Шикаста кўнгилнинг ҳаетбахш наволари
Ассалому алайкум домла, соғу саломатмисиз, – деб ёзибди бизга Бозорқўрғонлик кекса ижодкор, шу кунларда ўттиз олти ёшга кирганига энди эллик йил тўлган (86) ҳожи оғамиз Мўйдинжон ака Абдулмажидов. – “Оқбура” сайтида бундан бирқанча вақт аввал «Худо берган истеъдод» деган мақолада қуйидаги шеърлар муаллифи тўғрисида ёзувдим. Бу йигит ўттиз ёшларга етган, аммо ногиронлиги, яъни юролмаслиги боис мактабда ўқишига имкон бўлмаган. Аммо Оллохнинг иродаси билан ёддан шеър ижод қилади. Акалари, ойисига айтиб ёздиради.
Сўнгги ёзган шеьрларини юбордим, маъқул келса сайтга берарсиз...”
* * *
Албатта, Мўйдинжон ака, шундай ажойиб ижодкорларни излаб топаётганингиз, қолаверса уларга ҳамиша руҳан далда бўлиб турганингиз учун аввало сизга бисёр ташаккур. Бу йигитнинг худо берган қобилияти, шеърларидаги ажойиб топилмаларини кўриб, ҳамиша тасанно айтгимиз келади. Нафақат сайтимизда эълон қиламиз, насиб этса, “Қирғизистонлик ўзбек ижодкорлари” асарларининг келгусида нашр этиладиган янги китобига ҳам Ҳасанбой инимизнинг шеърларини киритиш ниятидамиз. Барчамиздан, шунингдек “Оқбура” сайтининг кўпсонли ўқувчилари номидан ҳам ажойиб ёш шоиримизга саломларимизни етказинг.
Эҳтиром билан, Зуҳриддин Исомиддинов
ШИКАСТА ҚАЛБ НОЛАСИ
Ҳасратим довруғи оламни тутди,
Синов тулпорида чопиб толмадим.
Олам андуҳлари мени йиқитди,
Ўзимдан ўзимни топа олмадим.
Сиримни сўйладим мовий осмонга,
Зулмат кўрпасига ўранди юрак.
Не ҳам бор беминнат дардкаш бўлгани,
Юлдузлар макони – осмондан бўлак.
Осмон фарёд қилди ҳар бир оҳимдан,
Гўё минбар қулаб бошимни ёрди.
Топсайдим сукунат туннинг баҳрида,
Шикастда қалбимга кўклам баҳорни.
ИШҚИМ АЗОБИ
Кўзларим қувончдан порлаган чоғда,
Шодлик қоясига кулиб чиқаман.
Узун киприкларинг найзадек билиб,
Хижроннинг бағрини тилиб чиқаман.
Севмоқлик айбми ё жиддий хато,
Кўнглимда жанг кечар ҳар тун, кечада.
Бечора ҳисларим қурбон ҳамиша,
Алам кўпригига тўлган кечада.
Ночор муҳаббатим кокилин юлиб,
Юракдан ҳисобин сўраб тинмайди.
Бепарво юракчи мийиғда кулиб,
Ишқим азобига парво қилмайди.
ҚАДРИНИ БИЛ
Эй сен, инсон, дунёда соғлигинг қадрини бил,
Беш кунлик бозор ичинда меҳмонлигинг қадрин бил.
Қўл-оёғинг қиймати топилмас олам аро,
Ғоз юриб, бардам туриб, султонлигинг қадрини бил.
Кўз ато қилди Эгам, борлиқни мунаввар этиб,
Ул мунавварлик сари имкон эрур, қадрини бил.
Ҳар ишингда тилда бўлсин раҳмону расул сўзи,
Дил чироғи гавҳари, имон эрур қадрини бил.
Не ажабки, элингга ижод йўлда парвоз этиб,
Шукр эт Эргашбой ўғли, сен замон қадрини бил.
АЛАМЛИ СЕВГИ
Севгимни яшириб кўзим остига,
Йиғладим фалакка ёмғир мисоли.
Нетай армон бўлди, минг бор оҳ бўлди,
Танҳо кўнгил қўйган ёрим жамоли.
Капалак умрича бўлмади севгим,
Лаҳзада тутундек тарқалиб битди.
Ҳижрон ва садоқат бошлаган жангда,
Ишқимни эзғилаб муродга етди.
Ҳислар қурбон бўлди бу жангда афсус,
Шоир қаламидан тўкилар сўзлар.
Хатто юлдузларнинг қараши маъюс,
Наҳот орзумиди чақнаган кўзлар.
КЎЗЛАРИМГА КЕНГ ДУНЁ
Кўзларимга кенг бўлди дунё,
Ишқ майидан мастдурман бугун.
Қаро туним ёруғ тонг бўлди.
Мен ўзимга хосдирман бугун.
Синовларинг кетгувчи карвон,
Йиллар эрур дардларга дармон.
Энди мени енгмагай армон,
Яхшиларга дўстдирман бугун.
Умримга чин йўлдошим бордир,
Қадрим билган қондошим бордир.
Қизалоғим, зурриёдим бор,
Бахт қасрига мосдирман бугун.
Умид билан кўтардим билак,
Дилдан чиқди ёғдулик тилак.
Раҳмон, ўзинг қабул эт бешак,
Дуоларга мухлисман бугун.
Онам сўзи мени қўллайди,
Яхши йўлга ҳар дам йўллайди.
Тонгда туриб омад тилайди,
Кимдан баланд, пастдирман бугун,
Мен ўзимга хосдирман бугун.
Ҳасанбой Эргашбой ўғли
Бозорқўрғон шаҳри.
