ИСТИҚЛОЛНИНГ ҚАДРИГА ЕТЯПМИЗМИ?
Мана, халқимизнинг ҳеч кимга тобе ва қарам бўлмай озод ва эркин яшаб, меҳнат қилаётганига 35 йил бўляпти. Агар ўтаётган шу муддатни инсон ҳаётига қиёсласак, айни куч-қувватга тўлаётган бақувват йигит ёшида. Одамлар орасида юрганимиз боис суҳбатларда баъзи кимсалар, айниқса, Иттифоқ даврини кўрганлар ношукурлик қилишиб, ўтган даврни қўмсаб ҳам қолишади. Шунда мен бу озодлик ва эркинликни ҳис этмаган кимсаларга мустақиллик бу элимизга берилган бебаҳо неъмат эканлигини таъкидлаб, бу кунларни неча юз йиллаб ота-боболаримиз қўмсаб ўтганлигини, бу йўлда қанчадан-қанча аждодларимиз қони тўкилганини, моддий бойлигимиз, маънавиятимиз ўғирланганлигини тушунтириш ҳаракатида бўламан.
Энг муҳими, тилимиз, урф-одатларимиз, имон-эътиқодимиз, тарихимиз, меросимиз қайтиб келди. Мустақиллик сабаб Қирғизистон ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотга ўзи эгалик қилмоқда. Конларимиз, ер-сув ўзимизга хизмат қилмоқда. Қирғизистон давлатини дунё таниди, тан олди.
Қишлоқдаги ҳаёт тубдан ўзгарди. Давлат тасарруфида бўлган колхоз-совхозлар, катта-кичик корхоналар тугатилиб, хусусий мулкчиликка йўл очилди. Ернинг, техниканинг, корхоналарнинг чинакам эгалари топилди. Бугун деҳқон ўз ерида истаган экинни экиб, ҳосилини ўзи сотиши мумкин.
Демократик йўлни танлаган давлатимизга ривожланган давлатлар ёрдам қўлини чўзиб, сармоялар тақдим қилишмоқда. Деҳқонга ҳам, корхона ишчисига ҳам, тижоратчига ҳам кредит олишга, ундан тўғри фойдаланиб хўжалигини тиклашга имконият берилди.
Тўғри, аграр ислоҳотда, мулкни хусусийлаштиришда палапартиш ва нуқсонларга йўл қўйилган ҳоллар ҳам бўлди. Янги жамият шаклланар экан, камчиликлар бўлиши мумкин. Тарихдан хабари бор одамлар яхши билади: Октябрь революциясидан сўнг СССР давлати ўзини тиклаб олгунга қадар тараққиётнинг турли босқичларини босиб ўтган. Бизнинг Қирғизистонимиз, ўтган 35 йилда, мундоқ ўйлаб кўрсак, асрга татигулик йўлни босиб ўтди.
Таъкидлаб ўтганимиздек, ер-сув, ўрмон бойликлари, конларимиз, заводу фабрикалар, техникалар – бари ўзимизники, элнинг мулки. Давлат ана шундай катта имконият ва бойликни бериб қўйган экан, бугун биз уларнинг қадрига етаяпмизми? Аввало деҳқончиликдаги аҳволга назар ташлаймиз. Турли экинлар парвариш қилинмоқда. Ернинг қадрига етганлар кеча-кундуз далада ишлаб, бир йилда 2-3 ҳосил етиштириш ҳаракатида бўлаётир.
Аммо ҳамма деҳқон жон койитиб ишламоқда, дейиш қийин. Эрта баҳордан кузгача кўпчилик пайкал боши ва этагидаги ўқариқларни тозаламайди, суғориш пайтида атрофга бетартиб сув тошиб кетади, уватларда анча ер фойдаланилмай қолиб кетмоқда. Хатто ёз бўйи ҳайдалмай, экилмай қолган майдонларни кўриб афсусланасан. Йўллардан ўтар эканмиз, ҳовлиларга, томорқаларга назар ташлаб, фойдаси кам экин эккан ёки қаровсиз қолган, хатто кўчат экиб боғ яратмаган оилаларни кўриб, эсиз ерлар, дейсан холос.
Дала, ариқ, анҳорларнигина эмас, хатто ўз ҳовлисидан оқиб ўтган ариқ, анҳорни тозалаш ўрнига унга ахлат, ювинди тўкаётганига нима дейсиз!? Ахир ариқ, кўча – ўзимизники, биров тозалаб, саришта қилиб бермайди. Шунчалик лоқайд, беэътибор бўлиб кетяпмизми?
Давлатимиз ўзингни ўнглаб ол, фаровон яша, дея катта-кичик кредитлар бераётир. Нега кўча ва катта йўллар бўйларига, ариқ ёқаларига дарахт экиб қўйишмайди, ҳадемай рўзғорига асқотади-ку, дегинг келади.
Бозорқўрғонда бир оилани яхши биламан. Ярим гектарча томорқа ери бор. Оилада 6 нафар ўғли бўла туриб, ер баҳорда ҳайдалмай анча турди, июль ойидагина уни чизеллаб, маккажўхори сепишди. Кейин билсам, ўғилларнинг 4 нафари Россияга кетибди. Ота – кекса, она – ногирон. Улар хатто даладаги улушга берилган ерини ҳам сотиб юборишибди. Ана шу томорқани боғ қилса ёки даромад келтирадиган экин экса бўлмасмиди? Олисдаги буғдойдан яқиннинг сомони яхши эмасми?
Ерлар улуш қилиб тақсимланиб, колхозлар барҳам топгандан сўнг дала йўлларидаги тутзорлар қаровсиз қолди. Хатто қишлоқ ҳукуматлари уларни сақлаб қолишни ўйламади. Масалан, Бозорқўрғон туманидаги Бобур номли, Оқтайлоқота номли хўжаликларда, Моси қишлоқ ҳукуматининг “Москва” хўжалигида тутзорлар таг-туги билан кесиб йўқ қилинди. Бозорқўрғоннинг Қизилой, Новкент туманининг Шайдон, Новкент қишлоқларидаги тут плантациялари сақлаб қолинганини кўриб қувонасан киши.
Ҳозир экология муаммоси энг долзарб эканлиги айтилмоқда. Асрлар давомида ота-боболаримиз табиатни асраб-ардоқлаб келишди. Аммо яқинда Арслонбобга борганимизда азиз жой ҳисобланган Намозли тошга чиқдик. Қорли чўққилар қўл етгудек. Шу ердаги икки тоғ орасидаги дарага одамлар мол-қўйларини ҳайдаб юборар, ҳар ойда дурбинда кўриб, бор-йўқлигидан хабар олар эканлар. “Мол-қўйлар тунда ҳам шу ерда қолиб кетса, ёввойи ҳайвонлар еб кетмайдими?” – деб Муҳиддин деган йигитдан сўрасак, у: “Ҳозир тоғда хатто бўрининг ҳам номи бор, ўзи йўқ. Одамлар ваҳший, ҳаммасини йўқ қилиб бўлган”, – деди куйиниб.
Давлатимиз мустақилликка эришган кундан бошлаб демократик тамойилга таяниб иш кўрмоқда. Эркинмиз, озодмиз, мустақилмиз дея оғизга келганни гапириш демократиянинг қадрини тушириб юборади. Энг аввало ҳар биримиз демократия маданиятини чуқур тушуниб олмоғимиз керак. Тан олиш керакки, бугун сиёсий ташвиқот ишлари ночор. Аввалгидек агитатор, пропагандист, лекторлар йўқ. Газета ўқимаймиз. Фақат телевидение орқали айрим янгиликларни билиб оляпмиз. Масжидлар кўпаймоқда, уларда одоб-ахлоқ, иймон-эътиқод каби мавзуларда чиқишлар бор, аммо таъсири оз.
Давлат раҳбари Садир Жапаров, Ҳукумат бошлиқлари мамлакатнинг эртанги истиқболи учун бутун билими, ташкилотчилик қобилияти, куч-ғайратини ишга солмоқда. Биз доимий норозилик ўрнига, ўзим мустақил давлатим равнақи учун нима иш қилмоқдаман, дея савол бермоғимиз керак.
Хуллас, ҳар биримиз тер тўксак, излансак, давлатни бойитишни ўйласак, мустақиллик қадрига етсак, ҳаётимиз фаровонлашиб бораверади.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,
Бозорқўрғон шаҳри.
