Сингапурда Шавкат Мирзиёевнинг орхидеяси очилди

Муддати қисқартирилган давлат ташрифи чоғида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни давлат ташрифи билан Сингапурга борди. У ерда меҳмон давлат президенти Ҳалима Яқуб ва бош вазир Ли Сянь Лун билан музокаралар ўтказган. Бундан ташқари икки давлат ҳукуматлари ўртасида ҳам самарали музокаралар ўтказилган.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг унинг ҳурматига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига Шавкат Мирзиёевнинг номини беришга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

“Анъанага кўра, президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи – “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” деб ёзилган тахтачани жойлаштирди”, – дейилади матбуот хизмати тарқатган хабарномада.

Хабарда президент номи билан аталувчи янги навдаги орхидея гулларидан Ўзбекистонга олиб келингани ёки йўқлиги ҳақида айтилмаган.

Шундан сўнг икки президентнинг расмий музокаралари давомида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш, таълим соҳасидаги ҳамкорлик каби масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев Сингапур президентини ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган. Ўзбекистон президенти Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун билан ҳам учрашиб, савдо-иқтисодий масалалар юзасидан музокаралар олиб борган.

Учрашувда икки давлат ўртасида инсон капиталини ривожлантириш, давлат бошқаруви соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш, илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш, инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақидаги масалалар муҳокама этилган.

Музокаралар натижаларига кўра, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилган. Улар таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, давлат хизматчи кадрларини тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоқадор.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга ҳам эришилгани айтилади.

Ушбу расмий маросимлардан сшўнг президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтган. Аввал хабар берганимиздек, аслида Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи уч кунга, 16-18 январ кунларига мўлжалланган эди. Лекин Ўзбекистон, хусусан пойтахт Тошкентнинг энергетика ва коммунал тизимларида юзага келган муаммолар туфайли 16 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиш сабабли давлат ташрифи давомийлиги қисқартирилган.

Йиғилиш натижаларига кўра бир қатор раҳбарлар ишдан олиниб, яна бир гуруҳига сўнгги хайфсан берилган. Бир кун аввал эса Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаев ишдан олинган эди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг