ҚАДРИЯТ Юртимиз зиёратгоҳлари 

САРИЧЕЛАК  САЁҲАТИ

Мустақиллик йиллари республикамизнинг табиати гўзал ва мафтункор гўшаларидан бири Саричелак кўлини ва унинг бетакрор табиатини уч бора бориб кўришга муяссар бўлганман. Сўнгги бор ҳожи дўстларимиз билан ташрифимиз ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

Саричелак кўлини ва у ердаги Тўсқовул ота мозорини зиёрат қилишга йўл олдик. Ахси туманининг Успеновка, Мукр, Афлотун, Сино, Қўрғон ва Қизилтув қишлоқлари оралаб Итоқар, Хўжаота, Афлотун сойлари Қорасув дарёсига бориб қўшиладиган Қоражиғач қишлоғидан чапга – Арқит қишлоғига йўл оламиз. Гоҳ асфальт, гоҳ тош йўллар билан сой соҳилини ёқалаб юриб, икки соатлар оралиғида Саричелак давлат биосфера қўриқхонасининг  маъмурияти жойлашган Арқит қишлоғига етиб келдик. Бизни умр бўйи шу қўриқхона қишлоғида яшаётган Қушбек Мирзатаев илиқ кутиб олди ва икки қаватли иморатининг тўртта хонасида тунашимиз учун барча шароитни яратиб берди. Тоғлар пойида бўлган, ҳавоси салқин шу қишлоқда мириқиб дам олдик ва эрталаб машиналаримизда Саричелак кўли томон юқорига кўтарилдик. Тош йўл анча кенгайтирилиб, микроавтобуслар ҳам юрадиган ҳолатга келтирилган. Айлланма йўллар билан денгиз сатҳидан қарийб 2000 метр баландликка кўтарилиб, кўл соҳилига келамиз.

Саричелак кўли Чотқол тоғ тизмаларининг давоми бўлган Музтўр ва Атойноқ тоғларининг жанубий қисмида жойлашган. Шу тоғлардан қор ва булоқ сувлари Хўжаота дарёсини ҳосил қилиб, Саричелакка қуйилади. Кўлнинг узунлиги 7,5 километр, энг кенг жойи 2,5 километр, тор жойи 650 метр. Кўл жами 470 гектар майдонни эгаллаган. Энг чуқур жойи 245 метр. Кўлнинг атрофини Отяйлов, Довонбеги, Учэмчак, Қўрғон, Оқбел, Бахмал тоғлари ўраб, жилғалардан ҳосил бўлган Чонотсай, Қараюуу, Айиқтўсар, Кўкув, Оқсай каби дарёчалар кўлга бориб қуйилади.

Тарихий манбаларда таъкидланишича, тахминан 10 минг йиллар муқаддам кучли зилзилада тоғ ва адирлар ўпирилиб Саричелак воҳасининг шарқий қисмини тўсиб қолган ва кенг жилғада кўл ҳосил бўлган. Шу боис кўл қирғоқларининг кўп қисми тик тоғлар. Ёз чилласида кўл суви 20 даражагача илийди. Суви шундай тиниқ ва мусаффоки, 16 метр чуқурликда бўлган жисмни бемалол кўриш мумкин

Бу ерни кўллар макони дейиш мумкин. Саричелакдан ташқари 6та кўл бор. Саричелек суви 27 гектар майдонли  Хилакўлга тушади. Юқорироқда Эгрикўл, Ҳаромкўл, Чўйчақкўл, Чачакўл, жануброғида Бақали кўл бор. Уларнинг майдони 10-18 гектарни ташкил этади. Қўриқхона 1959 йили ташкил қилинган, ялпи майдони 28 минг гектарга тенг. Шундан 8239 гектари ўрмон, 9504 гектари ўтлоқ, 4601 гектари дарё ва кўллар, қолганини тоғлар эгаллайди. Кўлни ўраб турган тоғлар бағрида Тиёншон арчаси, қарағай, ёнғоқ, пастроқда ёввойи олма, олча каби дарахтлар ўсади. Қўриқхона худудида дарахтнинг 130 тури, ўсимликларнинг 170 тури бор, ёввойи ҳайвонларнинг 34 тури, паррандаларнинг 155 тури, балиқнинг 5 хили яшайди. Бу ерни “Қизил китоб”га кирган илбирс, қўнғир айиқ, силовсин, қизил бўри, архар, буғу, бўрсиқ, жайра каби ёввойи ҳайвонлар, зарғалдоқ, саъва, кўккаптар, бургут, калхат, қирғий, укки каби паррандалар макон қилган.

Саричелек қўриқхонаси ҳавосининг тозалиги, гўзал табиати билан республикамиздаги  бошқа қўриқхоналардан ажралиб турадиган мафтункор маскандир. Бу ерда қишнинг ҳам, баҳор, ёз, кузнинг ҳам ўзига хос гўзаллигини кўрасиз. Айниқса, май ойида ташриф буюрадиган кўкламдан бошлаб тоза ва салқин ҳаво баҳри-дилингизни очади. Ўрмонларда, тоғ ёнбағирларида ўз гўзаллигини намойиш этаётган турли шифобахш гиёҳлар бўйидан маст бўласиз. Айни ёз чилласида ҳам тоғ чўққиларида оппоқ қор  жилваланади. Турли мевали боғларни, кўм-кўк ўтлоқларни, ноёб шифобахш ўсимликларни, жониворларни, дарахтларни ва паррандалар дунёсини сақлаб қолиш, уни келажак авлодларга етказиш учун қўриқхона ЮНЕСКОга аъзо бўлган ва 1978 йилдан  биосфера қўриқхонасига айлантирилган.

Кўлда қайиқда сайр қилиш имкони бор экан. Қайиқчи Яхшибек Жақибалиев билан танишиб олдик. Тўрт киши сайр қиладиган бўлдик. Мотор гуриллаб қирғоқдан узоқлашди. Кўм-кўк зилол сув қўл етгудек масофада чайқалиб турибди. Муздек ҳаво юзларни сийпалайди. Олисдан кўринган тоғлар тобора яқинлашади. Кўлнинг ўнг соҳили билан сузиб, қўлотларда пайдо бўлган кўрфазларни айланамиз. Ана, оппоқ қорли Музтўр тоғи қўл етгудек масофада. Тик ўсган қарағайлар, ям-яшил арчалар осмон билан ўпишаётгандек. Чор-атроф манзарасига  маҳлиё бўлиб, қайиқчада сузаётганингни ҳам унутасан киши. Яхшибек кўлни айланавериб, кемачани бошқариш ҳадисини олган экан. Шу боис илк бор қайиқда сузаётсак ҳам асло хадиксирамадик. Кейин чап соҳил ёқалаб шундоқ тоғлар ёнида сузиб пристанга келдик. Биз Яхшибекнинг яхшилигидан мамнун бўлдик ва раҳматлар айтдик.

Кўл суви оқиб чиқадиган шарқий томондаги баландлик сари йўл олдик. Бу ерда Тўсқовулота деган авлиёнинг мозори бор экан. Қалин олма, олча боғни оралаб юқори кўтариламиз. Тепаликнинг энг баланд жойида, қучоққа тенг қарағай ва арчалар орасида Тўсқовулота мозорини зиёрат қилдик. Қабр атрофи пишиқ ғишт билан том қилиб ёпилган. Худди шу жойдан кўлнинг боши – ғарбий соҳили кўзга яққол ташланар экан. Тўсқовулота руҳига атаб тиловати Қуръон қилдик.

Ривоят қилишларича, кўл суви тўлиб-тошиб, шарқий қирғоқларга хавф солган. Агар у қирғоқни ювиб кетса ўрмон ва ундаги ёввойи ҳайвонларгина эмас, кўплаб қишлоқлар ва одамлар сув остида қолишлари мумкин экан. Бу ерларда яшаб ўтган авлиё Тўсқовулота кўлнинг шарқий қисмига дафн этилган. Сув мозордан тошиб ўтолмаган экан. Шу боис, бу жой азиз зиёратгоҳлардан бири саналади.

Ўлкамизнинг ноёб дов-дарахтлари, ўсимликлари, ёввойи ҳайвону қушлари ардоқланиб асралаётган гўзал масканларидан бири – Саричелакни кўриш, у ҳақда кенгроқ билишдек орзуимиз рўёбга чиққани, ўйлаган-эшитганимиздан ҳам зиёдроқ нарсани кўриб билганимиз, энг муҳими мароқли, дам олганимиз зап улуғ иш бўлди.

Республикамиз табиати беҳад гўзал. Бундан ташқари, бизда саёҳликни ривожлантиришнинг кенг имкониятлари мавжуд. Юртимизнинг табаррук ва табиати гўзал жойларини кўриб, бир олам таассурот билан қайтяпмиз. Юртимизда тинчлик ҳукмрон экан, иқтисодий қудратимиз мустаҳкамланиб бораверади ва ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишимизга ишончимиз комил.

 

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

боғлиқ хабарлар