Ўш ўзбек театрининг янги, 105-мавсуми муваффақиятли бошланди

Ижодий жамоа саҳнага олиб чиққан ҳар бир асар давомий қарсакларга сабаб бўлмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри ўзининг 105-мавсумини очиқ деб эълон қилди. Мавсумни очиш тантанаси 2022 йилнинг 21-ноябрида Султан Ибраимов номли Ўш Қирғиз миллий драма театри биносида бўлиб ўтди. Мавсум мухлислар орасида катта олқишларга, баъзан айрим мунозарали фикрларга ҳам сабаб бўлаётган, Соҳибахон Ҳошимова қаламига мансуб «Самарбону » мусиқали драма премьераси билан очилди. Саҳналаштирувчи режиссёр ва қўшиқларини яратган – бастакор Мамиржон Шокиров.

Мавсумнинг очилиши дастуридан театр шинавандаларини ўзига ром этган яна бир спектакль, Рихсивой Муҳаммаджонов асари асосида тайёрланган “Соқов келин” комедияси (режиссёр Равшанбек Турсунов) ҳам ўрин олган. Ўтган йилги мавсумда бу ижтимоий мавзудаги спектакль йилнинг энг чўнтакбоп асарига айланган эди.

Театр директори Аъзамжон Абдураззоқовнинг айтишича, театр биносида кенг реконструкция ишлари олиб борилаётган бир пайтда ихчам жамоа билан спектакль ижодкорлари Ўш ва Жалолобод вилоятларининг энг чекка туманларигача бориб, томоша қўйиб келишди.

“Ижодкорларимиз Арслонбоб, Сузоқ, Бозорқўрғон, Аравон, Чекаобод каби қишлоқ ва шаҳарларнинг маданият уйларида хизматда бўлишди, – дейди театр директори. – Театрими биноси битгунга қадар биз Маданият вазирининг ташаббуси билан ҳар кунлик аюмушимиз, репетицияларимизни Рисбай Абдуқадиров номли Ўш шаҳар филармониясидан олиб боряпмиз. Мавсумни эса Султон Ибраимов номли қирғиз миллий драма театрида очдик. Ҳамкорларимиздан миннатдормиз”.

Абдураззоқовнинг қўшимча қилишича, 105 йиллик тарихга эга бўлган театрнинг янгиланган биноси насиб қилса, баҳорнинг илк ойида очилиши кутилмоқда.

Мавсумнинг сўнгги куни Дилшод Азимов бошчилигидаги мақом ансамблининг катта концерт дастурлари намойиш этилиши режалаштирилган.

«Спектакллар ва концерт дастурини кўришга бутун жамоатчилик жалб қилинган, – дейди театр бош маъмури Барно Исоқова. – Вилоят губернатори, шаҳар мэридан тортиб барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари таклиф қилинди. Ва улар спектаколларимизга фаол келишяпти”.

Жумладан, ўшлик шоира ҳаётидан бир парчани намойиш қиладиган “Самарбону ” мусиқали драмасига Ўш вилоятининг барча ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари жалб қилинди, дейди Исақова. Чунки асар қаҳрамони таниқли шоира бўлиб, спектаклнинг ўзи зўр тарбиявий аҳамиятга эга.

Мавсум очилишида, “Самарбону ” спектакли бошланишидан аввал театрнинг фидокор хизматчиларининг бир гуруҳи республика миқёсидаги “Абдилдабек Сманалиев номидаги диплом” билан театр санъатига қўшган салмоқли хизматлари учун тақдирландилар. Бундай эътироф – ҳаммани, театр ходимларини-ю залдаги томошабинларни ҳам қувонтирди. Эътироф этилганлардан бири Барно Исақова ҳозирда бу ўзбек театрининг миллат учун қанчалар муҳимлигини ўзи адабиётшунос олим бўлгани учун яхши англаган ҳолда, ўн йилларча театрда бош маъмур бўлиб, Қирғизистоннинг жанубидаги ўзбек миллати вакиллари учун ҳозирда ягона зиё тарқатиш даргоҳи бўлган ўзбек театрига мухлисларни фаол жалб қилиб, ҳар бир спектакль ва концертларни маҳорат билан ташкил этиб келмоқда.

“Самарбону” спекталида театрнинг профессионал актёр ва актрисалари ҳар доимгидай ўз ролларини аъло даражада ижро этдилар, мухлислар улар билан давомли қарсаклар садоси остида хайрлашишди. Спектакль томошабинларда турли фикрлар пайдо қилиб, соғлом ва мазмунли баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, Ўш шаҳридаги Тўқтағул номли мактабнинг 11-синф ўқувчиларидан Рухшона ва Мубиналар ўз танқидий фикрларини ҳам айтиб ўтишди.

“Бизга спектаклнинг ижроси ёқди, лекин унинг маъноси унчалик ёқмади. Масалан, бош қаҳрамон Самарбонунинг шоиралиги, ғазаллари ажойиб экан, аммо уйдан қочиб кетиб турмуш қуриб, фарзандли бўлиши ғалати. Ахир бизда “Ота рози – Худо рози”, дейишадику”, дея эътирозларини билдиришди улар.

Театрнинг униб ўсиши, келажакдаги янги парвозлари учун ижобий ва танқидий фикрларнинг барчаси керакли.

Юқори кайфиятда очилган мавсум ҳаммага ёқди. Театр ҳодимларига келган ҳар бир меҳмон ва томошабинлар ижодий жамоасига ижодий парвозлар тиладилар.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг