ҚАДРИЯТ ТАҲЛИЛ 

ЯХШИЛИКНИ УНУТИБ БЎЛМАС

Нимани эсда сақлаб қолиб, нимани унутмоқ керак?” – деб сўрасалар, бир донишманд, ”Агар кишилар сенга яхшилик қилган бўлса – унутма, сен бировга яхшилик қилган бўлсанг – унут”, деб жавоб берган экан. Бу ҳаёти дунёда яшаб, туқсон ёшни қоралаб бораётган чоғимда умрим давомида менга яхшилик қилганларни санаб саноғига етолмайман. Уларни ҳар ибодатимда эслаб, дуолар қилиб, Оллоҳдан ажру савоблар сўрайман.

2021 йил ёз аввалида бир гуруҳ қирғизистонлик ижодкорлар билан Тошкент шаҳрига боргандик. «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исомиддиновнинг, Ўзбекистонликларнинг бизга кўрсатган беқиёс ҳурмат-эътибори асло ёддан чиқмайди. Шу учрашувда мен ўзгаларга меҳри бир олам бўлган эзгу ниятли бир йигитни учратдим, мана беш йилдирки, бу бағри кенг, самимий, сахий инсон менинг қалб ардоғимда.

Ижодкорлар маскани – Дўрмонга йиғилганимизда Зуҳриддин домла борадиган, кўрадиган жойларга бизларни етказадиган ҳайдовчиларни аниқлаб, “Фахриддин, сиз уч кишига хизмат қиласиз, Мўйдинжон акам ёнингиздаги ўринда бўлади”, дея ҳайдовчига тайинлади. Сафаримиз давом этган кунлар Тошкентнинг гўзал ва бетакрор масканлари билан танишиш асносида Фахриддиннинг ширинсўзлиги, бирон нарса сўрасак, “Хўп бўлади” дея адо этиши менигина эмас, шерикларимнинг ҳам ҳайратига боис бўлди. Фахриддин билан яқиндан танишдим. Асли Ўшлик бу йигит тақдир тақозоси билан тошкентлик бўлибди. Шу гўзал шаҳарда илдиз отиб, ишхоналар ташкил қилибди. Сафаримиз ниҳоялаб, қайтар эканмиз, бизни кузатган Фахриддин қучоқлаб хайрлашиб: “Мўйдинжон ака, менга ёқиб қолдингиз, отамдек ёшда экансиз, ҳамиша ҳурматимдасиз. Бирон юмуш билан шаҳримизга ташриф буюрсангиз қўнғироқ қилинг, албатта учрашайлик, муаммолар бўлса ҳал этишга кўмаклашамиз, дуолар қилиб туринг”, – дея самимий хайрлашди. Мен эса биз томонларга ҳам албатта келинг, зориқиб кутаман, Иссиқкўл, Арслонбобдек тоза ҳаволи табиати гўзал масканларда дам оламиз”, деб таклиф этдим.

Ўша учрашувдан бир йил ўтга кўзим катаракта бўлиб, операция қилишга тўғри келди. Тошкентдаги Ҳасанбой деган кўз шифокорини эшитиб, унинг муолажасига умид боғладик. Тошкентда арзонроқ, шинам меҳмонхона топиш ўйлантирди. Яна Фахриддин укамизни эсладим. Ундан яхши меҳмонхона топиб, адресини берса, таксида топиб олишимизни айтдим.

– Мўйдинжон ака, ташвишланманг, ўзим кутиб олиб, меҳмонхонага ҳам элтиб қўяман, – деди у.

– Сизни овора қилгимиз йўқ, меҳмонхонани билсак, топиб олармиз…

– Мени ҳафа қиляпсиз, сиздек инсонларга хизмат қилиб дуоингизни олишга интизорман, ўзим кутаман, – деди.

Фахриддин ярим тунда бизни вокзалда кутиб олди ва тунги кафеда овқатлангач, “Имран” деган меҳмонхонага етказди. Уч одамнинг овқати ва меҳмонхона ҳақини ҳам тўлаб қўйибди. Бир инсонни анча овора қилиб қўйганимиздан хижолат чекиб, мусофирхона ҳаққини тўламоқчи бўлувдик биздан ранжиди.

– Мени уялтирманг, неча марта келсангиз ҳам азиз меҳмонимсиз, – дея самимий сўзларни айтиб, мени қучоқлади, – сизларга хизмат қилиб, олтинга тенг дуоларингизни олишдан жуда бахтиёрман.

Таржима ҳикояларимиз китоб бўлиб Тошкентда чиққач, қалам ҳаққи олиш учун Қурбон Саттор билан Тошкентга борганимизда яна Фахриддин кутиб олди ва унга оид ташвишларни ҳал этиб, бизни беҳад қувонтирди.

– Фахриддин, сизга бир олам раҳмат, жуда миннатдормиз, энди бизнинг ҳам меҳмонимиз бўлинг, деб қаттиқ туриб олишимизга қарамай, яна у бизни меҳмон қилди. Улуғ шоир Эркин Воҳидов; “Ҳақиқий дўст кўнгил уйининг ободлигидир”, деб айтганидек, у кўнгил уйимизни обод этди.

Энди яна бир яхши инсон ҳақида. Беш йил муқаддам баҳор фасли Наманганнинг “Шаҳанд” сиҳатгоҳида дам олдим. Менга Хоразмдан келган Ганжабек ва Комилжон деган йигитлар ҳамхона бўлди. Муолажалардан сўнг сиҳатгоҳнинг дилтортар гўзал жойларини бирга томоша қилдик, ширин суҳбатлар қурдик. Ганжабек шифокор, Комилжон деҳқон экан. Айниқса Ганжабекнинг одамшавандалиги, ширинсўзлиги, одамга меҳрибонлиги жуда ёқди. Улардан икки кун олдин менинг дам олишим ниҳоялади. Хайрлашар экан, Ганжабек шундай деди: “Бағри кенг бўлса киши ҳам кўнгли соф – ҳар шаҳардан унга боққай офтоб” деб айтган Жалолиддин Румий. Мен кўп шаҳарларга, юртларга бораман, танишганларим, суҳбатлашганларим орасидан яхшилари билан дўстлашаман, улар билан содик дўст тутиниб, яхшилик қилишга интиламан. Сиздек табаррук ёшдаги мўйсафид билан танишганимдан бошим осмонда. Ёзда албатта Хоразмга келасиз, кутаман. Урганчни, тарихий Хива шаҳрини кўрсатаман, азиз меҳмоним бўласиз”.

Мен эса, аввал сиз келинг, Қирғизистоннинг гўзал масканларин кўрсатаман, деганимга қарамай, ўша йил Ганжабек ёз бўйи қўнғироқ қилиб юртига таклиф этаверди. Ёз у томонларда иссиқ келади, деб вақтни чўздим. Ниҳоят сентябрь ойи охирида менга араб тилини ўргатган устозим Тожиддин Омонбой ўғли билан йўлга чиқдик. 22 соат йўл юриб Урганчга етиб келдик. Ганжабек ва Комилжон кутиб олди. Уч кун меҳмон бўлдик. Кўҳна Хива шаҳрини мириқиб айландик. Сўнгра Нукус, Бухоро ва Навоий шаҳарларида ёдгорликларни тўйиб томоша қилдик. Сафаримиз ўн кун давом этди ва “Обод юртни оралаб” деган йўл таассуротлари китобчаси пайдо бўлди.

Чиндан ҳам, Ганжабек садоқатли дўст бўлиб чиқди. Келаси йили таваллуд куним Бозорқўрғонга совға-саломлар билан келиб табриклади, азиз меҳмоним бўлди. Ёзда келганида дўстларим билан бирга Арслонбобни кўрсатдим. Табиати мафтункор масканни тўйиб томоша қилиб, бир олам қувонди. Бозорқўрғоннинг катта бозорини айландик. Унга ёққан буюмларни бирга харид қилдик. Ҳамиша қалин алоқадамиз, ҳар куни қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрайди. Бу йил Хоразмлик дўстларни Иссиқкўлга таклиф этдим.

Ҳаётимда яхши инсонлар кўп учради. Турли тадбирларда, маросим ва анжуманларда учрашиб, танишиб, ўзаро мулоқотда бўлаётган, қўлидан келган яхшилигини аямаётган инсонларни фахр ила тилга олсам, дейман. «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари Зуҳриддин Исамиддинов, ўшлик ёзувчи Абдуғани Абдуғафуров, журналист Одилжон Дадажонов, бишкеклик Абдумўмин Мамараимов, андижонлик шоир Фарид Усмон, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи, шоирлар Муқимжон Нурбоев, Абдурашид Эргашев ва бошқалар ҳамиша қалбим тўрида. Ҳар куни беш вақт ибодатда дуога қўл очиб, уларнинг ҳаққига дуолар қиламан.

Бу дунёга фақат шахсий фойда кўзлаш учун эмас, Ватанга, қариндош-уруғларга, дўстларга ва умуман ҳар бир одамга яхшилик қилиш учун келганмиз. Балиқ сувда, инсон эса жамият бағрида яшайди. Илм, маърифат юксалгани сари одам одамга муҳтожлик сезаверади. Бой бўлиб, ҳеч нарсага муҳтожлигингиз бўлмаса ҳам, барибир бошқаларга эҳтиёж сезасиз.

Ё Оллоҳ, қалбим тўридаги бу азиз инсонларни паноҳингда асрагин, яхши ниятларига етказгин, яхши кўрган бандаларинг қаторига қўшгин, омин!

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон шаҳри.

 

боғлиқ хабарлар