ҚАДРИЯТ 

ПОЛВОНЛАРИМИЗ

Элимиз полвонларни яхши кўради. Бир бошқача ҳурматлайди. Фарзанд кўрса, ўғлим полвон йигит бўлсин, деб ният қилади.

“Полвон” – тожик тилидан кириб келган “паҳлавон” сўзининг жўнроқ шакли (бизнинг Ўш томонда “паҳлавон” калимаси ҳам қўлланади, соғлом чақалоқни аёллар “поҳлон (паҳлавонгина) экан”, деб ҳавас қилиб гапиришади).

Ҳар бир маҳалланинг, ҳар бир қишлоқнинг ўз полвони бўлади, у – элнинг юзи. Полвон – одамларнинг кўзида туради. Айтган гапи, ҳар бир қилиғи эъзозланади. Бошқаларга тақиқланган нарсалар гоҳо полвонларга мумкин. Аммо полвон ҳам ўзини шунга яраша тутиши керак. Ғирромлик қилса, ноҳақ зўравонлик йўлини тутса, эл назаридан қолади, бурди кетади. Биров унга қарамай қўяди. У қанча кучли-қувватли бўлса, ҳамияти, орияти ҳам шунга яраша бўлиши, ҳаром-харишдан ўзини тортиб, мискину ожизларга ёрдам бериши, ҳимоя қилиши шарт. Ана шунда халқ уни бошига кўтаради, охирги маблағини ҳам ҳаводор қилиб уни сийлайди.

Полвонлик ҳар хил. Биров кураш полвони, биров тош кўтаради, яна бошқаси муштлашишга полвон. Аммо асосан курашадиган йигит полвон деб аталади. Ўш ва унинг теварагидаги шаҳру вилоятларда Фарғона кураши (ҳозир уни Бухоро курашидан фарқлаш учун “белбоғли кураш” деб ҳам аташади) оммалашган.

Фарғона кураши ўтмишда Қўқон хонлиги ва унинг тасарруфидаги ерларда (Фарғона водийси вилоятлари ва Тошкент, Сирдарё вилоятларида, Қирғизистон ҳамда Қозоғистонда), ундан ўтиб Татаристон, Бошқирдистонда асосий кураш тури бўлиб келган. Хоразм, Туркманистонда ҳам белбоғли кураш анъанавий эди. Бухоро амирлиги ерлари (Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва ҳозирги Тожикистонда эса Бухоро кураши оммавий эди.

Ўзбекнинг бу икки машҳур кураш тури ҳозир дунёга кенг ёйиляпти. Улар орасида анчагина фарқлар бор. Масалан, Фарғона курашида полвон рақибини белбоғидан тутган ҳолда, даст кўтариб йиқитиши, оёғидан чалмаслиги шарт. Бухоро курашида эса полвонлар асосан бир-бирининг ёқасидан олади, чалиб йиқитиш (“чил бериш”) – одатий иш, у ғалабанинг асосий усули ҳисобланади. Аммо ҳар икки ҳолда ҳам полвонлар бир-бирини ҳурмат қилиши, ҳалол курашиши шарт.

Биз эс таниган олтмишинчи-етмишинчи йилларда Фарғона кураши Ўшда, Новқатда, Ўзгану Жалолободда жуда довруқли эди. Халқ уни оддий “кураш” деб атар, деярли ҳар бир маданият ва истироҳат боғида кураш учун ажратилган жойлар бўларди. Нафақат шаҳар, ҳатто қишлоқ жойларда ҳам кураш энг оммавий спорт тури эди. Андижон ва Наманган, Фарғонада, Тошкентнинг Пискент ва Паркент туманларидан полвон кўп чиққан.

Байрамларгина эмас, оилавий тўйлар ҳам қадимда курашсиз ўтмаган. Аксар эли деҳқончилик қилган ўзбекларда тўйлар, ҳар турли шодиёналар одамлар ҳосилни йиғиштириб, дилига қувонч оралаган, дала ишларидан бўшаган қиш паллаларида авж олган. Қаҳратон қишдаги тўйларда қалин ёққан қор ҳовли ўртасидаги майдонга кураб тўпланган, текисланган, унинг устига шоли похоли тўшалгач, полвон йигитлар яланг оёқ чиқиб бориб курашишган. Эгниларида тўн, бошда дўппи, белда белбоғ бўлиши шарт эди. Полвонлар тугул, томоша қилаётган эл ичидан ҳам биров совқотиб қолмаган.

Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романида эса Қорабулоқ қишлоғининг мингбошиси жазирама иссиқ кунда Барот полвон билан бир йиғинда курашгани тасвирланган. Кўрамизки, кураш бизда ҳаётнинг бир кўриниши бўлган, ёздами, ё қишда, бойми ё камбағал, бири ўзбек бўлса, яна бири қирғиз – кураша берилган.

Кураш элни иноқлаштириб, одамларни бир-бирига тенглаштирадиган восита бўлган. Унда ижтимоий мавқе, моддий бойлик, миллий ва диний айирмалар унутилган, ҳамма тенг ва иноқ бўлган. Ўша, биз айтаётган олтмишинчи йиллар охирида Ўшдаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат парки ўртасидаги курашхонада шаҳардаги ҳарбий қисмдан “отгул” олиб чиқиб келиб курашадиган бир грузин солдатга одамлар ярим пақир танга йиғиб беришганини ўз кўзим билан кўрганман.

Ёки етмишинчи йилларда довруқ қозонган Абдураҳмон полвон деган марҳум қирғиз йигитни ҳали-ҳозир ҳамма соғиниб эслайди.

Алишер Навоий номидаги Ўш маданият ва истироҳат боғининг тўрида амфитеатр шаклида барпо этилган кураш майдони бўлиб, ҳар жума куни намозгар маҳали Фарғона водийсининг талай жойларидан келган меҳмонлар давра олар, шу юртларнинг атоқли полвонлари бел олишар эди. Аксар чоллар жума намози тугугач, чойхонада тамадди қилиб олиб, кураш кўришга оқиб келарди. Кураш давраси тобора гавжум бўла борди, унга янги-янги томошалар қўшилди. Чунончи, олишаётган полвонлардан ташқари, кураш даврасининг чор томонида машҳур сўз усталари бири олиб, бири қўйиб аския айтишар, яъни миллийлик ҳадди аълосига етар эди. Давра четидаги сўрида ўтирган Ўш театри созандалари эса қадимий халқ куйларидан машқ қилиб ўтиришарди.

Кун ботар маҳали яқинлашиб, кураш адоғига етгач, шу жойнинг ўзида дор ўйинлари бошланар, томошабинлар давраси дор кўришга келган хотин-қизлар билан янада гавжумлашар эди…

Бу – ҳар йили ёз фаслида Ўшда бўлиб ўтадиган оддий кураш лавҳалари, холос. Аммо Фарғона курашининг энг каттаси, шубҳасиз, Новқатнинг Саҳоба деган сайилгоҳида бундан қирқ-эллик йиллар муқаддам май ойи бошларида ўтадиган бир неча кунлик томоша бўлар эди. Дошқозонлардаги шўрвалар худойи сифатида элга тарқатиларди. Тоғ дараси ичидан оқадиган Чилисой ёнидаги йўлдан ёшлар ва аёллар дара ичига ўтиб, салқин ва мусаффо тоғ ҳавосидан баҳра олишар, қулф уриб ўсган гул-чечакларни томоша қилиб, яйрашар, тўп-тўп бўлиб ўйин-кулги қилишар эди. Аммо асосий томоша – кураш мусобақаси бўлиб, Саҳобага кираверишдаги катта истироҳат боғи марказида, улкан дарахтлар билан ўралган кўкаламайдон атрофига қарийб ўн минг кишилик томошабин деярли ўн-ўн икки қатор бўлиб давра қурар, бу ҳам камлик қилиб, теваракдаги азамат дарахтларнинг шохларига ёш йигитчалар чиқиб олишар, жой катталиги туфайли бир вақтнинг ўзида бир неча жуфтлик полвонлар бел ошишар, кураш майдонининг уёғидаги жарчининг овози бу томонга аранг етиб келар эди. Бутун Фарғона водийси – Фарғона, Андижон, Наманган, Жалолобод, Ўш томонлардан келиб жам бўлган мунча кураш ишқибозлари бир жойга жам бўлишарди. У курашлар халқимиз ҳаётининг энг шукуҳли лавҳалари экан, энди ўйласам.

Полвон йигитлар даврага ўзи отилиб чиқмайди, манманлик, ҳовлиқмалик қилмайди. Уларни бир пайтлар курашган, роса давра кўрган, эл ичида таниқли ва катта обрўга эга оқсоқол полвонлар баайни шогирдидай раҳнамолик қилиб, рақиб полвоннинг жуссасини, кучини чамалаб, курашга солади. Кураш ана ўшаларнинг ташаббуси, даъвати билан ташкил бўлади. Шогирди ғолиб чиқса, уни давра айлантириб, “Чақиринглар, полвон болани!” дея руҳлантириб, отини элга танитиб, ўзи йиқитгандай бўлиб шодланиб юрадиган ҳам, йиқилиб қолса, далда бериб, тоблаб, тарбия қиладиган фидойилар ҳам ана ўшалар бўлар эди. Эл ичида “Ёғоч полвон”, “Тўппонча полвон” ва ҳоказолар деб оти чиққан бу оқсоқоллар кураш анъанасини сақлаб, даврдан-даврга ўтказиб келишган, миллат руҳини кўтарадиган, унинг урф-одатларини асраб-аввайлайдиган улуғ шахслар эди.

Курашиб йиқитган билан одам полвон бўлиб қолмайди. Полвонлик – аввало, мардлик ва олижаноблик. Йиқилган рақибини ҳурмат қилиб, ўрнидан турғизиб, қучоқлаб кўришиб, далда бериб, дўстлашиб кетган полвонларни ҳам кўрганмиз, йиқилаётган пайтида ғолиб полвоннинг чотига кишибилмас қилиб тепиб юборадиган ғирромларни, ёки йиқитган полвонни турасолиб уриб юборган номард полвонларни ҳам кўрганмиз.

Аммо Ўшдаги ўша машҳур кураш ва дор ўйинлари ўтадиган жой бундан қирқ йиллар аввал кимнингдир ғашига теккан шекилли, бузиб текислаб, ўрнига болалар велосипед миниб ўйнайдиган асфальт майдон барпо қилинди. Ҳолбуки, кураш – ўзбекнинг ҳам, қирғизнинг ҳам миллий ўйини эди. Унинг ўрнига киши кишини тепиб, бўғиб, хор қилиб, инсонлик шаънини булғайдиган Европача уришиш кабиларни жорий қилиш билан биз одам шаънини ҳам ерга ураётганимизни, тубанлашаётганимизни ёдга олмай, аҳмоқона глобаллашиш ўпқонига бошимиз билан шўнғиб кетдик. Бундан нима ютдик – худо билади.

Ўшда, Боткенда, Ўзганда, Жалолободда ва ҳоказо ерларда яшаган улуғ полвонларнинг номи унутилиб кетмасайди, деган хавотирдаман. Уларни мардона курашларини кўрган, шунингдек ҳар бирининг чинакам инсоний фазилатларини ёдида сақлаб юрган одамларни топиб, суҳбатлашиб, ёзиб олиб, қирғизча айтганда, элга жориялаб қўйиш – ҳар бир шаҳардаги жонкуяр қаламкашларнинг вазифаси. Ахир, унутмаслик керакки, ҳар бир халқнинг асл қаҳрамонлари аввало полвонлардир, уларнинг жасорати, шижоати эртак ва достонларимизга асос бўлган. Биз шуларни эшитиб улғайганмиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

 

боғлиқ хабарлар