АЙТМАТОВНИ ИККИ БОР КЎРДИМ…
Бирон издиҳомда тўртта одам сизга қараб тикилиб турса, ўзингизни йўқотасиз, сўзларингиз ғалатироқ чиқиб қолиши мумкин. Эсанкираб, бир нималарни гапирасиз, бироқ кейин ўша айтганларини ёдга олиб, таҳлил қилаётиб, “аттанг, унинг ўрнига, мана бундай десам бўлар экан”, дейсиз.
Бир умр тўрт киши эмас, миллион-миллион одам кўз тикиб турган бўлса-чи? Тақдирга миллион одамни оралаб ўтиш битилган бўлса, бу улкан шараф, аммо унда камдан-кам кишигина қаёққа юраётганини унутиб қўймасдан, сарбаст одимлай олади.
Чинггиз Айтматов ана шуни уддалай олган алплардан бири эди. Мен у кишини қачон, қаерда кўрган бўлсам, бир лаҳза ҳам ўзининг оддий бир банда эканини ёддан чиқарганини, нимадандир ҳаволаниб кетганини кўрмадим. Энг катта тантана чоғида ҳам ўзига мурожаат қилган одам билан гўё ёлғиз кўришиб тургандай сўзлаша олар, кибр қилмас, буёқда тумонат кўз тикиб турган бўлса-да, ўша кишининг сўзларини дили билан эшита олар эди.
Албатта, замондошлар қатори, мен ҳам Чинггиз Айтматовни кўп учрашувларда кўрганман. Адл қоматли, хушсурат Айтматов бизга улкан ёзувчининг, жамоат арбобининг эталони бўлиб кўрингани рост. Шунинг учун ҳар ким ҳам у кишининг ёнига бориб сўрашишга журъат қила олмасди.
Ҳали Тошкентда, ҳали Бишкекда Чинггиз оғанинг турли анжуманлардаги чиқишларига гувоҳ бўлганман, эл қатори, кўпчиликнинг бири бўлиб залда ўтирганман. Аммо югуриб бориб кўришиш одатим йўқ, бу одамни яқинроқдан икки бор кўрганман, ҳозир шу ҳақида сўзлаб ўтай.
1995 йилнинг ёз охири, август ойининг сўнгги беш кунлиги. Бишкекда “Манас” эпосининг минг йиллиги ЮНЕСКО ҳомийлигида улуғ тантана қилиб ўтказилди. Дунёнинг ўнлаб, йигирмалаб давлатларидан олимлар, сиёсат арбоблари, юзлаб журналистлар ташриф буюришган. Биз ҳам – Ўзбекистондан ўн бир киши – расмий делегация мақомида юборилдик. Бунга ҳали Президент Ислом Каримов бошчилигида алоҳида борган гуруҳ кирмайди. Демак, камида ўттиз чоғли одам Ўзбекистондан ташриф буюрган.
Ўша кунлар Бишкекда ҳаво бирмунча салқин тортган, костюм кийганлар ҳам анчагина эди.
Юбилей тантаналари бошида барча иштирокчиларни катта бир майдонга таклиф қилишди. У ерда Олатов тоғининг кичик бир макети тошлардан ясалган бўлиб, ўша “тоғ”нинг ҳар жой-ҳар жойида бу юртдан чиққан таниқли одамлар – “Манас” айтадиган улуғ оқинлар, мамлакатнинг энг отоқли академиклари, Чинггиз Айтматов каби бир неча буюк ёзувчиларнинг ҳайкаллари қоянинг у ер-бу ерига ўрнатилган экан. Бизни ўша “ҳайкаллар галереяси” очилишига олиб келишибди.
Тантана бошланди. Теварак тумонат одам. Танга ташласанг ерга тушмайди. Унга биз, Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари ҳам қатнашдик. Қарангки, “расмий делегация” деганнинг мақоми баланд бўлар экан – ўша галерея ёнига икки томони муздай сув отилиб турган фавворалар орасидан Қирғизистон президенти Асқар Ақаев ва Ўшга бориш ниятида бу ерга келган Покистон Бош вазири Беназир Бхутто хоним биринчи бўлиб ўтишди. Иккинчи қаторда Қирғизистон Парламенти раиси, бош вазир, яна икки раҳбар ва Чинггиз Айтматов – булар ўтишди. Учинчи навбатда Ўзбекистон делегацияси аъзолари. Ўн бир киши бўлганимиз сабаб, бир қаторга сиғмаслигимиз табиий. Шунинг учун профессор Суюн Қораев домла чаққонлик билан олдинга ўтиб, Чинггиз Айтматов ёнига етди.
Бироқ, шу аснода кутилмаган ҳодиса бўлди. Атрофни ўраб турган оломон селпинган маҳал қатор юриб бораётганлар ҳам қалқиб кетиб, энг четда, Айтматов ёнида ниманидир сўзлаб одимлаётган Суюн ака – ўзи кичкинагина одам эди – сувга қулаб кетибди. Бу олағовурда мен бошқа ёққа кўз тиккан эканман, мундай қарасам, Чинггиз оға қирғоққа оёғини маҳкам қўйиб, Суюн акани тортиб чиқараётибди. Сувнинг тип-тиниқлигидан, чуқурлиги бирон икки қаричдай кўринади, ҳолбуки икки метрлар бор экан, бизнинг таржимон оғамиз боши билан шўнғиб кетган экан…
Бу, албатта, тасодифий ҳол эди, аммо пешонада бор иш экан-да.
Мен ҳозиргача бошқа нарсани ўйлайман: ўша пайт ёнимизда ўнлаб ёш, бақувват милиционер йигитлар туришган эди. Аммо ёрдамга Чинггиз Айтматов биринчи бўлиб қўл чўзди. Тантанасига ҳам қараб ўтирмади. Ҳолбуки, хизматдаги йигитларга бир имо қилса ҳам бўларди, чунки ўзи ҳам пайғамбар ёшидан ошган, мўйсафид одам эди-ку?
Ундоқ қилмади. Энг яқин жойда тургани учун ўзи кўмакка ошиқди, бир лаҳза ҳам ўтмай, олимни хижолатчиликдан тамом фориғ қилди. Суюн акани кийим янгилаб келиши учун меҳмонхонага машинада жўнатдик.
* * *
Ана шу одам – Чинггиз Айтматов эди. “Одам ҳар куни одам бўлиб қола олиши керак”, деган гапига энг аввало ўзи амал қилишини кўрдим ўшанда.
* * *
“Манас” эпосининг минг йиллиги тадбири асосан халқаро илмий конференция ва Манас юрти деб эъзозланадиган Таласда ўтадиган байрам тантаналаридан иборат эди. Биз Таласда икки кун юриб қайтиб келгач, Чинггиз Айтматов раҳбарлигида ўша халқаро конференция бошланди. Улкан залда дунёнинг жуда кўп мамлакатларидан келган манасшунослар, фольклор мутахассислари, туркология илмининг пешволари, этнографлар, шоир ва ёзувчилар, жамоат арбоблари қўр тўкиб ўтиришибди.
Президиумда – фақат Чинггиз Айтматов. Бир кишилик стол, бошқа ашё йўқ. Тантанали эмас, чинакам илмий руҳда бўлиши учун ҳайъат сайланмаган. Улуғ адибнинг ўзи мажлисни очиб, меҳмонларга навбат бера бошлади. Қўлимизда дастур йўқ эди, энди ким гапираркин, деб қулоқни динг қилиб ўтирибмиз. Бир маҳал Айтматов “Сўз Ўзбекистон вакили, атоқли шоир, “Манас” таржимони Султон Айбарийга!” деб эълон қилди. Эвоҳки, Султон ота келиб-келиб шу маҳал чекиш учун ташқарига чиққан экан. Бу илмий жамоат барча мамлакатларнинг вакилларидан иборат бўлганидан, ким Султон Акбарий, ким бошқа – ажрата олмас эди. Шуни ўйлаб бўлса керак, Тил ва адабиёт институтимиз директори, фольклоршунос олим, профессор Тўра Мирзаев пайтни қўлдан бермай, югуриб минбарга чиқди, бирқанча жўяли гапларни айтгач, Ўзбекистон делегацияси бу байрамга қуруқ келмади, Тошкентда “Манас” юбилейи ўтказилди, бу йил бизда “Манас” эпосининг ўзбек тилига Миртемир таржимаси юзасидан илмий тадқиқот чоп этилди, дея менинг “Туркий эпос ва таржима” деган монографиямни Чинггиз Айтматовга тақдим этди-да, сўнг жойига келиб ўтирди.
Бундай олганда – оддийгина ҳол. Аммо шундан сўнг ғалати иш бўлди. Маълумки, Чинггиз Айтматов Миртемирни бир бошқача ҳурмат қилар, айрича эъзозлар эди. Миртемир ҳақида алоҳида мақола ҳам ёзган, “Манас” таржимасига жуда юксак баҳо берган, Миртемирнинг туркий тилларни яхши билишидан, фольклор руҳига кира олишидан ҳайратларини изҳор қилган.
Шунинг учунми, Тўра Мирзаевнинг қўлидан бояги монографияни олиб, кейинги нотиқни минбарга таклиф қилди-да, китобни ўқий бошлади. Монографиянинг ўзбекча эканлиги унга ҳечам қийинчилик туғдирмади.
Минбардаги нотиқ маърузасини тугатди, бир қанча вақт жойига қайтиш-қайтмаслигини билмай туриб қолди. Айтматов эса уни ёдидан чиқаргандай, мутолаага киришиб кетган эди. Одамлар ишора тариқасида нутққа қарсак чалишди. Ана шундагина Чинггиз Тўрақулович китобдан бош кўтариб, олимга раҳмат айтди, кейинги сўзни яна бир кишига берди-да, яна ўқий бошлади…
Энди, бу китоб қандай китоб эди, деб сўранг! Ўттиз бир йил аввал – иқтисодий қийинчиликлар ҳамма соҳага таъсир қилган, босмахона техникаси ҳозиргидай компьютер дастурлари асосида ишлашга ўтмаган бир пайтда у хира ва сарғиш газета қоғозига “ротапринт” усулида босилган, қолаверса, қоғозга тасвирни туширадиган силлиқ ялтироқ босмахона металл диск бундан аввал ҳам бир неча китобни чиқаришда ишлатилгани учун айрим сўзлар хира, чаплашиб чиққан, ҳижжалабгина ўқиб олиш мумкин бўлар эди.
Ўша пайтда дилимдан ўтган ҳисларни қандай тушунтириб берсам экан? Бир ёқдан, шундай улуғ адибнинг дунёга таниқли олимлар маърузаларига ҳам қулоқ осмай, менинг асаримни ўқишга тушганидан беҳад мамнунлик туйғулари, иккинчи томондан эса, китоб полиграфиясининг ҳалигидай ночорлиги, шу туфайли Чинггиз Айтматовнинг қийналаётганини ҳам кўриб турганим учун хижолатчилик…
* * *
Мен Чинггиз оғани кўп анжуману, давраларда кўрдим, аммо дилимда ана шу икки лаҳза муҳрланиб қолди. Бошқаларнинг ёдида ҳам бундай ўчмас лаҳзалар кўп. Ҳар бир чинакам китобхоннинг ўз Айтматови бор, албатта.
* * *
Биз Чинггиз Айтматовни қанчалик биламиз? – Ўз қаричимиз билан ўлчаб, ўшанга яраша биламиз, ундан ортиқ эмас. Бу улуғ инсонни тиригида муносиб қадрлай олдикми? Чет элларда, айниқса Россиялик донишмандсифат мунаққидларнинг ичиқоралик, кўра олмаслик руҳида “мнение”ларидан озурда бўлганида, қаланғи-қасанғи адабиётшуносларнинг бўлар-бўлмас “танқид”ларидан изтиробга тушганида ёнида турдикми?
Шуни ўйласам, бир воқеа ёдимга келади-да, хайрият, деб қўяман. 1998 йил, ёзувчининг етмиш йиллик юбилейи кунлари Тошкентда, Республика Байналмилал марказида бир йиғилиш бўлди. Даврага ёзувчи, Чинггиз Айтматовнинг дўсти Одил Ёқубов раислик қилди. Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, таниқли давлат ва жамоат арбоби Ботирали Сиддиқов ҳам президиумда ўтирибди.
Одил ака анжуман иштирокчиларига қараб, “Мана, Ибройимжон Ғафуров ва Ойдин Ҳожиевалар ҳам оилавий келишибди. Булардан қай бирига сўз берсак экан?” деб лутф қилди-да, аввал бир-икки оқсоқолни минбарга таклиф қилди. Ана шундан сўнг Иброҳим ака микрофон ёнига келди. Чинггиз Айтматов, унинг жаҳон адабиётида тутган ўрни ҳақида ҳали ҳеч ким айтмаган, ҳеч ким эшитмаган юксак гапларни бирма-бир далиллаб даврага тақдим этди. Адибни Достоевскийга, Маркесга, яна бошқаларга қиёслаб, улардан афзал томонлари ҳам борлигини мухтасар равишда, исботи билан келтира бошлади. Бу шундай бир илмий, айни пайтда шундайин бир алангали маъруза бўлдики, унинг ўзи ўзбек адабиёт оламида алоҳида ҳодиса, унутилмас воқеа бўлиб майдонга келди.
Бу қачон, денг? Айтматов шаънига ярашмайдиган, ошкора ғанимлик эканлиги кўриниб турган мақолалар Масков журналларида пайдарпай эълон қилинаётган, анойироқ китобхонлар иккиланиб ҳам қолаётган бир замонда!
Қирғизистон элчиси профессор Ботирали Сиддиқов бутун гавдаси билан Иброҳим акага томон ўгирилиб олган, қирғиз адибини бу қадар юксак баҳолаётган ўзбек мунаққидининг асосли ва дадил муносабати у кишини ҳам лол қолдираётган эди. Тўғрироғи, бу чиқиш юбилей муносабати ила айтиладиган чиройли навбатчи гаплардан иборат эмас, балки ўн йилча аввал ўзбек халқининг бошига бўҳтон мағзавалари ағдарилаётган пайтда элимизни ёқлаб чиққан мард адибга, унинг улуғ ижодига ўзбек халқининг ҳам самимий, оташин бир жавоби, эътирофи, эъзози эди…
Адабиёт – бадиий тўқимачилик даврини, беллетристика замонини ўтаб бўлди. У энди халқ ҳаётининг бадиий ойинаси бўлиб яшаётир. Уни шу даражага кўтаришда эса улуғ инсон, буюк ёзувчи Чинггиз Айтматовнинг ҳиссаси беқиёс.
Зуҳриддин Исомиддинов
