Россия Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарага доир ҳужжатларни бермоқчи

Россия президенти икки давлатга чегара муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беришини айтиб келаётган эди.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқуловнинг журналистларга берган маълумотига кўра, Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара бўйича муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериш мақсадида Совет давридаги архив ҳужжатларини Қирғизистонга беришга рози бўлди.

“Ўйлайманки, бу муаммо ҳал бўлади, чунки архив ҳужжатлари ва хариталарни Москвада топиш мумкин”, – дейди Иманқулов.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни Остона шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити арафасида Россия президенти Владимир Путин иштирокида Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Путиннинг ташаббуси билан ўтказилиб, Россия раҳбари бунгача икки давлатга чегара муаммоларини ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини айтиб келаётган эди.

Ўзаро суҳбат давомида Садир Жапаров Владимир Путиндан қирғиз-тожик чегараларини аниқлаш ва делимитация қилишда ёрдам беришни сўраган.

Аввалроқ Путин ўз ёрдамини таклиф қилар экан, Россия архивларида собиқ иттифоқ республикалари ўртасидаги чегаралар ҳақида «ишончли» маълумотлар, яъни архив ҳужжатлари бор эканини айтган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара муаммолари Совет Иттифоқи тарқагандан бери давом этиб келади. Ора-чорада чиқиб турадиган сув ёки ер талаш бўйича ўзаро жанжаллар газак олиб бориб, 2021 йилнинг баҳорида ўртада кучли қуролли тўқнашув чиқишига олиб келди. Иккинчи, аввалгисидан ҳам кучлироқ тўқнашув шу йилнинг сентябрида рўй бериб, ҳар икки томондан ўнлаб аскарлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.

Бу қуролли тўқнашувда Тожикистон томон оғир ҳарбий техникани қўллаб, Қирғизистоннинг чегара заставаларидан ташқари аҳоли пунктларини ҳам ўққа тутди. Натижада Қирғизистон томондан 63 киши ҳалок бўлиб, икки юздан ортиқ одам жароҳат олган. Юз мингдан ортиқ фуқаро хавфсиз жойга кўчирилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг