ҚАДРИЯТ 

ЭШИТМАДИМ ДЕМАНГЛАР!

    2025 йил 20 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу қарорнинг 8-бандида “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ватандошлар” жамоат фонди билан биргаликда ҳар йили Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиaдасини ўтказиб бориши, олимпиaда ғолибларини республика олий таълим муассасаларининг “филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилиши” вазифа  қилиб белгиланган.

Жумладаги “халқаро олимпиада” деган сўзга эътибор қилишингизни сўрар эдик. Бундан, агар Қирғизистонлик мактаб ўқувчилари ҳам ўзбек тили ва адабиёти бўйича ушбу олимпиадага қатнашса, ғолиб чиққанлар Ўзбекистон олий ўқув юртларининг ўзбек тили ва адабиёти факультетларига конкурсдан ташқари, давлат гранти ҳисобидан (яъни бепул) ўқишга қабул қилиниши белгилангани аён бўлади.

Шуни ҳозирдан ҳисобга олиб, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти Қирғизистондаги барча ўзбек тилли мактаб муаллимларидан ушбу олимпиадага ўз ўқувчиларини тайёрлашга киришишни илтимос қилади.

Биз имкон борича, ушбу олимпиада ташкилотчиларидан у қай тарзда, қачон қаерда ўтказилиши, олимпиада иншо тарзида ўтказиладими, ёки оғзаки ҳолдами, ёзма равишдами ёинки тест топшириш тариқасидами – буларни сўраб аниқлаймиз ва сизларни бундан хабардор қилишга ҳаракат қиламиз.

Аввало, шуни айтиб ўтайликки, бунинг муайян даражада ўзига хос қийинчиликлари ҳам бўлиши табиий. Чунончи, Қирғизистонлик ўқувчиларга мактабда ўзбек адабиёти фани Ўзбекистон ёки Қозоғистондагидан бошқача дарсликлар асосида таълим берилаётгани сир эмас. Кўпгина қўшни мамлакатларда бир бутун ўзбек адабиёти, унинг мактаб дарсликларига киритиладиган энг атоқли сиймолари қолиб, унинг ўрнига маҳаллий адабий муҳит ҳамда шу республикадаги адиблар ижодини талқин қилишга ружу қўйилаётгани маълум. Бу эса юқорида эслатилган олимпиада каби тадбирлар чоғида бизнинг мактаб битирувчиларини ноқулай аҳволга солиб, қийнаб қўйиши ҳам мумкин. Қирғизистонда бу мамлакатнинг ўзбек тилидаги алоҳида, “ўз” адабиёти йўқ, Туркманистонда, Қозоғистонда ва Тожикистонда ҳам, ҳатто керак бўлса, бирнеча миллион нафар ўзбек истиқомат қиладиган Афғонистонда ҳам Ўзбекистондагидан бошқа, бўлак сўз санъати йўқ. Шунга интилишимиз керак. Шу каби, Ўзбекистонлик қозоқ адибарининг ижоди ҳам умумқозоқ адабиётининг бир қисми деб қаралиши керак. Кимки бу фикрни инкор этар бўлса, у миллий яхлитликка путур етказишга, бўлиб-парчалаб ташлаш пайида юрганлар билан ҳамфикр эканини эътироф этиши керак. Адабиёт, санъат, халқ фольклори каби нарсалар чегара билмас нарсадир. Ахир, Фузулийни Ироқда туғилгани учун Ироқ адабиётига мансуб дея олмаймиз, у буюк озар шоири-ку!

Бинобарин, бизнинг фикримизча, агар қай бир дарслик муаллифлари ўша, бундан йигирма-ўттиз йил аввалги олағовур эйфория замонида боягидай учулда дарсликлар тузган бўлишса, халқимизнинг “ўсма кетиб қош қолар, сувлар кетиб тош қолар”, деган мақолидаги каби, яна бирбутун ва яхлит ўзбек адабиётининг энг асосий тарихи, умумий тамойиллари ва энг атоқли намояндаларининг ижоди ёритиладиган дарсликлар тузишга қайтишлари маслаҳат.

Иккинчидан. Яна халқаро олимпиада мавзуига қайтар бўлсак, яқинда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 2026 йилда мактаб муаллимларининг ойлиги қарийб икки баравар оширилишини эълон қилди. Бу қарор мамлакат чинакам ривожланиш йўлига ўтишга қатъий бел боғлаганини билдиради. Чунки эндиги замонда ҳар бир мамлакат фақат илм-билим орқали тараққий этиши маълум. Ўқитувчилик йилдан-йилга ўзининг асл маъносига қайтиб, ҳурматли ва шарафли касбга айлана боряпти.

Бу ҳолда яна педагогика соҳасидаги олий ўқув юртларининг аудитория ва фойелари бундан эллик-олтмиш йиллар аввалгидек обод ва гавжум бўлиши турган гап. Ўқитувчи бўламан, деган йигит-қизлар кўпайиши шубҳасиз.

Биз бу ҳолда энг билимли, энг муносиб фарзандларимиз талабаликка қабул қилинишини астойдил истаймиз. Чунки халқнинг, мамлакатнинг, давлатнинг келажаги, охир-оқибат, муаллимларнинг қўлида.

Шунинг учун ҳам, гарчи қўполроқ туйилса-да, бир гапни очиқ-равшан айтиб ўтишга бурчлимиз. Очиқ айтиш керак, халқаро олимпиадада инсон омили ҳам кўп бўлади. Шундай экан, агар кимдир бу имкониятдан фойдаланиб, билими юқори, зеҳни ўткир ўқувчини, Ўш тили билан айтганда, бўладиган болани қолдириб, унинг ўрнига ўзининг, ё бирон яқинининг фарзандини ўқишга “тиқиштириш” пайидан бўлса, аввало имонига путур етади, чунки бу ноҳалол йўлдир. Имон эса фақат тоат-ибодат билан эмас, яхши, савоб амаллар орқали ҳам барқарор бўлади.

Учинчидан, мана шу хабар Қирғизистондаги барча ўзбек тилли мактаблар ва аралаш тилли мактабларнинг ўзбек тили ва адабиёти муаллимларига етиб боришига, уларнинг бу ишга астойдил жалб этилишига эришайлик. Токи, “биз эшитмабмиз”, деб афсусланишларга ўрин қолмасин.

«Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти эса келгуси йиллардан бошлаб, Қирғизистонлик мактаб битирувчилари нафақат ўзбек тили ва адабиёти, балки бошқа фанлар бўйича ҳам Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул қилиниши учун ҳаракат қилади.

Бу борада бизга энг яхши мисолни, ўрнакни ҳам Қирғизистон беради: 1992 йилдан бошлаб ҳар йили 30 нафар Ўзбекистонлик этник қирғиз мактаб битирувчилари Қирғизистон олий ўқув юртларига ўқишга бепул қабул қилинади. Мустақиллик йилларида минг нафарга яқин Ўзбекистонлик қирғиз йигит-қизлар дипломли мутахассис бўлиб етишдилар. Бундай ҳамкорлик, ибрат намуналари келгусида янада кучаяди, иншооллоҳ!

 

Зуҳриддин Исомиддинов,

«Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раҳбари

боғлиқ хабарлар