ҚАДРИЯТ 

СОВЧИЛИК

Туркий тилларда уйланувчи йигит томонидан қиз кўриш ва қиз томоннинг розилигини сўраш учун вакил қилинган киши совчи деб аталади.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида “саw” сўзи “оталар сўзи” деб изоҳланган. Бўлиб ўтган воқеалардан хабар бериш, айтиш. Саw – ҳикоя, рисола, хат, кичик китобча. Саwч – келин ва куёвлар орасида, бир-бирига хат-хабар элтувчи совчи. “Совчи” сўзи “сўз”, “хабар”, “ҳикоя” маъносида қўлланган қадимги туркийча “сав” лексемаси билан алоқадордир.

Қозоқ тилшуноси Р.Сиздиқованинг фикрича, “савчи”/“жавчы” сўзининг асосидаги “сав” элементи туркий тилларда “сўз” маъносини билдирувчи “сөз/сау” ўзагига боғланади.

Янги оила барпо этишга қўйиладиган илк қадам совчиликдан бошланади. Жамиятда совчилик никоҳ жараёнининг энг масъулиятли ва ҳал қилувчи босқичидир. У орқали икки ёш тақдири билан бирга икки оила, ҳатто кенг жамоа муносабатлари боғланган. Шу сабабли, совчилик енгил-елпи удум эмас, балки маънавий, ижтимоий ва диний аҳамиятга эга бўлган анъана ҳисобланган.

Совчиларнинг асосий мақсади – икки ёш ўртасида ҳалол ва барқарор никоҳга замин яратишдир. Улар орқали йигит ва қиз оилаларининг нияти очиқланади, ўзаро ишонч ва келишув шаклланади. Яъни, совчилар фақат хабар етказиб қолмай, икки томон ўртасида маънавий кўприк вазифасини бажаради.

Совчиларнинг яна бир муҳим вазифаси – шошма-шошарликка йўл қўймасдан, никоҳ масаласини пухта ўрганишдир. Улар икки оиланинг турмуш тарзи, ахлоқий қиёфаси, жамиятдаги ўрни ва ўзаро мослигини мулойим суҳбат орқали билиб олади. Бу эса кейинчалик оила барқарорлигига хизмат қилади.

Совчилар томонларнинг шаъни ва қадр-қимматини сақлашга алоҳида эътибор берган. Рад жавоби берилган тақдирда ҳам муносабатлар бузилмаслиги, гап-сўз чиқмаслиги совчилар масъулиятида бўлган. Шу орқали жамоада тинчлик ва ўзаро ҳурмат сақланган. Бироқ гоҳо совчиликда қуда бўлмоқчи бўлган оила олдида қиз ёки йигитнинг айрим нуқсонларини ошкор этмасдан, уларни яширишга уриниб, никоҳни ҳийла ёки нотўғри маълумотлар асосида амалга ошириш ҳам учраб турган. Бу эса кейинчалик оилавий муносабатларда турли муаммолар юзага келишига сабаб бўлган.

Исломда насаб, ахлоқ ва имон масалаларига алоҳида эътибор берилади. Совчилик чоғида айнан шу жиҳатлар — ёшларнинг тарбияси, оилавий муҳити ва маънавий қиёфаси муҳокама қилиниши диний қарашлар билан уйғун келади. Шунингдек, совчилар никоҳни диний ва ахлоқий меъёрларга мувофиқ равишда амалга оширишга хизмат қилган. Улар орқали катталар маслаҳати, ота-она розилиги ва жамоа фикри инобатга олинган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳни суннат деб атаб, ҳар бир мусулмонни оилавий ҳаётга ундаган. Совчилик эса ана шу суннатни амалга ошириш учун шаръий ҳалол йўл ҳисобланади.

Исломда никоҳга доир барча амаллар, жумладан, совчилик жараёни ҳам одоб-ахлоқ ва шариат қоидалари асосида амалга оширилади. Совчиликнинг асосий мақсади куёв ва келин томонлари ўртасида танишувни ташкил қилиш, улар ўртасида розиликка эришиб, икки оила иттифоқини шакллантиришдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деган:

“Сизлардан бирингиз ўзганинг қизига совчи қўймоқчи бўлса, уни кўриши учун имкон яратсин. Чунки бу иш ўзаро меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди”.

Пайғамбаримиз оила қуришда диндор ва ахлоқли жуфт танлашни тавсия этган: “Аёлни тўрт нарса учун никоҳлашади: мол-давлати, насл-насаби, ҳусну жамоли ва диндорлиги. Диндорини танла, акс ҳолда қўлинг тупроққа ботади”.

Миллий анъаналарда совчилик, аввало, жамоавий масъулиятга асосланган муҳим удум сифатида шаклланган. Ўш муҳитида никоҳ масаласи фақат икки ёшнинг шахсий қарори деб қаралмаган, балки икки оила, қариндош-уруғ ва ҳатто маҳалла жамоаси манфаатларига дахлдор масала сифатида баҳоланган. Шунинг учун совчиликка алоҳида жиддий муносабатда бўлинган.

Совчилик жараёни орқали оилалар ўртасида ўзаро ҳурмат, одоб-ахлоқ ва муомала маданияти намоён бўлган. Совчи сифатида, одатда, жамоада обрў-эътиборга эга, сўзи ўтадиган, ҳаёт тажрибаси етарли катта ёшли шахслар танланган. Бу эса совчилик пайтида ҳар бир гапнинг ўйлаб айтилишига, икки томон шаъни ва қадр-қимматининг сақланишига хизмат қилган. Ана шу тартиб совчилик жараёнида ортиқча гап-сўзлар, ноқулай ҳолатлар ва келажакдаги ихтилофларнинг олдини олган. Натижада никоҳ масаласи пухта ўйланган ҳолда ҳал этилган, бу эса янги оиланинг барқарор, мустаҳкам бўлишига замин яратган.

Совчилик фақат розилик олиш билан чекланмаган, балки икки оиланинг ўзаро мослигини синашга қаратилган муҳим маросим ҳисобланган. Бу жараёнда, одатда, икки ёки уч нафар тажрибали аёл киши вакил сифатида қатнашиб, ушбу масъулиятли вазифани бажарган. Совчилик чоғида насаб, қўни-қўшничилик муносабатлари, оилавий обрў-эътибор ва жамоадаги мавқе каби омиллар алоҳида эътиборга олинган. Ана шу пухта ўрганиш ва мулоҳаза никоҳнинг узоқ муддатли, барқарор ва мустаҳкам бўлишига хизмат қилган.

Совчилик анъанасининг энг муҳим жиҳати шундаки, унда диний талаблар билан миллий урф-одатлар ўзаро уйғунлашган. Диний жиҳатдан ҳалоллик, розилик ва адолат асос бўлса, миллий қарашларда одоб, ҳурмат ва жамоавий келишув устувор бўлган. Айнан шу уйғунлик боис совчилик асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмасдан, жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаб келган.

Бугунги кунда оила қуриш жараёни замонавий воситалар, жумладан, танишув сайтларидан фойдаланишни ҳам ўз ичига олмоқда. Бундай ҳолатларда шариат чегараларини сақлаш ва ҳалолликка риоя қилиш муҳим. Замонавий воситалар орқали танишаётган томонлар ҳам диний қоидаларга амал қилиб, совчиликни анъанавий услубда амалга оширишлари лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўш муҳитида совчилик оддий урф-одат даражасида эмас, балки асрлар давомида шаклланган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган муҳим ижтимоий-маданий анъана ҳисобланади. Бу удум орқали оила қуриш масаласи фақат икки ёшнинг шахсий танлови сифатида эмас, балки икки оила ва жамоанинг умумий маънавий масъулияти сифатида қаралган. Совчилик ана шу жамоавий ёндашув орқали никоҳнинг мустаҳкам ва бардавом бўлишига хизмат қилган.

 

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар