Қош қўяман деб… Масжид биносини бузганларга қарши жиноий иш қўзғалди

Фарғона вилояти расмийлари тарихий бинонинг эскирганлигини рўкач қилиб, уни қайта қуришга қарор қилгандилар.

Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” масжидининг тарихий биноси бузилиши юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармасининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурасидан хабар қилишган.

Жиноий иш “Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш” ва “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” моддалари билан очилган.

Бу ҳақда centralasian.org сайти берган хабарга кўра, Фарғона вилояти расмийлари қурилганига камида 100 йил бўлган масжидни қайта қуришга сабаб бино деворларининг ёрилиб, пойдевори чўкиб кетгани ҳамда бино томининг ибодат пайтида қулаб тушиш хавфи пайдо бўлганини айтишган.

Бунгача вилояти ҳокимлигида “техник жиҳатдан бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли бузиб, қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилгани” ҳамда бу ҳақда тегишли идоралар экспертларининг хулосаси олинганини маълум қилишган эди.

“Эски масжид пештоқидаги ёғоч ўймакорлик нақшлари реставраторлар томонидан доимий амалиёт усулида рақамлар билан белгиланиб кўчириб олинган ҳамда сақлаш учун олиб қўйилган. Янги масжид биносининг айвони айни ўлчамларда барпо этилмоқда, унинг пештоқига эски масжиддан кўчириб олинган нақшлар ўрнатилади”, дейилади ҳокимлик хабарномасида.

Шундан сўнг Маданий мерос агентлиги масжиднинг бузилиши юзасидан ўзнинг рад этувчи хулосасини эълон қилган.

“Бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмагани, янги ва эски биноларнинг бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмагани ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган”, дейилади агентлик хабарномасида.

Охир-оқибат масжиднинг бузилишига оид ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага йўлланган эди.

Оқбура, Бишкек

Суратда: масжиднинг эски биноси

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг