Ўшда тоза сув муаммоси қачон ҳал қилинади?

Ёмғир ёғиши ўшликлар учун тоза ичимлик суви муаммосининг бошланишидан дарак беради.

Қирғизистоннинг иккинчи пойтахти ҳисобланган Ўш шаҳри аҳолиси йиллар давомида тоза сув муаммоси билан яшайди. Афтидан расмийлар бу муаммони ҳали бери хал этишга шошмаётгандек…

Ташвиш келтирувчи ёмғир

Икки фарзанднинг онаси, 33 ёшли Назокат Абдукаримова Ўш шаҳар марказида, ҳовли уйда яшайди. У об-ҳаво ўзгариб, осмонни булут қоплай бошлаганда идишларга тоза сув ғамлашни бошлайди. Биладики, ёмғир ёғиши билан шаҳарда тоза сув тўхтатилади. Сабаби, шаҳар сувни Оқбура дарёси келиб қуйиладиган очиқ ҳавзадан олади. Лойқа сув фойдаланишга яроқсиз эканидан ташқари, сув қувурларига лойқа ўтириб қолса, бу анчагача муаммо туғдиради.

“Ҳар доим ёмғирдан кейин сув тўхташи оддий ҳол. Катта оиламиз, ғамлаган сувимиз ҳам тез тугайди. Идиш, кийимларни ювишга сувимиз етмайди. Ўзимиз, болаларимизни чўмилтиришга қийналамиз”, дейди суҳбатдошим.

Яхшиямки, унинг бахтига беш эшик нари қўшнисининг уйидаги жўмракдан доимий сув оқиб туради. Уйида сув тугаганда дарҳол ўша ерга чиқади. Аммо, оилали аёл учун бу ҳам қийинчилик туғдиради.

“Уйизда сув бўлмаса, қаердан бўлса ҳам ташиб ичишга мажбур бўларкансиз. Баъзида қўшнимизникида ҳам сув тўхтаб қолган пайтлар бўлган. Ўшанда уйимиздан 1,5 – 2 километр узоқликда жойлашган, Алишер Навоий боғидаги булоқдан ҳам пиёда сув олиб келганмиз. Атайин булоққа боргандан кейин, кўпроқ сув олиб келайлик деб, ҳажми каттароқ идиш олганмиз. Унда сувни уйимизга олиб келгунча йўлда чарчаб, адавимизни еганмиз”, дея эслайди Назокат.

Шаҳардаги лицейлардан бирининг ётоқхонасида қолиб ўқийдиган қизи ҳам сув йўқлиги сабаб ўқишига уйидан қатнамоқда. Беш ёшли ўғли борадиган давлат боғчаси ходимлари ҳам ота-оналардан идишларда сув олиб келишларини илтимос қилишмоқда.

Назокат шаҳар ҳокими, тоза сув масаласига масъул расмийлардан тезроқ бу масалани ҳал этишни сўрайди.

“Ўш – аҳолиси бир миллионга яқин катта шаҳар. Туристлар кўп келади. Республиканинг иккинчи маданий пойтахти деб мақтанамиз-у, лекин оддий тоза сувимиз йўқ. Ачинарлиси давлат илм масканлари сувга муҳтож. Расмийларимиз бу муаммони тезроқ ҳал қилишсин”, дейди суҳбатдошим.

Сўнги кунлари Ўш шаҳрида тинимсиз ёққан ёғингарчилик туфайли аҳолига ичимлик сувини бериш 2 кунга вақтинчалик тўхтатилган. Сабаби, ёмғир оқибатида Қўжўкелен қишлоғида сел келиб, Оқбура дарёсидаги сув лойқаланган.

Ўш шаҳри ичимлик сувини очиқ кўлмакдан олгани боис, ёмғир ёққан вақтда сув лойқаланиб, шаҳарликлар тоза сувсиз қолади. Айниқса кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун сувсизлик жиддий қийинчилик туғдиради.

“Сув йўқлиги ҳовли уйда унчалик билинмайди. Айниқса, ҳожатхона масаласида. Зўрға истеъмол учун сув ташиб келамиз, ювиниш у ёқда турсин. Қувурлар ҳидланиб кетади”, дейди кўп қаватли уйда яшовчи Даврон исмли фуқаро.

Ўш шаҳар ҳокимлиги мавзеларга аҳоли учун машиналарда сув етказиб беришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондирмаётганини кўриш мумкин.

Шаҳар марказида жойлашган Алишер Навоий боғидаги булоқдан сув олиш учун одамлар турнақатор навбатга тизилган.

“Кеча Попон қишлоғида кучли ёққан ёмғирдан кейин келган сел оқибатида Оқбура дарёси лойқаланиб, аҳолига сув беришни тўхтатганмиз. Сел тўхтагандан кейин, тунги соат 4да сувни беришни бошлаганимиздан ярим соат ўтмай, яна Ўшда ёмғир ёғиб, Ўзғур қишлоғига сел келди, сув яна лойқаланди. Иложсизликдан сувни яна тўхтатдик. Бироқ, уч кун сув бўлмайди, деган маълумот нотўғри. Худо хоҳласа, ёмғир тўхтаса, ҳар ярим соат сайин сувни текширяпмиз, кечгача сувни берамиз. Шаҳар сув бошқармасининг йигирмадан ортиқ машиналари ва Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги машиналари ишлаяпти. Кимга сув керак бўлса айтинглар, етказиб беришади”, деган шаҳар ҳокими муовини Сонунбек Жунусбаев аҳолига қилган видео мурожаатида.

Ҳақиқатан ҳам, кечга яқин шаҳар мавзеларига бирин-кетин сув берила бошлаган. Бироқ тоза эмас, лойқаланган сув.

Бу орада ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари шаҳарнинг собиқ ва ҳозирги ҳокими, сув масаласига масъул расмийларни танқид остига олиб, уларни жавобгарликка тортиш масаласини ҳам кўтаришган.

“Ўш шаҳрини тоза сув билан таъминлашга пул ажратиб, бироқ уни амалга оширмаган одамлар яқин орада жиноий жавобгарликка тортиласизлар. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, сув масаласидаги порахўрликни тергов қилсангизлар, бу ишга кўп одамлар алоқадор бўлиб чиқади”, дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

“Тоза сувнинг йўқлиги бу халқнинг хавфсизлиги. Хавфсизлик хизмати, прокуратура қараб ўтирмасдан бу ишга алоқадор одамларни жавобгарликка тортинглар. Депутатлар нима қилиб ўтиришибди? Касалхона ва бошқа ижтимоий идоралар қуриб қолди-ку…?” – дейди яна бир фейсбук фойдаланувчиси Гулжан Эшбаева.

“Тўлиқ эмас, 80 фоизга ҳал қиламиз”

Ўш шаҳар ҳокими Алмаз Мамбетов кучли ёмғир ва сел пайтида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига бағишланган матбуот анжуманида режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида айтган.

Унга кўра, Оқбура дарёсининг юқорисидаги сув олиш иншоотини 2,4 километр юқорига кўчириш лойиҳаси тайёрланган. Лойиҳа доирасида мавжуд “Тўғон” сув олиш иншоотидан диаметри 1000 мм бўлган сув қувурини тортиш режалаштирилган.

“Бу лойиҳа кучли ёмғир ва сув тошқини пайтида фуқароларни тоза сув билан таъминлаш масаласини 75-80 фоизга ҳал қилади. Лойиҳа Вазирлар маҳкамаси томонидан рағбатлантирилиб, тегишли лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди”, – деган ҳоким Мамбетов.

Лойиҳа қиймати 3 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, унга Осиё тараққиёт банки грант асосида пул ажратади. Ҳозирда техник ҳужжатлар тайёрланмоқда, бу ишларни бажариш учун июл ойида тендер эълон қилиниши кутилмоқда.

Алмаз Мамбетов, шунингдек, сувни мембранали тозалашни жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилаётганини таъкидлаган. Бу лойқалик кучайган даврда тозалаш тезлигини оширади. Ушбу технология Боку шаҳрида фаол қўлланилмоқда. Масалани жойида батафсил ўрганиш учун тегишли мутахассислар Бокуга юборилади.

“Шунингдек, ушбу технология Қозоғистонда кичик ҳажмларда қўлланилади. Бу технологияни Ўшда тажриба-синовий тарзда жорий этиш режалаштирилган. Агар у ўзини оқласа, биз уни кенг миқёсда амалга оширамиз”, дея қўшимча қилади шаҳар ҳокими.

Бунгача Ўш шаҳар ҳокимияти сув таъминоти масаласини бир неча бор ҳал қилишга уринган. 2008 йили “Каналости сув ўтказгичи” лойиҳаси амалга оширилган. Бунинг учун шаҳар бюджетидан 24 миллион сўм ажратилган. Сифатсиз материаллардан фойдаланганлиги сабабли лойиҳа муваффақиятсиз якунланган. Айбдорларнинг жазога тортилгани ҳақида маълумот йўқ.

Иккинчи лойиҳа филтрлаш галереясини қуриш билан боғлиқ бўлиб, унга Осиё тараққиёт банки 1,7 миллион доллар ажратган. У лойиҳа ҳам тўлиқ амалга оширилмаган. Бугунги кунда мазкур иш судда кўриб чиқилмоқда.

2018-2021 йиллар оралиғида Ўш шаҳри мэри бўлиб ишлаган, ҳозир эса парламент депутати Таалайбек Сарибашов йиғинда тоза сув лойиҳаси учун ажратилган пул ҳануз берилмаётганини айтган.

“Осиё тараққиёт банкининг 3 миллион долларлик тоза сув лойиҳаси парламент томонидан ратификация қилинган. Пул ғазнада турибди… Пулни имкон қадар тезроқ ажратиш керак, жанубий пойтахт аҳолиси жуда таажжубда. Ҳамма нарсанинг чегараси бор”, деган Сарибашов.

“Интербилим” нодавлат ташкилотининг Ўш вилояти бўйича координатори Гулғақи Мамасалиева аҳолини оммавий равишда сув етказиб берувчиларни судга беришга даъват этади.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун доирасида судга мурожаат қилишни таклиф қиламан. Зиёнимизни қоплаб беришсин!”, дейди фаол.

Шунингдек, у шаҳар сув таъминоти корхонаси аҳолидан, сув берилмаган кунлари учун тўлов олмаслиги кераклигини эслатади.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг