ҚАДРИЯТ 

ЎЗБЕК ҚИЗИНИНГ ОВОЗИ

Ҳалимахоним ижросидаги қўшиқни илк бор 1951 йилнинг баҳорида, мактабда ўқиб юрган пайтларда эшитганмиз. Ўшанда у Бозорқўрғонга ташриф буюриб, канал қурувчилар ҳузурида бўлган эди…

1964 йили айни ёз палласи Ҳалима опа Арслонбобга зиёратга келади. У қадрдон танишларидан, Энгельс номли колхоз раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Қудайқул ака Абдураимов хонадонида меҳмон бўлади ва кўпчиликнинг илтимоси билан Қизилунгурда ўтаётган чорвадорлар слётида концерт берди. Ўзиям роса айтди, худди ўша канал қурилишидагидек.

Концерт тугади. Ҳалимахон опа ва унинг ҳамроҳлари кетишга чоғланаётган эди, оқ қалпоқ кийган икки отлиқ йигит ва қизил рўмолли ёш келин одамлар орасидан ўтиб, машина ёнига келишди.

– Биз ҳозир Кенгқўл яйловидан келяпмиз, концертингизга бироз кечикдик. Илтимос, бизга «Паризод»ни айтиб беринг, жон опа!

Ҳалимахон опа уларга кулиб разм солди-да:

– Сизлар учун жоним билан. Мен «Паризод»ни куйлайин, Тамарахон опанглар ўйнаб берсин! – дея машина тепкичига чиқиб, ашулани ашулага улади. Одамлар «Яна, яна!» дея қарсак чалишарди.

Ўшанда Қизилунгур қишлоғининг ҳурматли оқсоқоли Тўқонбой Кўкўнов:

– Мен кўп артистларни кўрганман, аммо турли миллат тилида қўшиқ айтиб, рақсга тушган санъаткорни учратмадим. Ўрта Осиё халқларининг куй-қўшиқларини дунёга машҳур қилган ҳам шулар, – дегани ҳали ҳам эсимизда.

Арслонбобга зиёратга келган Ҳалимахонни, Комил Яшинни, Тамарахонимни, Ғафур Ғуломни кўрмаган одам қолмаган ўшанда.

Ҳалимахоним ҳузурига, унинг сирли, сеҳрли дунёсига ана шу ўйлар, хотиралар билан кириб борамиз.

Тошкент шаҳрининг Герман Лопатин кўчасининг 64-уйида Шарқнинг машҳур куйчиси, эндиликда афсонага айланиб қолган Ҳалимахон Носирова яшайди. Уни илгари бир неча бор учратган бўлсак ҳам, юзма-юз ўтириб суҳбатлашган эмасдик. Халқ артисти учрашиш ҳақидаги илтимосга рози бўлди. Унинг таниш ва қадрдон юзларидан, кўзларидан нур ва самимият ёғилиб турибди.

– Бозорқўрғонликмисизлар?

– Ҳа.

– Тошкентга қачон келдингизлар?

– Бугун. Ҳамза Ҳакимзоданинг юз йиллик тўйига келдик. Сизлар билан ҳам учрашиш ниятимиз бор эди.

– Жуда яхши, киринглар, – дея китоблар, пластинкалар тўла ясатилган хонага бошлади. – Комил акангиз ҳозир Фанлар академиясининг Пушкин номли Тил ва адабиёт институтига кетди. Ҳадемай келиб қолади. Чой ичиб туринглар.

Ҳалимахон опа содда ва қувноқ экан. Ҳаракатлари чаққон. Болалик йиллари айтган ашулаларини хиргойи қилади. Ўзининг бахтиёр умри ҳақида мамнуният билан сўзлайди.

Ҳалимахон санъатни изламади, балки санъатнинг ўзи уни қидириб топди. Ҳақиқатан, Ҳалиманинг отаси Муҳаммад Носир ашулани севарди. Отаси таъсирида бўлса керак, қизлари Ҳожархон, Ойшахон ҳам болалигидан доира чертиб, дутор чалиб ашула айтардилар. Жажжи Ҳалима опаларига қулоқ тутар, уларга жўр бўларди. Унинг овози бошқача эди. Кучли, янгроқ.

Муҳаммад Носир вафотидан сўнг Хосиятхон қизларини эргаштириб Қўқонга келди. Ўзи фабрикага ишга кирди, болаларини интернатга жойлади. Ҳалима болалигидан қулоғига қуйилган ашулаларни интернатда айтди. Мураббийлари Маъсумахоним, Ҳожиқурбон Назаров эътиборига тушди. Шу кўйи ҳаваскорлик тўгарагида саҳналаштирилган «Эрк болалари», «Етим бола» сингари бир кўринишли пьесаларда қатнашиб юрди.

– Ўша дамларда Қўқонда инқилобчиларнинг йиғилишлари бўларди, – дея эслайди Ҳалимахоним. – Бўйим кичик бўлганлигидан оёғим тагига курсича қўйиб беришарди. Назирахон ая, Ўғилхон ая деган ашулачилардан ўрганган «Ёр-ёр»ни, «Тановар»ни, «Фарғонача»ни айтардим. Ўша йиғилишларнинг бирида Ҳамзани кўрганимдаги шодлигимни тасаввур қилсангиз. У қўшиқларимни юқори баҳолади, келажакда таниқли артист бўлишимни айтган.

Ҳамзанинг маслаҳати билан кейинроқ Ҳалимани Тошкентдаги хотин-қизлар билим юртига ўқишга юбордилар. Бу ерда у санъат фидойиси Саодатхонимни учратди. Саодатхоним илк бор Ҳалимага пианино чалишни, нотани ўргатди. Бу пайтга келиб у қўшиқлари билан анча тилга тушиб қолганди. Шу туфайли Ҳалимани республика халқ маорифи комиссарлиги Боку театр техникуми қошида ташкил этилган ўзбек студиясига жўнатди. Ҳалима Бокуда Озарбайжон мақомларини ўзбек қўшиқларидек дилига жойлади. «Талабалар ўйини», «Эски фикрлар» каби спектаклларда бош ролларни ижро эта бошлади.

Ҳалимахоним Бокудан қайтгач, кўплаб спектаклларда бир-бирига ўхшамаган жуда кўп ролларни ижро этди. «Ҳалима»да Ҳалима, «Аршин мол олон»да Гулчеҳра, «Турандот»да Турандот, «Ёрқиной»да Ёрқиной, «Фарҳод ва Ширин»да Ширин, «Сигнал»да негр қизи Урури…

Ҳалима Носирова Москвадаги ўзбек опера студиясида таҳсил кўриб қайтгач, Толибжон Содиқов, Мухтор Ашрафий, Карим Зокиров сингари санъат усталари билан ёнма-ён ижод қилди, улардан ўрганди. Ўзбек операсининг асосчиларидан бири бўлиб танилди.

«Бўрон», «Гулсара», «Лайли ва Мажнун», «Майсаранинг иши» сингари илк ўзбек операларида етакчи партияларни ижро этди.

1937 йили Москвада бўлиб ўтган ўзбек санъати декадаси ҳали-ҳали Ҳалимахонимнинг эсида. Ўшанда у йигирма тўрт ёшда эди. Шу ёшда у СССР халқ артисти деган юксак унвон билан Москвадан қайтди.

Ҳалимахон куйлаяпти:

Қизил гулнинг тагида,

чаман ичра,

Ёр сени кўриб қолдим,

чаман ичра.

Кўрмасам бўлар экан,

чаман ичра,

Ишқингда куйиб қолдим,

чаман ичра.

Бу туйғуларга тўла, мафтункор ашула сеҳри, жозибаси, халқ оҳанги, чертиб-чертиб жаранглатиб айтилган сўзлари ҳар қандай одам қалбини ром этади. Унинг ҳамма қўшиқлари кекса-ю ёшга бирдек таъсир қилади, кўнгилларни ҳаяжонга солади. Ҳалимахоним бу қўшиқларни халқнинг ўзидан саралаб олиб, қайта жилолантириб, бойитиб яна халқнинг ўзига қайтариб беради, кўнгилларни сел қилади:

Тоғда арча минг йил умр кўрурми,

Шохи синса заргар кумуш қилурми,

Заргарни қилгани кумуш бўлурми,

Билиб қўйган кўнгил жудо бўлурми.

Унинг санъатдаги фидойи меҳнати муносиб тақдирланди. Халқ уни бир неча бор СССР Олий Кенгаши ва Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат қилиб сайлади. Икки Ленин ордени, иккита Меҳнат Қизил Байроқ, уч Ҳурмат Белгиси ва Октябрь революцияси орденлари билан тақдирланди.

Ардоқли санъаткор ҳамон халқ хизматида. У ҳозир Тошкент театр ва рассомлик санъати институти профессори сифатида ёшларга классик қўшиқ илмидан сабоқ беряпти.

– Сиз улуғ оқин Тўқтағул билан учрашиб, унинг шеърларини илк бор куйлаган экансиз?

– Бу алоҳида бир тарих, – деди у бироз ўйга чўмгач. – 1928 йили Комил Яшин билан тўйимиз бўлди. Шу йили қайнотам Нўъмон Жумабой ўғли вафот этди. Тўқтағул Сотилғон ўғли Кетмонтепадан фотиҳага келди. Уни жуда яхши кутиб олдик. Афсуски, кейин у киши билан учрашмадик. 1933 йили Андижон бозорида жингалак соч, ориқ, чиройли йигит Комил Яшин билан самимий учрашиб, ҳол-аҳвол сўрашди.

– Эсингдами, Ҳалима, отам вафот этганда дўсти Тўқтағул оқин келган эди. Уларда шоирларни оқин дейишади. Бу йигит Тўқтағулнинг жияни Жўмарт. 1927 йили Ленинградда ўқиб, таътилга келганимда отам билан Кетмонтепадаги Қодир деган дўстиникига борганмиз. Жўмарт Жалолободда ўқиб, у ҳам таътилга келган экан. Ўшанда икковимиз танишган эдик.

– Биламан, – дейман мен ҳам.

Жўмарт Тўқтағулнинг яқинда оламдан ўтганини, энди Фрунзега боришини, Жалолобод – Фрунзе поездига эртага тушишини айтди.

Биз Жўмартни уйга таклиф этдик. У менинг Андижон театрида ишлашимни билгач:

– Сизга Тўқамнинг шеърларидан ёзиб берайин, қирғизча ҳам куйлаб юринг, – деб Тўқтағулнинг шеърларидан ёзиб, 2-3 бор ўқиб ҳам берди. Шеърлар менга ёқиб қолди. 1933 йили Андижон театрида Тўқтағулнинг «Умр», «Қизларжон» шеърларини ашула қилиб айтдим. Ўшандан буён 60 йилча вақт ўтса ҳам унутганим йўқ.

Ҳалимахоним «Қизларжон»ни куйлаяпти:

Кўркам шойи кўйлак кийиб,

Бўйлаб олинг, қизларжон.

Қизил гулдай очилган чоғ,

Ўйнаб олинг, қизларжон.

Қайтиб келмас бу кунлар ҳеч,

Куйлаб олинг, қизларжон.

Ҳалимахоним бироз тин олгач, гапини давом эттирди:

– 1958 йили Тўқтағулнинг қизи Гулсара бизникига келиб, отаси ҳақида китоб ёзаётганини айтиб, Комил Яшиндан кўп нарсаларни сўради. Афсус, унинг умри қисқа экан, кўп ўтмай вафот этганини эшитдик. Бобожон деган ўғли, Мўлдажон деган невараси борлигини биламиз, аммо борди-келди қилганимиз йўқ. Кейинчалик кўп олимлар, ёзувчилар Тошкентга ташриф буюришиб, Тўқтағул ҳақида маълумот тўплаб кетишди.

Ҳалима опага кетма-кет саволлар берамиз. Айниқса, қирғиз санъати бўйича уни «синовдан ўтказамиз».

– Анвар Қуттубоева билан Сайра Кийизбоева қирғиз операсининг асосчилари ҳисобланади. Улар менинг яқин дугоналарим бўлиб, кўп бора бирга ишлаганмиз. Мисқол Умурқанова – қирғиз аёлларидан чиққан моҳир қўшиқчи. У каби қўшиқчилар жуда кам. Қирғиз қўшиқчиларидан Салима Бекмуратова менинг шогирдим. Жуда кўп қирғиз артистлари билан чет эл гастролларида бўлганман. Қирғиз телевидениесини мунтазам томоша қилиб бораман. Сайра Чўтқораева, Саломат Содиқова қўшиқлари жуда ёқади. Улар қирғиз санъатининг келажакдаги порлоқ юлдузлари. Илоҳим, ёшларга кўз тегмасин, бу талантларни асраб-авайлаш керак.

Ҳалимахоним яна хотирлайди:

– Ўн уч йил илгари Комил Яшинни таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов юбилейига таклиф этишди. «Мен ҳам бораман», деб туриб олдим. Бизга жиянимиз Бахтиёр Ҳакимов ҳамроҳ бўлди. У биз билан яшар ва Шарқ институтининг 5-курсида ўқирди.

Чингиз Айтматовнинг уйида ўтирдик. Телефон жиринглаб қолди. Бу Тўрабой Қулатов экан. У Фрунзега (Бишкекка) келганимизни эшитибди. «Бизникига келинглар, ҳозир машина юбораман. Чингизнинг уйида бошқа меҳмонлар ҳам кўп», деди.

Ҳаммамиз Тўрабой оғанинг уйига кириб бордик. Жуда илиқ ва самимий кутиб олишди. Қадди-қомати келишган, истарали ва чиройли қизлари бор экан.

«Тўрабой ака, – дедим қизлари ташқарига чиққан пайтда ҳазиллашиб, – қизларингизнинг биттасини келин қилиб олсам…»

– Майли, сизлар сўрабсиз-у, мен йўқ дермидим, – деб кулди. Бу суҳбатдан сўнг жиянимиз Бахтиёр Анора билан танишиб олибди. Шундай қилиб, Анорани келин қилиб олдик. Ҳозир Бахтиёр билан Анора Афғонистон маркази Қобулда яшашмоқда. Иккови ҳам элчихонада ишлашади. Ҳа, қирғизлар билан қуда-анда бўлиб кетганмиз. Қудалар, яқин дугоналар билан узмай борди-келди қилиб турамиз.

Ҳалимахоним бахти бекам аёл. Мана, олтмиш уч йилки, у атоқли драматург Комил Яшин билан аҳил, садоқатли турмуш кечириб келяпти. Улар ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бир-бирларига ҳамкор, ҳамфикр. Ҳалимахоним оқил фарзандларнинг онаси, бир талай невара-чевараларнинг меҳрибон бувиси.

Юксакликдан сув юзасига биллурдек қатралар томчилашини эшитганмисиз? Ёки шиддат билан тоғлар чўққисига учаётган бургут парвозини кўрганмисиз? Ана шундай, халқимизнинг қадим ва бой маданиятини қатралаб юрагига жойлаб, муқаддас хазина – ўзбек халқ қўшиқлари, ашулаларини севиб, ардоқлаб, тоғлар қадар юксалтирди Ҳалимахоним сози ва овози. Ҳалимахонимнинг, Ҳалимахоним санъатининг юксаклиги ҳам ана шунда.

Булдурсин АБДУКАРИМОВ,

Муйдинжон АБДУМАЖИДОВ

(“Жалолобод  тонги” газетасининг 1992 йил 7 март сонидан олинди).

боғлиқ хабарлар