ФАН ОЛАМИДАГИ ЁРҚИН СИЙМО
XX асрнинг ўрталарида Ўш нафақат илму маърифат, балки маданият ва маърифат барқ уриб ривожланган марказлардан бирига айланди. Бу заминдан етишиб чиққан зиёлилар, олимлар, шоир ва санъаткорлар халқимизнинг фахрига айланди. Ана шундай эл ардоғидаги сиймолардан бири биология фанининг йирик намоёндаларидан бири, профессор, биология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ўринбой Ҳасановдир.
Ўринбой Ҳасанов 1928 йил Ўш яқинидаги “Намуна” колхози ҳудудидаги “Қозонкўл” маҳалласида туғилган. Болалик чоғидан табиатга қизиқиши, ўсимлик дунёсига меҳри унинг келажакдаги йўлини белгилаб берди. Мактабни тугатгач, Марказий Осиёнинг етакчи илмий маскани бўлган Ўрта Осиё давлвт университетида таҳсил олди. Уни 1954 йилда муваффақиятли якунлаб, шу йили Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институтида илмий фаолиятини бошлади.
Ўринбой Ҳасанов фаолиятининг илк йиллариданоқ ботаника соҳасидаги долзарб мавзуларга – Марказий Осиё ҳудудларида тарқалган озуқабоп ёввойи бедалар ва бошқа қимматли ўсимликларни ўрганишга бел боғлади. 1954-1957 йилларда аспирант сифатида тадқиқот олиб борди ва 1958-1965 йилларда кичик ва катта илмий ходим сифатида ишлади. 1965 йилдан бошлаб деярли ўттиз йил давомида лаборатория мудири сифатида фаолият кўрсатди. 1993 йилдан умрининг охирига қадар Ўсимликлар экологияси лабораториясида етакчи илмий ходим бўлиб ишлади.
Унинг илмий изланишлари самараси ўлароқ, олим беданинг 22 ёввойи тури, 11 кенжа тури ва 68 экологик шаклини аниқлади. Бу натижалар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги ботаника фанининг янги саҳифасини очди.
Профессор Ўринбой Ҳасанов нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ботаника фанининг ривожида беқиёс из қолдирган сиймолардан бири эди. У илмга фидоийлик, табиатга муҳаббат билан хизмат қилган олижаноб инсон сифатида шогирдлари ва ҳамкасблари хотирасида абадий муҳрланиб қолди.
У киши табиатнинг беқиёс гўзаллиги ва сирли қонуниятларини чуқур ҳис эта билган, ҳар бир ўсимликда ҳаётнинг алоҳида нафаси, табиатнинг юраги урганини кўра олган олим эди. Илмий изланишлар жараёнида у ўсимликлар билан гўё суҳбат қургандай, уларнинг сирига етишга интилар, ҳар бир нав, ҳар бир барг ортидаги табиий мослашувни илмий тилга кўчира оларди.
Ҳасановнинг тадқиқотларида қурғоқчиликка чидамли беда, йўнғичқа, қорашўра каби ёввойи ўсимликларнинг ҳаёт цикли, экологияси ва иқлим ҳамда тупроқ шароитига мослашиш қонуниятлари илмий таҳлил қилинди. Олимнинг изланишлари натижасида бу ўсимликларнинг сувсизликка, иссиқликка ва тупроқ таркибидаги ўзгаришларга янада чидамли навлари аниқланди. Бу эса кейинчалик деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида озуқа базасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Шу билан бирга, профессор Ҳасанов табиатдаги ўсимликлар ва ер қаъри бойликлари ўртасидаги узвий боғлиқликни илмий жиҳатдан тадқиқ этди. Унинг илмий изланишлари давомида қорашўра ўсимлигининг олтин конлари мавжуд бўлган ҳудудларда кўп учраши аниқланди. Бу ғоянинг илмий асосини мустаҳкамлаш мақсадида олим академик Иброҳим Ҳамробоев билан биргаликда кенг кўламли тадқиқотлар олиб борди. Улар юзлаб намуна ва геоботаник маълумотларни таҳлил қилиш орқали, айрим ўсимлик турлари ер остидаги минерал бойликларнинг мавжудлигига табиий кўрсаткич бўлиши мумкинлигини илмий жиҳатдан исботлаб бердилар.
Бу кашфиёт нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда минерал-кон геоботаникасининг шаклланишида янги йўналиш яратди. Кейинчалик мазкур усул нафақат олтин, балки бошқа қимматбаҳо металлар конларини аниқлашда ҳам амалда қўлланди.
Ўринбой Ҳасановнинг бундай кашфиётлари унинг фақатгина назарий олим эмас, балки илмий билимни амалиётга татбиқ эта олган тадқиқотчи эканлигини кўрсатади. Унинг илмий фаолияти табиат ва инсон, фан ва ҳаёт, назария ва амал уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлиб қолди.
Профессор Ҳасанов ўз фаолияти мобайнида ўнлаб илмий монография, юздан зиёд илмий мақола ва қатор дарсликлар муаллифи сифатида танилди. Унинг “Дикорастушие люцерны Средней Азии”, “Биология и экология растений, вводимых в культуру в аридной зоне”, “Эффективность использования аридных земель”, “Адаптация кормовых растений к условиям аридной зоны Узбекистана”, “Маданий ўсимликларнинг келиб чиқиши” каби китоблари нафақат олимлар, балки агроном ва экология мутахассислари учун ҳам қўлланма вазифасини ўтайди.
Фанга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўринбой Ҳасановга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони берилган. Унинг илмий мероси, шогирдлари ва асарлари ҳанузгача биология ва экология соҳасида фаолият юритаётган авлод учун беқиёс мактаб ҳисобланади.
профессор Ўринбой Ҳасанов 2014 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди. Унинг номи ва илмий фаолияти бугун ҳам эл оғзида, шогирдлар ва фан жамоаси хотирасида эҳтиром билан тилга олинади.
Одилжон Дадажонов