишди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошида тузилган «Ватандошлар» жамоатчилик фонди ташаббуси билан Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий маданий маркази фаолларидан иборат делегация Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Риштон туманидаги “Мингбоши керамик” оилавий корхонасида бўлиб, кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариши билан танишдилар. Ўзаро мулоқотда томонлар қирғиз ва ўзбек халқлари ва чегаранинг икки томонидаги ўзбек миллати вакиллари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик азалдан қадрланиб келинаётгани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
«Ватандошлар»нинг асосий мақсадларидан бири – хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби, онгида мана шу юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзлигини сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
«Ватандошлар» жамоатчилик фонди томонидан Қирғизистон делегациясига ўзбек тилидаги бадиий адабиётлар, ҳунармандчилик буюмлари ва ўзбек миллий чолғу асбобларидан дутор, рубоб, най ва доиралар тақдим этилди.
Делегация таркибида “Ватандошлар” жамоат фонди бошқарув раиси Одилжон Сатторов, “Ўзбекистон” телерадиоканали катта муҳаррири Бектош Азимов, Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий маданий маркази Жанубий минтақа бўйича раиси Одилжон Отажонов, Боткен давлат университети профессори, тарих фанлари номзоди Абдунаби Қадиров, Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги Ўзбек миллий маданият маркази раҳбари Анваржон Разақбердиев, Раззоқов (собиқ Исфана) шаҳри депутати Маъмиржон Узоқов, иқтидорли шоир Бобомурод Раҳматуллаев, тарихнавис ёзувчи Одилжон Дадажонов ва бошқалар иштирок этдилар.
Оқбура, Бишкек