ҚАДРИЯТ 

ОҚМАДРАСА ҚАЙТА ҚУРИЛАДИ

Ўш шаҳрига ташриф буюрган киши аввало Сулаймон тоққа йўл олади. Чунки бу тоғ нафақат табиий ёдгорлик, балки шаҳарнинг тарихий мерос сифатидаги ташриф қоғози ҳамдир. Тоғ шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, баландлиги шаҳар кўчалари сатҳидан 100-150 метрни ташкил этади. Узунлиги шарқдан ғарбга томон 1,5 км, эни эса (жануб-шимол) 120 метрдан иборат. Сулаймон тоғининг энг юксак нуқтаси денгиз сатҳидан 1106 метр баландда. Уч минг йиллик тарихга эга бўлган Ўшда баъзи тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Уларнинг асл қиёфасини яна тиклаш, ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида Қирғизистон  Маданият вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари кенг кўламли лойиҳаларни режалаштирмоқда.

Маданият вазири Мирбек Мамбеталиевнинг Сулаймон тоққа ташрифи тасодифий эмас. Бу йил «Маккаи ажам» деб номланган бу тоғда 12 миллион долларлик кенг кўламли реконструкция ишлари бошланади. Лойиҳа 12 та ҳудудни қамраб, уч босқичда амалга оширилади. Яъни, Сулаймон тоғидаги барча иншоотлар ЮНEСКО талабларига мувофиқ тўлиқ таъмирланади.

Сулаймон тоғ инфратузилмасини яхшилашга бағишланган йиғилишда қабрларни сақлаш ҳамда тартибга келтириш масаласи ҳам кўтарилди. Унга кўра, қабристонлардаги темир ва бетон тўсиқлар олиб ташланиб, ҳудуд кўкаламзорлаштирилади. Шуни таъкидлаш керакки, Сулаймон тоғ ҳудудида учта қабристон мавжуд.

“Кўп қабрларнинг эгалари йўқ. Агар бўлганда, қаровсиз қолмас эди. Тўғри, баъзи қабрлар атрофини тозалаб, темир панжараларини бўяб туришади. Аммо аксари қаровсиз. Ёнғин бўлганда қорайиб кетган. Чўкиб кетганлари ҳам кўп”, – деди “Сулаймонтоғ” музей муажмуаси директори Медербек Апарханов.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда қабрларни қайта тиклаш имкони бўлмаяпти, чунки кўпчилиги чўкиб кетган. Атрофи темир панжара ёки бетон тўсиқ қилинганлари эса таъмирлашга имкон бермайди. Бундан ташқари, бугунги кунда 1901 йилда қурилган тоғдаги масжид қолдиқлари топилган. Мозорлар таъмирланганидан кейин ушбу масжид ҳам қайта тикланади.

Ўш шаҳар мэри лойиҳани кўриб чиқиш жараёнида тоғнинг “Дарвозаи муғкада” (“Оташпарастлик ибодатхонаси” дарвозасидан “Дарвозаи об” (“Сув дарвозаси”)гача бўлган тош йўлни асфальтлаш лойиҳасига ўзгартиришлар киритиб, бу ишларни кенг кўламда амалга оширишни таклиф қилди. У пиёдалар учун йўл Сулаймон тоғни тўлиқ айланиб ўтадиган даражада бўлиши керакни таъкидлади. Шунингдек, ушбу ишларни амалга оширишда уй эгаларига қонунга мувофиқ товон пули тўлашга маҳаллий ҳокимият тайёр эканлигини айтди.

“Маданият вазирлиги билан биргаликда, тоғ атрофини айланиб ўтган йўлни бошласак. Ҳамкорликда тарихий иш қилган бўлардик. Техникамиз ҳам, маблағимиз ҳам етарли. ЮНЕСКО катта қурилиш бўлмаслиги керак, деб ҳавотир билдирмоқда. Ҳеч қандай катта қурилиш бўлмайди. Фақат велойўл, пиёдалар йўлаги ҳамда ободонлаштириш бўлади, холос. Шаҳарликлар ҳамда меҳмонлар айланиб юрадиган йўл қиламиз. Тоғ остида истиқомат қилаётган аҳолига эса ҳеч қандай босим қилмасдан, тўғри тушунтириб, қонун доирасида товон тўлаб берамиз”, – деди мэр Жанарбек Акаев.

Вазир Мирбек Мамбеталиев лойиҳа 2019 йилдан буён амалга оширилмай келаётганини  таъкидлаб, уни энди  кечиктирмасдан якунлаш вазифасини қўйди.

“Ўтган йили тиғиз ҳамкорлик ишлари олиб борилди. Жаҳон банки орқали 16 миллион доллар ажратилмоқда. Унинг ичидан 12 миллион доллари Сулаймон тоғига сарфланади. 4 миллион доллари эса, Ўзган шаҳридаги “Ўзган минораси”га музей қуриш учун ишлатилади. Жорий йилнинг апрел ойидан бошлаб, босқичма-босқич иш олиб борилиб, йил сўнгигача битириш режалаштирилган”, – деди маданият вазири.

Ўшнинг тарихий меросини тиклаш бўйича яна бир йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу Олимбек Додхоҳ мадрасасини асл жойида қайта қуриш ташаббуси. Хусусан, собиқ марказий бозор ҳудуди – Оқбура дарёси бўйида жойлашган ҳудуд кўриб чиқилмоқда. Мадраса айнан шу ерда қад ростлаши режалаштириляпти. Ёдингизда бўлса, Алимбек Дотҳо мадрасаси 1940-1950 йилларда йўл қуриш учун бузиб ташланган.

Маданият вазири Мирбек Мамбеталиевнинг таъкидлашича, ҳозирда ушбу тарихий жойни тиклаш масаласи кўриб чиқилмоқда ва лойиҳа президент назоратида. “Президентимиз Оқмадрасани қайта қуриш топшириғини берган. Ҳозирда маҳаллий ҳукумат билан ҳам сўзлашув олиб бориб, тарихий жойини аниқлаяпмиз”, – деди вазир.

“Сулаймонтоғ” музей муажмуасининг бош рассоми Айбек Шамшиев, Оқмадраса ўрни Ўш шаҳридаги эски марказий бозордан оқиб ўтган Оқбура дарёсининг ўнг тарафидаги “Темур полвон” савдо мажмуасининг ўрнида бўлганини маълум қилди.

“Эски марказий бозорнинг тарихий қисмини реконструкция қилдирсак, унинг тўғрисида Олимбек додхоҳ мадрасаси қайта қад ростлайди. Буни Маданият вазири ҳамда шаҳар мэри маъқуллади”, – деди рассом.

Эслатиб ўтамиз, икки йил аввал Ўш шаҳридаги марказий бозор бузилиб, шаҳар ташқарисига кўчирилган. Маҳаллий ҳукумат бозорнинг қадимий ҳунармандчилик жойларини сақлаб қолиш орқали сайёҳларни жалб қилишни кўзламоқда. Бундан ташқари, эски бозор ўрнига хиёбон қуриш режалаштирилган.

 

 

Умида Мирзабоева

боғлиқ хабарлар