ҚУРБОНЖОН ДОДХОҲ
“Олой маликаси – Қурбонжон додхоҳ 1865 йилдан то 1880 йилгача Помирда бир саркарда сифатида халқни ўз атрофига тўплаб, қўлида яланг қилич билан фон Кауфманга қарши курашди, – деб ёзган эди академик шоир Ғафур Ғулом 1944 йилда ёзган “Бизнинг оналар” деган мақоласида. – У шу даражада жасоратли бир хотин эдики, ўғли Қамчибек Кауфман томонидан асир қилиниб, дорга осилаётганда, дор тагига келиб, ўғлига хитобан: – Хайр, ўғлим, ота-боболаринг ҳам душман қўлида ҳалок бўлди, шаҳид ўлмоқ бизга мерос. Сенга берган сутим оқ бўлсин! – дея олган ва отининг жиловини терс буриб, ўғлининг тортаётган азоб-уқубатларидан шартта юз ўгириб кета олган хотиндир”.
Ҳатто эркакларнинг ҳам камдан-камига насиб бўладиган бу қадар мард, ёвқур ва олижаноб аёл ким? Нега унинг ўғли дорга осилган?
Олой маликаси деб шараф топган Қурбонжон Мамитбой қизи Марказий Осиё халқларининг ўтмиш ҳаётида алоҳида ўринга эга бўлган нодир сиймолардан. Бу аёл оқилалиги, ҳамиша эл манфаатини кўзлаб иш юритгани, ўткир сиёсий иқтидори боис, юрт онаси сифатида довруқ қозонди, халқ орасида “додхоҳ” дея ҳурматланиб, бутун Жанубий Қирғизистон элининг миллий етакчиси бўлиб танилди.
Қурбонжон додхоҳ Ўш шаҳри ёнидаги Жапалоқ овулида камбағал бир хонадонда дунёга келди. Камолига етган чоғида отаси уни ёши хийла катта, ўзи эса ёқимсиз бир одамга эрга бериб юборади. Мингларнинг бири бўлиб яшаб кетиши ҳам мумкин эди Қурбонжон, аммо ақл-фаросати, табиатидаги қатъийлик уни бундай маъноси йўқ турмушдан воз кечишга ундади – орадан икки ойча вақт ўтиб, олис ва кимсасиз тоғу қирларни пиёда ошиб ўтиб, ота уйига қочиб қайтиб келди. Халқ орасида ёйилган ва қирғиз ёзувчиси Тўлаган Қосимбековнинг “Келкел” (Омад) романида битилган бир нақлга кўра, йўлда Қурбонжон бир тоғ дарёсига дуч келади. Кўприк йўқ, пишқириб оқаётган сув ҳар қандай одамни оқизиб кетар эди. Ортга қайтиб, яна ўша бўлмағур эр билан турмуш кечиришдан кўра, Қурбонжон ўлимни афзал билади – ўзини дарёга ташлайди. Асов тоғ дарёси уни чирпирак қилиб оқизиб кетади ва Қурбонжон ҳушини йўқотади. Бир маҳал ўзига келиб қараса, дарёнинг нариги қирғоғида ётибди, яқинида эса бир йўлбарс сувда ивиган жунларини дир-дир силкитганича арчазор ўрмон ичига кириб кетади – қизни у сувдан олиб чиққан экан. Ўшандан сўнг Қурбонжоннинг қиёфасида бир ҳайбат, сур пайдо бўлади, кимга тикилиб қараса, ортида бир йўлбарс тургандай кўринади, шу сабабли ҳеч ким унга оғиз очиб қарши сўз айтишга журъат қила олмайди. Фақат ўлимидан бир ҳафта олдин – бу энди 1907 йил – ўша йўлбарслик келбати йўқолади, тўқсон олти ёшига келибгина бу момо оддий кампирга айланади…
Эҳтимол, бу рост сўздир, балки бир ривоятдир, аммо унда Қурбонжоннинг дадиллиги айтиляпти, унча-мунча одамни довдиратиб қўядиган нурли сиймоси тасвир этиляпти – халқ ўзи севган, эътимод қўйган кишилар ҳақида ана шундай нақллар тўқиб шарафлаши, юксакларга кўтариши ҳам бор гап-ку!
Орадан бирмунча вақт ўтиб, ота уйида юрган ёш, дилбар Қурбонжонга кимсан Андижон ҳокими, довруқли Олимбекнинг назари тушади ва уйланади. Орадан ўтган йиллар давомида Қурбонжон беш ўғилга она бўлади.
Олимбек додхоҳ ақли ўткир, қурилиш-ободончиликка берилган бир шахс бўлган. Биргина Ўшнинг ўзида шаҳарнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтадиган Оқбура дарёсига икки томондаги эл қийналмаслиги учун тўққизта кўприк солдирган, кўплаб масжид ва маҳобатли бир мадраса қурдирган. Бироқ афсуски, унинг фаолият даври Қўқон хонлигида ички мухолифлик авжига чиққан замонга тўғри келди, қирқ йил ичида саккизта хон алмашганининг ўзиёқ вазиятни аён кўрсатиб туради. Олимбек додхоҳ хотинининг тадбирли, теран фикрли эканини кўриб-билиб, хонлик сиёсатидаги мушкул масалаларда у билан кенгашиб, маслаҳатларига амал қилган. Аксар ҳолларда бу қарорлар тўғри бўлиб чиққан.
Бир мисол. Сарой можаролари жуда мураккаб ва чигал тус олган кунларнинг бирида Олимбек додхоҳ маслаҳатлашиш учун оқила хотини Қурбонжон қошига от чоптириб келади. Хожаси отдан тушмай турибоқ хотин унинг нима мақсадда келганини сўраб, “Отдан тушмай туриб айтинг, не масала бўлса”, – дейди ва эрининг саволларини эшитиб, ўша алфозда ўз мулоҳазаларини билдиради, эрини от минган ҳолида яна қайтариб юборади, “Агар ерга тушиб айтсангиз, одамлар хотинининг йўриғига юрар экан деб айтади, кейин сизнинг обрўйингиз пастлайди, энди дарҳол яна Қўқонга қараб йўл тортинг”, – дея жўнатиб юборади. Буни Қурбонжоннинг бўлғуси сиёсий ҳаётидаги бошланғич одимлар эди, деб ҳисобласа бўлади.
Бироқ сарой фитналаридан бирида олтмиш уч ёшли Олимбек сирли равишда ўлдирилди (1862). Эллик ёшдан ошган Қурбонжоннинг бошига Нодирабегимнинг қисмати тушади. Нодира Амир Умархон вафотидан кейин тахтга ўтирган ўғли ёш Муҳаммадалихонга мамлакатни бошқаришда васийлик қилган каби, Қурбонжон ҳам Олимбек додхоҳ ўлимидан кейин Ўшга ҳоким қилиб тайинланган тўнғич ўғли Абдуллабекка кенгашчилик қилади, бора-бора Жанубий Қирғизистон элининг етакчиси бўлиб қолади. Яна бир ўхшашлик шундаки, Қурбонжон додхоҳ ҳам Нодира каби шоира эди, Зийнат тахаллуси билан қирғиз, ўзбек ва тожик тилида шеър ёзганлиги айрим манбаларда айтилган. Бу эса унинг уч тил соҳибаси эканини далиллайди.
Аммо бу пайт юрт осмонида янада хатарли булутлар тўплана бошлади – Қўқон хонлигига Россиядан пайдарпай “экспедиция”лар юборила бошлади, ўлкани истило этиш жадаллашди. Шунинг учун ҳам Қурбонжон додхоҳ чор истилосига бўйин эгмаслик, босқинчи ёвни Олой водийси томонга ўтказмаслик учун астойдил ҳаракат қилади. 1862 йилда Қўқон хони Худоёрхонни бу мушкул вазиятда қўллаб-қувватлаш, унга далда бериш учун Ўш шаҳрига келган Бухоро амири Саид Музаффариддин Қурбонжоннинг қирғизлар орасида қозонган юксак мавқеи, қозонган обрў-эътибори, тадбиркорлигига қойил қолиб, Марказий Осиё тарихида кўрилмаган бир ишни қилади – аёл кишини додхоҳ унвони билан сарафроз этади. Орадан уч йил ўтиб, Худоёрхон ҳам унга додхоҳ унвонини беради. Додхоҳликкина эмас, балки бутун Олой водийсининг раҳбарлиги ҳам расмий равишда Қурбонжонга насиб бўлади. Аёллардан юрт ҳокими чиқиши – Туркистон ўлкасида тамоман янги ҳодиса эди. Кейинроқ ўлкани истило этган Россия ҳарбий идоралари ҳам уни полковник унвонига лойиқ кўрган.
Хўш, Қурбонжон додхоҳнинг бу қадар обрў-эътибор қозонишига нима сабаб бўлган?
Қурбонжон додхоҳ ҳарбий сиёсат ва дипломатияни теран ақли билан жуда яхши англаган аёл эди. Бунга далил шуки, бир марта рус армияси офицери майор Михаил Ионов Қурбонжон додхоҳ билан расмий музокара ўтказиш учун юборилганини айтиб, Ўш билан Қашқар оралиғида жойлашган, додхоҳнинг асосий қароргоҳи бўлган Гулча шаҳрига келганида Қурбонжон уни ҳурмат билан кутиб олади, аммо чор ҳукуматининг ўзи берган полковник унвони ундан анча қуйи турадиган майор билан музокара ўтказишга йўл қўймаслигини тушунтиради. Шунда Ионов унинг фаросатига, ўткир дипломатлигига тан бериб қайтиб кетгани тарихларда ёзиб қолдирилган. Қурбонжон ўзининг бунндай мартабаларга батамом муносиб эканини кўрсата олди: юртда бошбошдоқлик камайиб, осойишта ҳаёт изга тушди.
Олой ўлкаси – Ўшдан Қашқаргача бўлган қадимий карвон йўлидир, унинг иқтисодий ва стратегик аҳамияти жуда катта эди: хонлик сиёсати барҳам топа бошлаб, аввалги сиёсат ва белгиланган тартиботлар издан чиққан, аммо ҳали Россия ўлкани бошқариши изга сололмаган, шу боис, карвон йўллари ниҳоятда хатарли бўлиб қолган, зарур мол-товарлар ўтмай, савдо-сотиқ сусайиб, вазият оғирлашган эди. Бу шароитда Қурбонжон додхоҳнинг оқилона сиёсати ниҳоятда қўл келди. Қурбонжон ўзаро қарама-қарши бўлган томонларга мақбул келадиган ечимлар топишга моҳир эди, шунинг учун унинг амри ва кенгашлари қулоқ қоқмай бажариларди. Бошқа томондан, Қўқон хонлигининг бу чеккаси, агар осойишта турмуш ўрнатилмаса, ички қарама-қаршиликлар сабабли юзага келган низолар касрига, шунингдек, “тартиб ўрнатиш” баҳонасида рус аскарлари томонидан қирғин қилиниши ҳам тайин эди.
Қурбонжон додхоҳ шундай мураккаб бир даврда яшади. У етакчилик қилган Олой водийси аҳолиси аввалига Қўқон хонлиги, кейинчалик эса чор истилочилари зулми остида жуда қийин аҳволда кун кўрар эди. Шунинг учун ҳам Қурбонжон аввалига ўзига тобе бўлган оз сонли аскар билан тарихда Пўлатхон қўзғалони деб аталадиган қўзғалонда иштирок этди, исён оммавий тус олгач, аскарбошилик қилган ўғиллари билан қўзғалончилар томонга ўтди. Гарчи бу ҳаракат бостирилган бўлса ҳам, нияти озодлик ва эркка эришиш бўлган Қурбонжон додхоҳ курашни тўхтатмади.
Бу орада Қўқон хонлигини тамоман маҳв этган чор аскарлари ҳар турли қуролли ҳаракатларга барҳам бериш мақсадида Қурбонжон додхоҳ етакчилигидаги курашчилар билан тўқнашди. 1875 йил 25 апрелда Қурбонжон додхоҳ отряди истилочилар етакчиси бўлган генерал М.Д. Скобелев қўшинига қўққисдан ҳужум қилиб, қақшатқич зарба берган. Лекин шундан кейин айрим хоинлар сабабли мағлубиятга учраган ва аввал Қашқарга, ундан эса Афғонистон ҳудудига чекинган. Скобелев шундан кейин ҳам Олой водийси аҳолиси бутунлай таслим бўлмагани сабабли, улар орасида катта таъсирга эга бўлган Қурбонжон додхоҳ билан келишиш керак, деган фикрга келади ва бу жасур қўмондон аёлни топиб, у билан музокара ўтказишга қарор қилади.
Қурбонжон фақат бир шарт – Скобелев билан шахсан учрашиб, яккама-якка музокара ўтказишга рози бўлади. Бу учрашувда Қурбонжон додхоҳнинг ўткир дипломат экани яққол намоён бўлади – рус аскарлари томонидан асирга олинган барча Олойликлар озод қилинади, чет элларда сарсон-саргардон ҳолда яшириниб юришга мажбур бўлган қўзғалончиларга ўз юртига қайтишга рухсат берилади.
Қурбонжоннинг эса барча ваколат ва имтиёзлари сақлаб қолинади, катта миқдорда умрбод пенсия тайинланади. Бундан кейинги ҳаётини Қурбонжон додхоҳ ўз эл-юрти эъзозида, турли халқлар ва мамлакатлар билан тинч-тотув яшаш тарафдори сифатида ўтказади. Қурбонжон додхоҳ 1832 йилдан бошлаб то вафот этгунига қадар Олой водийси аҳлининг етакчиси бўлиб турди.
Қурбонжон додхоҳнинг жасоратга тўлиқ ҳаёти қирғиз ва ўзбек адиблари томонидан кўп бора қаламга олинган. Ғафур Ғуломнинг тилга олинган мақоласидан ташқари, ўтган асрнинг олмишинчи йилларида таниқли олим ва ёзувчи Тўхтасин Жалолов роман ёзишга қўл урди. Афсуски, “Олой маликаси” деб аталган бу асар, ижодкорнинг беморлиги ва кейинчалик вафот этгани сабабли тугалланмай қолган. XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларидаги Туркистон ўлкаси халқларининг ҳаётини бир қатор асарларида кенг кўламда ёритган қирғиз ёзувчиси Тўлаган Қосимбековнинг “Келкел” (Омад) романида Қурбонжон додхоҳ бош қаҳрамон сифатида тасвирланган.
Кейинроқ, 1898 йилда русларга қарши кўтарилган миллий озодлик қўзғолонида Қурбонжон додхоҳнинг набиралари фаол иштирок этади. Ва момолари бошлаган қутлуғ иш – юрт ҳимоясида қаттиқ турадилар. Додхоҳнинг ўзи эса узун ёш яшаб, юқорида айтилганидек, 96 ёшида вафот этади. Додхоҳ ойимнинг қабри Ўшдаги Саримозор қабристонида.
Айрим манбаларда Қурбонжон додхоҳ ўзи Ҳувайдо эшоннинг эвараси, шоир Салоҳиддин Соқибнинг замондоши ва унинг мухлиси бўлгани, шунинг учун ўзини устозининг пойига дафн этишларини васият қилган, дейилади.
Бу гап илмий манбаларда айтилган, аммо алоҳида тадқиқ этилган эмас эди. Яқинда Интернетда “as-sayhuni” сайти эълон қилган қуйидаги расм бу масалага ойдинлик киритиб берса керак, деган фикрдамиз:

Ўртада шоир Салоҳиддин Соқиб, ёнида катта ўғли Муҳаммад Қамариддин (чапда) ва Маҳмудхон эшон (ўнгда), неваралар. Орқада Шарафиддин махсум (чапда) ва Қурбонжон додхоҳнинг ўғли Қамчибек (ўнгда).
Бу расм Салоҳиддин Соқиб хонадонида олинган бўлиши эҳтимол. Қамчибекнинг (“as-sayhuni” сайтида унинг исми Қиличбек деб хато кўрсатилган, аслида Қурбонжон ойимнинг Абдуллабек, Ботирбек, Маҳмудбек, Асанбек ва Қамчибек ўғиллари бўлган) улар билан бирга суратга тушганлиги эса Қурбонжон додхоҳнинг нафақат ўзи, балки фарзандлари ҳам бу хонадон билан қадрдон бўлганини, борди-келди қилиб туришганини далиллайди. Қурбонжон додхоҳ Салоҳиддин Соқибнинг муриди ўлароқ, ўша ўғли Қамчибекни (у 1895 йилда Ўшда осиб ўлдирилган) устозининг пойига кўмдиради. Орадан ўн икки йил ўтиб, тўқсон олти ёшли Қурбонжон додхоҳ Моди қишлоғидаги уйида вафот этади. Уни ҳам ўз васиятига кўра Ўшдаги Саримозор қабристонига – устози пойига, ўғли Қамчибекнинг ёнига дафн этадилар. Гарчи айрим манбаларда эри Олимбек додхоҳнинг турбати ҳам шу ерда экани айтилса-да, бошқа манбаларда бу маълумот инкор этилади.
Олимбек додхоҳ билан Қурбонжон додхоҳнинг эвара-чеваралари жуда кўп. Бир эвараси Муса Адишев – геолог олим, академик эди. У Қирғизистон фанлар академиясининг президенти бўлиб ҳам ишлаган.
Қирғизистон ва Ўзбекистондаги бир қанча кўча ва майдонлар, мактаб ва бошқа маданий муассаалар Қурбонжон додхоҳ номига қўйилган, Бишкек ва Ўш шаҳарларида ҳайкаллари тикланган, фан ва маданият арбобларини тақдирлаш учун Халқаро “Қурбонжон додхоҳ” мукофоти таъсис этилган.
Қурбонжон додхоҳ ҳаётига бағишланган икки кинофильм – “Тоғ маликаси” (2010 йил), “Қурбонжон додхоҳ” (2014 йил) суратга олинган. Энг кўп муомалада бўладиган эллик сўмлик қирғиз валютаси Қурбонжон додхоҳнинг тасвири билан чоп этилади.
Таваллудининг икки юз йиллиги муносабати билан 2011 йил Қирғизистонда “Қурбонжон додхоҳ йили” деб эълон қилинган. Ҳарбий саркарда ва давлат арбоби, шоира бўлган бу оқила аёлнинг тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан битилган ибратли ҳаёти ҳали-ҳамон ҳайрат ва ҳавас, фахр-ифтихор билан қайта-қайта ўқилади, ўрганилади.
Қуйида Қурбонжон додхоҳга нисбат бериладиган бир шеърни диққатингизга ҳавола этамиз (Ўш давлат университети муаллимлари ёзган бир мақолада бу шеър додхоҳ ойим умр йўлдоши Олимбек додхоҳга қарата ёзган, деб талқин этилган. Бизнингча, уни ёш шоира биринчи турмушидан норози бўлиб, ўкиниб юрган пайтида ёзган бўлиши ҳақиқатга яқин):
Көтөрүлүп күн чыкса, Кўтарилиб кун чиқса,
Көлөкөлөөр талы жок. Кўланкали толи йўқ.
Жаз жадырап келгенде, Оловли ёз келганда,
Алдей турган өрүк жок. Пишмаган ўрик – боли йўқ.
Асмандагы жетиген, Осмонда етти юлдуз
Мени менен сегизби? Менинг билан саккизми?
Тагдыры шор Курманжан, Тақдири шўр Қурбонжон,
Алганын сенин теңиңби? Олганинг сенинг тенгингми?..
Зуҳриддин Исомиддинов