ҚАДРИЯТ 

ЎШДАГИ БИР КЎЧА ТАРИХИ

Ўш шаҳри уч минг йилдан ортиқ тарихи давомида қандай воқеа-ҳодисаларни бошдан кечирмаган дейсиз? Уч минг йил нарини қўйинг, икки минг йил, ёки беш-олти юз йил аввал бу масканда ҳаёт қандай бўлган, одамлар қанақа турмуш кечирган – буларни бугун ким билади? “Ҳудудул олам” каби китоблардаги узуқ-юлуқ маълумотларгина қўлимизда бор, холос. Масалан, ўн беш аср муқаддам ҳам Ўшликлар ўзбек-туркий тилда сўзлашганми ё сўғдий забондами? Бугунги “миллий фахрланиш” даъволарини қўйиб туриб, холисона баҳо бера оламизми бунга? Ахир, Ўшдаги эски жой номлари сўғд тилида-ку! Ана қаранг, Жўпас, Подовон, Увом, Шамшод, Мўян… Дарвоқе, Бухородаги Мўлиён канали билан Мўян каналининг номи (Мўлиён – Мўян) бир асосдан эмасмикин? Дарвозаи об, дарвозаи муғ, Дарвозаи кўҳ деган дарвозалар бўлган Ўшда минг йилча аввал.

Асрлар алмашгани сари, нафақат авлодлар, балки этник гуруҳлар ҳам янгилана борган. “Мангу шаҳар” деб таърифланадиган Римнинг тенгдоши Ўш ўзи қола берган. Икки юз йилча аввал уйғурларнинг Қашқар томонлардан кўчиб келиб, Ўш ва унинг теварак-атрофида яшаб қолишганини бироз биламиз. Кўчманчилик турмушига барҳам берган лўлилар эса Ўш этагига ХХ аср ўрталарида, аниқроғи 1953 йилда кўчиб келишганини ҳам ҳамма билавермайди. 1944 йил охирида Грузиядан депорация қилиниб, Ўрта Осиёга, жумладан Ўш шаҳрига кўчиб келиб яшашган, бироқ эллик йилча вақт ўтиб, яна азми сафар қилган месхети туркларини-чи?

Ўшда Тожиккўча деган кўча бор, ҳамма билади. Демак, бу кўчада илгари тожиклар яшаган, уларнинг авлодлари эса бугун тамоман ўзбеклашиб Ўшлик бўлиб кетишган. Хўш, бу тожиклар кимлар, қаердан келишган?

Қуйида ана шу Тожиккўча тарихи ҳақида баъзи маълумотларни тақдим қилиш ниятидамиз.

Тожиккўчанинг тарихи Бадахшон ва Афғонистонга боғланади.

*     *     *

1880 йил ёзда Абдураҳмонхон Афғонистонга амир бўлди, Англия қироличаси Виктория томонидан ушбу мамлакат раҳбари сифатида тан олинди. Инглизлар ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишдан олдин Абдураҳмонхонга ташқи сиёсатда Англия кўрсатмаларига амал қилиш мажбуриятини юкладилар. Афғон тахтига даъвогарлардан бири Аюбхонни қочишга мажбур қилгач, Абдураҳмонхон инглизлар топшириғи билан Помирнинг ғарбий ҳудудларини эгаллашга киришди. Бунинг учун амир Шуғнон, Ишкашим ва Вахоннинг ички ишларига бевосита аралашишга баҳона излади. Рус география жамияти ва Ботаника боғи топшириғи билан келган рус шифокори ботаник олими Альберт Регелнинг ушбу жойларга ташрифи бунинг учун энг қулай баҳонага айланди.

1882 йилда Балжувон беги ҳузурида қисқа муддат бўлганидан сўнг, Регель Шуғнон шоҳи Юсуф Алихонга хат юбориб, гербарий йиғиш учун мамлакатга ташриф буюришга ижозат сўради. Шоҳ бунга рози эканини, аммо бу ҳақда афғон ҳукуматини хабардор қилиши кераклигини айтди. Ўша йилнинг ёзида Регель Қалъаи Барпанж қишлоғига етиб келди.

Шоҳдара ва Ғунд билан танишгач, рус ботаниги Панжнинг юқори оқими бўйлаб, Бадахшоннинг Ғорон деган жойига қараб ҳаракатланди. Ғороннинг биринчи қишлоғи Шаҳбағга етиб келган Регель афғон кон назоратчиси томонидан жуда совуқ кутиб олинди.

«1883 йил январида Қалъаи Барпанжга қайтиб келганимдан сўнг, у ерга афғон зобити, яна бир амалдор ва 12 нафар аскар келди, – деб ёзган эди олим кундалигида. – Улар менинг қайси ёқдан келган бўлсам, ўша йўналиш бўйлаб орқага қайтишимни талаб қилишди».

Афғон вакиллари ва Регель ўртасида келишмовчилик келиб чиқди, бу эса Шуғнон шоҳи Юсуф Алихоннинг аҳволини жуда оғирлаштирди. Афғонлар унга янада шубҳа билан қарай бошлашди. Помир аҳолиси эса, аксинча, Регельга жуда самимий муносабатда бўлди. Рус олими Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Ивановга ёзган хатида Шуғноннинг Афғонистонга қарамлиги юзаки эканини маълум қилди. Шуғнон шоҳи Юсуф Али бир неча бор Бухорога Шуғнонни ўз фуқаролигига қабул қилишни сўраб мурожаат қилган эди.

Бу орада Афғонистоннинг Шуғнон томонга таъсири кундан-кунга кучайиб борди. Регель билан дўстлашгани ва рус фуқаролигини қабул қилиш истагини билдирган дўстона хати учун жазо сифатида амир Абдураҳмонхон шоҳнинг оиласини Қобулга чақиртириб олди, ўзини эса ўлдиртирди.

Регелнинг Помирда бўлиши ва маҳаллий аҳолининг унга хайрихоҳлиги тажовузкор сиёсат юритаётган инглиз мустамлакачи ҳукуматига ҳам, Афғонистон ҳукмдорларига ҳам ёқмади. Бунинг устига, афғон шоҳлари исмоилийларни қул қилиб сотар эдилар. Уларнинг бахтсиз тақдири ҳақида рус археологи Алексей Бобринский шундай деб ёзган эди: эркаклар сотувга қўллари боғлиқ, аёллар эса сочлари кесилган ҳолда олиб борилган. Нарх қуйидагича эди: чол – 5 рубль, ёш йигит – 50 рубль, гўзал қиз – 100 рубль.

Шуғнон ва Рўшон Абдураҳмонхон қўшинлари томонидан эгаллангунга қадар, бу ерда Юсуф Алишоҳ бошчилигидаги феодал юқори табақа билан руҳонийлар ўртасида кескин ички низо мавжуд эди. Бу ҳудудни бўйсундириш учун Бадахшон мири Абдуллахон у ерга Пурдилхон бошчилигидаги ҳарбий отрядни юборди. Шуғнонга келгач, Пурдилхон Юсуф Алишоҳдан тезда Бадахшонга жўнашни талаб қилди. Бироқ Шуғнон ҳукмдори Бадахшондаги тақдирини олдиндан сезиб, бундан бош тортди.

Аммо Шуғноннинг аъёнлари уни кўндиришга муваффақ бўлишди. Шом намозидан сўнг Юсуф Алишоҳ ўз яқинлари, маҳаллий оқсоқоллар ва катталар билан Барпанж қалъасидан чиқиб, Файзободга – Жаҳондоршоҳнинг вориси мир Абдуллахон ҳузурига йўл олди. Сардор Абдуллахон уни кишанлаб, Қобулга юборди. У ерда унга бир қатор айбловлар, жумладан, рус шифокори билан дўстлашгани айби ҳам қўйилди. Афғон амири Шуғнондаги бутун ҳокимиятни янги хон – Муҳаммад Ферузга топширди.

Муҳаммад Феруз амирнинг сиёсатини такрорлаган ҳолда мол-мулкни мусодара қилиш ва унга ўз ихтиёри билан бўйсунишни хоҳламаганларни жазолаш учун Шуғноннинг ҳамма ерига ўз агентларини жўнатди. Бу вақтда Шуғнон ва Рўшон эли ўртасида норозилик тобора ортиб бораётган эди.

Юсуфалихон ҳибсга олингач, шуғнонликлар хушёр тортишди ва Рўшонга элчи юбориб, аҳолига қаршилик кўрсатишни, ҳар қандай йўл билан афғон қўшинларини ўз истеҳкомларига киритмасликни маслаҳат беришди.

Қундузлик янги афғон ҳарбий бошлиғи Гулзорхон келгач Шуғнон ва Рўшон учун айниқса оғир кунлар бошланди. Чорасиз қолган шуғнонликлар ва рўшонликлар мустамлакачиларга қарши исён кўтара бошладилар. Бироқ исён шафқатсизлик билан тезда бостирилди: аҳолининг аксари ўлдирилди, чорва моллари, барча мол-мулк олиб кетилди.

1885 йилнинг ёзида Шуғнон ва Рўшон деҳқонлари мустамлакачиларга яна қарши бош кўтарди. Ҳукмрон табақа вакиллари деҳқонлар қўзғолони ёйилишидан қўрқиб, уларга қарши фитна уюштирди. Шоҳдара оқсоқоллари ташаббуси билан Бадахшон мирига Шуғнондаги воқеалар ҳақида хабар бериш учун махсус вакил юборилди. Шуғнондаги қўзғолон ҳақида батафсил маълумот олгач, Бадахшон ҳокими сардор Абдуллахон Саййид Алихон бошчилигида махсус жазо отрядини юборди.

Қалъаи Барпанж ҳудудида кучлари жипсланган деҳқонларнинг афғонларга қарши биринчи жанги бўлди. Аммо етарли кучга эга бўлмагани сабабли, Рўшон томон чекиндилар. Ниводак қишлоғида, Панж қирғоғининг энг тор жойида иккинчи йирик тўқнашув юз берди, унда ҳам қўзғолончилар мағлубиятга учрадилар. Уларни таъқиб қилган Абдураҳмонхон қўшинлари ҳеч қандай қийинчиликсиз Рўшондаги Вомар қалъасини эгалладилар.

Афғонлар ва қўзғолончилар ўртасидаги йирик тўқнашувлар Шуғноннинг Шидвуд ва Рўшоннинг Чоснуд қишлоқларида юз берди, иккала томондан ҳам жуда кўп одам ўлди. Аммо якунда афғонлар ғолиб чиқди. Кўплаб шуғнонлик қўзғолончиларнинг боши чопилди. 1886 йил ўрталарида, қўзғолон бостирилгач, Шуғнон, Рўшон ва Вахон деҳқонларини талон-торож қилиш, ўлдиришга, зўравонлик қилишга киришдилар. Бунинг оқибатида Панжнинг ҳар иккала қирғоғи аҳолиси Хитойнинг Сарикўл ҳудудига, Фарғонага ва Бухоро мулкига (Дарвозга) оммавий равишда қочиб ўтди.

Ўз экспедицияси билан Кофиристонга йўл олган россиялик тадқиқотчи штабс-капитан Бронислав Громбчевский Қашқардаги рус консули Н.Ф.Петровскийга хатида афғонлар томонидан эгалланганидан кейин Шуғнон ва Рўшон аҳолиси бошига тушган офатлар ҳақида батафсил ёзган.

«Шуғноннинг эгалланиши даҳшатли шафқатсизликлар билан кечди, – деб ёзган эди у. – Қурол кўтаришга қодир бўлганларнинг барчаси қирилди, қизлар ва ёш аёллар асир олинди, бой оилаларнинг болалари Қобулга сурғун қилинди. Аҳоли ўз қавмдошлари – сариқўлликлар томон қочди.

Биз уч кун давомида ҳайвонлар мурдаси сочилган йўлдан юрдик, уларнинг чириши шунчалик сассиқ ҳид таратар эдики, тунаш учун йўлдан четда тўхташимизга тўғри келарди. Ҳар жойда ярадорлар учрарди. Қўлида эмизикли болалари бўлган аёллар узун қатор бўлиб боришарди. Хуллас, биз ҳар қадамда офатнинг шундай даҳшатли манзараларини кўрдикки, бундай ҳолат фақат шокка солувчи, мусулмон Осиёсида содир бўлиши мумкин, у ерда бир ҳукмдор бошқасининг мамлакатини эгаллаб олиб, аҳолини ёппа қириб ташлашга ва мамлакатни чўлга айлантиришга ҳақлиман, деб ҳисоблайди… Менинг рус эканимни билиб, улар тиз чўкар, кийимларимни ўпар ва уларни таъқиблардан ҳимоя қилишимни сўраб ёлворишарди. Бу бахтсизларнинг офатини сўз билан таърифлаб бўлмайди».

Яна Громбчевскийнинг хабарига кўра, Ғунднинг юқорисида афғонлар Яшилкўлга қочган шуғнонликлар гуруҳини тутиб, уларни ўта шафқатсизлик билан жазолаганлар. Аёллар номусига тегилган, болалар алангаланаётган гулханларга улоқтирилган, эркаклар эса қириб ташланган.

Афғонлар эгаллаган ҳудудда оммавий геноцид ҳукм сурган. Қаршилик кўрсатишда гумон қилинган қишлоқлар ёқиб юборилган, экин майдонлари эса от туёқлари остида топталган. Қўлга олинган қизлар ва аёлларнинг бир қисми Қобулга юборилган, бошқа бир қисми эса афғон офицерлари ва аскарларига хотин ва чўри сифатида берилган. 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 600 нафар ўғил бола Афғонистонга юборилган.

Омон қолган қочқинларнинг сўзларидан Громбчевский шуларни ёзиб олган: «Ғунд бўйида яшаган аҳолининг катта қисми ё қириб ташланган, ёки рус ерларига қочиб ўтган. Сардемдан жанубдаги барча қишлоқлар ташлаб кетилган ва ҳувиллаб ётибди. Шоҳдара бўйлаб аҳоли кўпроқ, аммо улар жуда қашшоқлашган ва афғонларнинг қул ва қаролларига айлантирилган».

Поручик Бржезицкий 1892 йилда Фарғона ҳарбий губернаторига хабар берган: «Шуғнон ва Рўшон аҳолиси афғонларнинг шафқатсизлигини, ҳар кун ўнлаб одамлар қатл этилганини ва қишлоқлар куйдирилганини ҳалигача унутмаган. Келажакда очлик ва бўлажак уруш офатлари кутилмоқда».

Ўша пайтдаги афғон амалдорлари ва аскарларининг Помир аҳолисига бўлган муносабати ҳақида барон Черкасов шуларни ёзган эди: «Аҳолининг динига бўлган муносабати билан ўзларига нисбатан нафрат уйғотган афғонлар, айни пайтда, бузғунчилик ва баччабозликка мойиллиги билан тожикларда нафрат ва жирканиш уйғотмоқдалар. Афғонлар тоғликларнинг пок ахлоқи билан ҳисоблашишни хоҳламадилар ва жуда тез орада Шуғнон, Рўшон ва Вахонда ўрнашиб олиб, тожиклардан ўзларига ёқиб қолган қизлар ва ўғил болаларни куч билан тортиб ола бошладилар».

Туркистон генерал-губернатори Вревский 1893 йил ҳарбий вазирга Фарғона вилояти ҳудудидаги қочқинлар сони ва уларга кўрсатилаётган ёрдам ҳақида ахборот бериб: «Шуғноннинг баъзи аҳолиси Ўш шаҳрига кўчиб ўтиб, уларга ёрдам кўрсатиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилишди», – деб хабар берган. Губернатор эса молия вазирлигига «Бўш турган лалми ерлардан хар бир оилага 18 танобдан ажратиб беришга ва уларни 10 йил муддатга солиқ тўлашдан озод қилинса, маъқул бўлар эди», деган мазмундаги хат билан мурожаат қилди. Молия вазирлиги бунга жавоб хатида шуғнонликларни ер билан таъминлашга рози эканини маълум қилди.

Ўш шаҳрининг меҳмондўст аҳолиси қочқинларни яхши кутиб олди ва уларга яшаш учун алоҳида жой ажратди, бу жой кейинчалик Тахти Сулаймон яқинидаги “Тожикмаҳалла” номи билан машҳур бўлди. Бундан ташқари, ҳар бир маҳалла оқсоқоли навбат билан қочқинларга моддий ёрдам кўрсатди, ҳатто уларга ипакчилик санъатини ҳам ўргатишди.

Ўзбеклар билан ассимиляциялашган Тожикмаҳалла аҳолиси жуда тез орада Ўшдаги энг муваффақиятли ва ҳурматли инсонларга айланишди.

Афғонларнинг Ғарбий Помир аҳолисига шафқатсиз муносабатда бўлишининг асосий сабабларидан бири, шубҳасиз, афғон ҳарбийлари «исён» деб атаган озодлик кураши эди. Бироқ, бу билан бир қаторда яна иккита муҳим омил ҳам муайян роль ўйнаган.

Афғон босқинчилари сунний бўлганликлари боис исмоилийларни ёмон кўрардилар. Афғон шоҳларининг вакиллари помирлик исмоилийларни «чин мусулмон»га айлантириш учун ҳамма нарсани қилишди. Уларнинг диний эътиқодларини ўзгартириш мақсадида нафақат ишонтириш усуллари, балки жарималар, калтаклаш ва ҳатто Афғонистонга қулликка сотиш ҳам қўлланилган. Аммо ҳеч нарса исмоилийларнинг эътиқоди ва руҳини синдира олмади. Энг зўр азоблардан сўнг ҳам улар ўз эътиқодларига содиқ қолдилар.

Шуғнон ва Рўшон 12 йил давомида – 1883 йилдан 1895 йилгача афғон истибдодида бўлди. Бу даврда Шуғнон аҳолиси 70 фоиз қисқарди, Ғарбий Помир эли ҳақиқий геноцидга учради.

Ўша зулм тазйиқида Ўшга кўчиб келган Шуғнонлик ва Рўшонликлар яшаган маҳалла умумлаштирилган ҳолда Тожиккўча деб аталган. Аслида, этник жиҳатдан улар тожик эмас. Антропологик жиҳатдан ҳам тожиклардан фарқли равишда, яшилтоб кўзли, тиниқ оқ териси ташқи қиёфасига кўра ўзига хос бўлади. Улар ўзларини келиб чиқиш жиҳатдан Искандар Зулқарнайн аскарларининг авлоди деб ҳисоблашади. Бу бежиз бўлмаса керак. Шунинг учунми, қиёфаларида Европоид ирқига хос белгилар кўпроқ.

Шуғнонлик қиз

Албатта, орада ўтган икки аср мобайнида ўзбеклар билан қуда тутиниш сабабли қон аралашиб, невара-чевараларнинг қиёфаси помирликларга тўла ўхшамай кетган бўлиши ҳам табиий.

Тарихчи ва географ олим, маърифатпарвар муаллим Мирза Фозилбек Қосимбеков (1863-1919) шуғнонликларнинг Ўшдаги энг таниқли вакили эди.

Бу зот ҳақида эса, алоҳида равишда ҳикоя қилиш ниятимиз бор.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар