ҚАДРИЯТ ЮРТДОШЛАРИМИЗ ЮТУҚЛАРИ 

АТОҚЛИ ЖАРРОҲ

Инсоният шифокорлик соҳасига ҳамиша муҳтож, шунинг учун унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломалар шунчалар қадрли. Шундай буюк анъаналарни давом эттирган, ҳаёти ва умрини инсон саломатлигига бағишлаган жарроҳлар орасида Юсуф Қосимовнинг муносиб ўрни бор.

Юсуф Қосимов нафақат Қирғизистонда, балки бутун Марказий Осиё тиббиёт тарихида алоҳида ҳурмат билан тилга олинади. У соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш, хирургия соҳасини ривожлантириш ва минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда беқиёс хизмат кўрсатган шифокор эди.

Юсуф Қосимов 1910 йил Ўшнинг Ачамозор даҳасида туғилган. Ҳозирги Қурбонжон Додҳох ва Розияхон Мўминова кўчалари кесишмасидаги, Жўпас ариқ шилдираб оқиб турган қадимий ҳовлига бу улуғ шифокорнинг киндик қони тўкилган. Ҳовли бугун ҳам бор. Деворлари гўё бир асрлик хотирани сақлаётгандек.

Отаси Қосимхўжа шаҳар касалхонасида санитар бўлиб ишлаган, онаси эса уй бекаси эди. Болаликдан илмга чанқоқ, тинмай китоб ўқувчи, ишчан, эътиборли бола сифатида танилган Юсуф 1923 йилда Тошкентга йўл олди.

1933 йилда у Тошкент тиббиёт институтига ўқишга қабул қилинади ва 1938 йилда уни муваффақият билан битириб, шифокорлик йўлидаги илк қадамларини ташлайди. Чирчиқ шаҳар касалхонасида хирург сифатида иш бошлаган ёш мутахассис қисқа вақтда ўз қобилияти билан ажралиб туради. Яна орада у мазкур шифохонанинг бош шифокори этиб тайинланади.

1941 йил. II Жаҳон уруши авжида. Мингларнинг бири  бўлиб Юсуф Қосимов ҳам Ватан ҳимоясига отланди. Болтиқбўйи, Калинин ва Беларус фронтларида хирург сифатида хизмат қилди. Оғир ярадорларга ҳаёт бахш этади, юзлаб жангчиларни ўлимдан сақлаб қолди.

Урушда Юсуф Қосимов уч марта қаттиқ яраланди, Кўрсатган жасорати учун бир неча бор қўмондонлик ташаккурномасига сазовор бўлди. «Қизил Юлдуз» ордени билан тақдирланди. Булар уни нафақат шифокор, балки ватанпарвар, жасур инсон бўлганига далилдир.

Урушдан кейин, 1946 йили ўз юрти Ўшга қайтди. 1960 йилгача Ўш шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимни бошқарди. Кейин икки йил – вилоят касалхонаси бош шифокори сифатида фаолият кўрсатди.

1952 йилда унинг илмий фаолияти ҳам бошланган. 1958 йилда тиббиёт фанлари номзоди даражасини олди. 1969 йилда эса тиббиёт фанлари доктори бўлди. 1952-1978 йилларда Ўш вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Бош жарроҳ сифатида фаолият юритди. Бу даврда Қосимов юзлаб янги операциялар ўтказди, замонавий жарроҳлик усулларини жорий этди. Ҳар бир қўйган ташхиси, ҳар бир ўтказган операцияси катта масъулият, юксак тажриба ва инсонпарварлик билан ифодаланарди.

Юсуф Қосимовнинг фаолияти аввало инсоний фазилатлар, беқиёс камтарлик, самимият ва фидойилик билан безалган. У ҳар бир беморнинг дардини ўзининг дардидек қабул қилган, инсон қиймати, инсон ҳаётининг муқаддаслигини барча нарсадан устун қўйган табиб эди. Унинг олдига келган беморлар нафақат шифо топар, балки иссиқ сўз, меҳр, мадад ҳам оларди. Унинг меҳрли кўзи, сўзлари, муомаласи одамларга куч бағишларди. Зеро фан оламида нечоғлик шуҳрат топган бўлмасин, аслида ўзи бениҳоя камтар, юмшоқфеъл, самимий, ҳалол ва фидойи бу инсон ҳамиша беморларга хайрихоҳ бўлиб, уларнинг тақдирига жонкуярлик қилган.

Қирғизистонда тиббиёт соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг самарасида ҳақида сўз юритилса, ақл-заковатини, билими ва истеъдодини илм-фан йўлида сарфлаб, янгиликлар қилган олимлар қаторида Юсуф Қосимовнинг номи алоҳида тилга олинади.

Профессор Юсуф Қосимов умрининг қирқ йилини тиб­биётимиз ривожига бахшида этди. Асосан Ўш вилояти кўп тармоқли касалхонасида жарроҳ сифатида ишлаб ўтган. Бу йиллар ичида у ти­нимсиз илмий изланишлар олиб борди, турли масъул лавозимларда ишлаб туриб ҳам шифокорлик фаолиятини тўхтатмади, юз-юзлаб беморлар дардига малҳам бўлди. Шунингдек, даволашнинг янги-янги усулларини амалиётга татбиқ этди, чинакам шифокорлик қобилиятини намоён этди.

Таниқли жарроҳ Юсуф Қосимовнинг умр йўлига бир назар ташланса, кўнгиллар ёришади. Негаки бутун ҳаёти эзгуликларга сарф бўлди, муҳими унинг кўлида шифо топганлар ҳали-ҳануз бу олимни меҳр билан эслашади. Фақат бугина эмас, профессор Юсуф Қосимов тўплаган илм дурдоналари, амалга оширган илмий ишлари ва тиббиётга фидойилиги, жамики инсоний фазилатлари келгуси авлодлар учун албатта ибрат бўлиши шубҳасиз.

Инсоннинг сийрати, яъни ички дунёси кўпроқ унинг юзи-кўзида, юзидаги илохий нурда акс этиб туради, дей­дилар. Бу бор гап. Баъзи кишилар икки оғиз суҳбатлашгандаёқ  шеригининг нима демоқчилигини, дилидаги гапларини пайқаб олади. Бунда суҳбатдошнинг сўзларини диққат билан тинглай билиш ички дид ва юқори маданият белгиси саналади. Профессор Юсуф Қосимов худди шундай зийрак, фасоҳатли инсонлар сирасига кирар эди. Ўткир фикрлари, кескин хулосалари, ўзаро муносабатларда ўзгаларга мулойим гапириши ва ўта самимийлиги билан эл-юрт илм намояндалари, қолаверса, республика шифокорларининг самимий ҳурматига сазовор булган. Доим шогирдла­ри ардоғида бўлган. Домла илмнинг сермашаққат йўлини босиб ўтди, олимлик шоҳсупасига кўтарилди, тиб­биёт сохасида кўплаб янгиликлар яратилишига бош-қош бўлди.

Ҳар бир кишининг умр йўлига назар таш­ланса, унинг қандай яшагани, қай мақсадлар билан ҳаёт кечиргани яққол намоён бўлади. Шу жиҳатдан қараганда, салоҳиятли олим Юсуф Қосимовнинг ҳаёт китоби ранг-баранг сермазмун саҳифаларга бой. Шогирдлари – бугун жаҳонда танилган жарроҳлар, фан арбоблари, турли республиканинг етакчи тиббиёт мутахассислари. Улар орасида С.Анорқулов, В.Сергеев, А.Ортиқов, С.Иброҳимов, Р.Қурбонов, Р.Ҳайдарова, Э.Йўлдошев ва бошқалар бор. Шу рўйхатнинг ўзиёқ профессорнинг қандай устоз бўлганини кўрсатиб турибди.

Тиббиётдаги хизматлари учун Юсуф Қосимов «Ленин», «Меҳнат Қизил Байроқ» ва «Ҳурмат Белгиси» орденлари, бир қанча медаллар билан тақдирланган, Қирғизистонда хизмат кўрсатган шифокор унвони берилган.

Юсуф Қосимов 1993 йил – 83 ёшида оламдан ўтди. Жанозасини таниқли дин арбоби Билол қори ўқиган. Ўшдаги “Қайирма” қабристонига дафн этилган.

“Оқбура” сайтининг муҳтарам мухлислари диққатига яна шуни ҳам ҳавола этайлик: шу кунларда Ўш кўчаларидан бирини унинг номи билан аташ режалаштириляпти ва бу ташаббуснинг амалга ошишига умид катта. Чунки бу инсон эзгу ишлари билан нафақат Ўш, балки бутун республика тарихида, тиббиётимизнинг тараққиёт йўлида ўзидан ёрқин из қолдирган.

Юсуф Қосимов бир умр шифо улашди. Бир умр эзгуликка хизмат қилди. Унинг қўлида шифо топганлар, унинг илмий ишларидан баҳраманд бўлганлар, унинг шогирдлари ва унинг номини ардоқлаган юрт – бугун ҳам уни меҳр билан эслайди.

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар