Шавкат Мирзиёев: Чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуқ бўлди

Жорий йилнинг декабрида Ўзбекистон раҳбарининг Қирғизистонга расмий ташрифи кутилмоқда.

Олдинда кутилаётган расмий ташриф ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берган. Шавкат Мирзиёевга хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросимида Ўзбекистон раҳбари Қирғизистон элчисига мурожаат қилиб, “эришилган келишувлар асосида чегара масалаларининг ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуқ” бўлганини таъкидлаган.
Маросимда президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея, Жазоир, Қозоғистон ва АҚШ давлатлари билан бир қаторда Қирғизистоннинг янги тайинланган элчиси Муса Жаманбаевдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган.
эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг парламентлари ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омборига тегишли икки қонун лойиҳасини маъқулладилар. Шу билан икки давлат ўртасидаги чегара масалалари узил-кесил ҳал бўлди.
Икки масала хусусидаги келишув охирги кунларгача очиқ эълон қилинмагани сабаб Қирғизистонда мухолафатчи кучлар ва фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик пайдо бўлди. Расмийлар келишув шартларига қарши уюштирилган намойишларда иштирок этган ва интернет тармоғида ўзининг қарши фикрларини очиқ баён этган 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” кўрганликда айблаб ҳибсга олишди.

Бу масала Қирғизистон парламентида ҳам жиддий мунозара ва тортишувларга сабаб бўлган эсада, кўпчилик овоз билан ижобий ҳал бўлди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташриф қилиши ҳақида анчадан бери айтилиб келаётган эди. Зўбекистон раҳбари сўнгги бор Қирғизистонга шу йилнинг июлида, Чўлпонота шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун келган эди.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг