ҚАДРИЯТ 

ТОҲИР ТРАКТОРЧИНИНГ ТАҚДИРИ

Колхоз отхонасида жуссаси бўлиққина йигитча отни нўхталаб, юган солиб аравага қўшаётганини кўрган колхоз раиси унга яқинроқ келиб:

– Исминг нима, ўғлим? – деб сўради.

– Тоҳиржон.

– Неча ёшдасан?

– Ўн иккидаман.

– Отлардан қўрқмайсанми?

– Йўқ, уларни яхши кўраман, аравани ҳам ҳайдайман.

– Нега мактабда ўқимайсан?

Тоҳиржон бу саволга жавоб бера олмай бошини қуйи солди. Бу ҳолатни кузатиб турган бригадир Қорабой ака:

– Раис, бу бола оиланинг боқувчиси, онаси билан бирга. Ишга яроқлиси шу, – деди.

– Ўшанда 1958 йилнинг ёз ойлари эди, – дейди Тоҳиржон колхоз раиси Маҳкамжон ака Умрзоқов билан бўлган суҳбатни хотирлаб.

Тоҳиржон ўн икки ёшида ҳам полвонсифат бўлгани учун тенгдошларига нисбатан каттароқ кўринар эди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида тўрт ғилдираги ёғочдан қилинган, симтўр кузовли бир ва иккита от қўшиладиган араваларда колхозчилар далага борар, уларда пахта, пичан, сомон ташилар, бошқа хўжалик ишлари адо этиларди. Отга меҳри тушган, ёшлик ғайрати жўш урган Тоҳиржон дастлаб бир, кейин икки от қўшиладиган аравада олти йил хўжаликнинг неки иши бўлса бажариб, раҳбарлар назарига тушди.

Тоҳиржон 18 ёшга тўлган куни колхоз муҳандиси Имямин Тўхтасинов ҳузурига чорлаб:

– Бундан буён араванинг даври ўтяпти, бора-бора техника ишимизни енгиллаштиради, сен механизаторликка ўқийсан, – деди.

Тоҳиржон “Сельхозтехника” қошида очилган уч ойлик курсни тамомлагач, тажриба ва малакасини ошириш учун ДТ-54 тракторида ишлайдиган Мамат ака Имирсиновга шогирд бўлди. “Мамат ака техникани яхши билган жуда меҳрибон ва ўргатишдан чарчамайдиган устоз эди. Икки йил унинг ёнида бирга ишлаб, техника сирларинигина эмас, ундан кўплаб инсонийлик фазилатларини ҳам ўргандим. Мактабда ёлчиб ўқимасам ҳам тракторнинг қаери “оғриётганини” яхши билиб қолгандим”, – дейди Тоҳиржон Муллажонов.

– Шогирд бўлиб анча чиниқдинг, энди мустақил ишлайсан. Мана бу “Беларусь” трактори янги келди. Яхши мехнат қилаётганинг учун сенга беришга қарор қилдик, – деди бош мухандис.

Тоҳиржон қувонганидан кўзларида ёш ҳалқаланди ва астойдил ишлашга аҳд қилди. Ўша 60-70-йилларда колхозда замонавий молхоналар қурилди. Ем-хашак жамғаришга эътибор ошди. Тоҳиржоннинг тракторига хашак юкловчи мослама ўрнатилди. Ёз ойларида пичан, беда ортса, кузда хирмонларда қуритилган пахтани тележкаларга юклаб берарди. Хўжаликнинг қаерида шу техникага эҳтиёж сезилса, Тоҳиржон ўша жойда ҳозиру  нозир эди. Йигирма йилча шу техникада ишлагач, унга янги МТЗ-80 тракторини беришди.

– Мустақиллик йиллари хўжалик техникаси хусусийлаштира бошланганда ўзим бошқарган тракторни ҳужжатлаштириб олдим, – дейди қаҳрамонимиз Тоҳиржон Муллажонов, – 40 йил ишим техника билан боғлиқ бўлди. Пенсияга чиққандан кейин яна беш йил ўртанча ўғлим Иномжонни ёнимда олиб юриб касбимнинг сир-асрорини ўрргатдим. Мана, йигирма йил бўлдики, Иномжон ўғлим трактор бошқариб ер ҳайдаш, чизеллаш, молалаш, юкларни ташиш ишларини бажариб, деҳқонларимиз оғирини енгил қилиб келяпти.

– Қирқ беш йил бир касбда меҳнат қилибсиз. Хўжалик ривожига қўшган ҳиссангиз рағбат топдими?

– Медаль, орден олмадим-у, аммо хўжалик раҳбарияти ҳар мавсумда мусобақа натижасига кўра пул мукофотларини, юқори органларнинг фахрий ёрлиқларини бериб турди. “Меҳнат фахрийси” медалини олганман. Беш йил муқаддам набирамизга суннат тўйи қилганимизда қишлоқ аймоғи раҳбари жамоаси билан келиб, шаънимизга илиқ сўзларни айтди. Эл-юртимда қадр топганимнинг ўзи оиламиз учун катта мукофот.

– Нафақага чиққандан буён қариб қолдим, деб дам оляпсизми?

– Саксон ёшга етиб қолсам ҳам Оллоҳ куч-қувватдан қолдиргани йўқ. Оиламизнингг 84 сотих улуш ери бор. Баҳор келди дегунча фарзандларим далага капа тикишади. Сабзи, пиёз, картошка, шоли, турп, шолғом каби рўзғорга керакли экинлар экамиз. Қишга керагини ғамлаб, ошганини бозорда сотамиз. Оиламиз билан тоза ҳавода ишлаймиз, дам ҳам оламиз. Мен  тез-тез далага бориб экин қандай парвариш қилинаётганини кўраман. Яхши ишларини мақтайман, камчиликларни қандай тугатиш ҳақида маслаҳатлар бераман.

– Бугунги ҳаётингиздан мамнунмисиз?

– Бу ўткинчи ҳаётда ҳаммамиз меҳмонмиз. Инсоннинг барча тилагу мақсадлари фақат меҳнат туфайли амалга ошаркан. Ғойибдан ҳеч нарса келмаслиги ҳаммага аён. Меҳнатга меҳр – оиламизнинг катта-кичигига ҳос фазилат. Умр йўлдошим Рўзихон билан уч ўғил, уч қиз кўрдик. Улар меҳнат билан улғайишди, эл қаторига қўшдик. Рустамжон дурадгор, Иномжон механизатор, Ҳусанбой деҳқон. Уч қизимнинг ҳам турмушлари ширин. Невара ва чеваралар анчагина. Ҳозиргача нечта суннат тўйи ва никоҳ тўйи бўлса, шу ҳовлимизда ўтди. Келинларим, қизларим невараю чеваралар билан келишганда ҳовлимиз тўйхонага айланиб кетади. Ҳаётнинг қувончи шунда-да ахир!..

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

 

 

боғлиқ хабарлар