ҚАЛДИРҒОЧЛАР ҲАМ ВИДОЛАШГАН ЭДИ
Ўзбекистони халқ шоири Муҳаммад Юсуфни ёд этиб
Минг тўққиз юз саксон тўртинчи йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг журналистика факультети бешинчи курсида ўқиётган пайтимдаёқ “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида иш бошладим. Матбуотчилар кўчаси (аввалги Ленинград кўчаси)нинг 32-уйида республика марказий газеталари билан бирга “Тошкент оқшоми” таҳририяти ҳам жойлашган эди. Бу газетада аравонлик ҳамюртим, раҳматли Маматурсун Отахонов ҳам ишларди. Унинг олдига тез-тез тушиб турардим. “Тошкент оқшоми” газетасида ишлаётган Муҳаммад Юсуф билан ҳам шу пайтда танишганман. Муҳаммад Юсуф туғилган Марҳаматнинг Қовунчи қишлоғи бизнинг Аравон туманидаги Нуробод қишлоғи билан ёнма-ён жойлашган. У пайтлар Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида чегара йўқ эди. Икки қишлоқ аҳолиси бир-бирлариникига пиёда ҳам бориб келишаверарди.
Муҳаммад Юсуф танишган кунимиз: “Сен билан ҳали қариндош чиқиб қолсак керак”, деб мени ўзига яқин олганди. У айтганидек, қариндошдай бўлиб кетдик. Ўша чоғлари “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси салкам бир миллион нусхада чоп этиларди. Газетада мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаганим сабабли бир кун ишлаб, эртаси куни дам олардим. Дам олиш кунлари Муҳаммад аканинг тавсияси билан Тошкент шаҳридаги корхоналардан мақолалар ёзиб топширардим. Газетанинг деярли ҳар сонида мақолам чиқарди. У пайтлари қалам ҳақи баракали бўларди. Ўткир Ҳошимов, Сирожиддин Саййид, Абдуқодир Ниёзов, Солиҳ Ёқубов каби таниқли ижодкорлар ҳам “Тошкент оқшоми”да ишлардилар.
Муҳаммад Юсуф “Таниш тераклар” номли биринчи шеърий тўпламини менга совға қилди. У жуда кўнгли оқ инсон эди. Бора-бора иш кунлари бирга тушликка чиқадиган бўлдик.
Шоирнинг шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар оммалашиб кетди. Уни қидириб келадиган қўшиқчилар кўпайди. Бир куни Обид Раҳмонов деган қўшиқчи шаҳрихонлик дўстларим орқали мени йўқлаб Тошкентга келди. Унинг “Ошиқман юзда холингга, бугун етдим висолингга” деган мисралар билан бошланувчи қўшиғи ёшлар орасида жудаям машҳур бўлиб кетганди. Муҳаммад Юсуфдан бир-иккита шеър олиш илинжида экан. Ўша куни Муҳаммад ака бизларни ўзи яшаб турган қайнотаси Ғайбулла Ас-Саломнинг ҳовлисига таклиф қилди. Девзирадан андижонча ош дамлади. Шоир шеърлар ўқиди, ҳофиз қўшиқлар айтди. Яйраб ҳордиқ чиқардик.
Қўшиқчининг самимийлиги ва камтаринлиги, овозининг шираси ёқиб маъқул келди чоғи, Муҳаммад ака менга: “Обид Раҳмон ҳақида мақола ёз, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига берамиз”, деди. Ёзган мақоламни ўқиб, оз-моз таҳрир қилиб, сарлавҳасини “Шаҳрихондан таралган садо” деб ўзгартирди. Мақола газетада босилиб чиқди…
Шеърда ҳам ҳикмат бўлади
Самарқандлик Абдусалом Ражабов деган қадрдонимиз Муҳаммад Юсуф билан яқинлигимизни билиб: “Шоирни биз томонларга олиб келасиз” деб илтимос қилиб юрарди. Тойлоқ тумани ташкил этилиб, унга Абдусалом Ражабов ички ишлар бўлими бошлиғи бўлиб тайинланди. Самарқандликлар Наврўз байрамини бошқача нишонлашади. Абдусалом аканинг таклифи амалга ошиб, 1993 йили Тойлоққа Наврўз байрамига Муҳаммад Юсуф билан бирга бордик. Туман марказидаги боғда шоир шеърлар ўқиди. Тадбирда ўша пайтдаги вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов шоирга зар чопон кийдирди. Менга ҳам сўз беришди. Муҳаммад ака самарқандлик таниқли олим Ғайбулла Ас-Саломнинг куёви эканини айтганимда, гулдурос қарсаклар бўлиб кетди. Пўлат Абдураҳмонов туман ҳокими Мўмин Шерқуловга қарата: “Муҳаммад Юсуф Самарқандга куёв экан-ку, унга яна битта тўн кийдирамиз”, деди. Олқишлар остида шоирга яна зар чопон кийдирилди. Бизни бир пиёла чойга таклиф қилишди. Муҳаммад акага сўз берилганда, у боғда устозининг акасини кўрганини айтиб, “Уни ҳам таклиф қилайлик”, деди. Самарқанддаги олий билимгоҳда ишлайдиган Абдураззоқ Орипов ҳам байрам тадбирига келган экан. Муҳаммад Юсуфнинг устозга бўлган ҳурмати мени ҳайратлантирган эди…
Байрам тадбирлари тугагач, бизни Абдусалом ака қўярдан-қўймай Самарқанд шаҳридаги ҳовлисига олиб борди. Шоирнинг оёғи тагига сўйиш учун от етаклаб келишганида, Муҳаммад Юсуф: “Отни яхши кўраман, сўйманглар”, деб туриб олди. От ўрнига қўчқор сўйилди. Меҳмондорчилик айни авжига чиққанида, Абдусалом ака кўзида нам билан шоирни маҳкам қучоқлаб: “Бутун қариндош-уруғларим бир умр сиздан қарздормиз, — деб қолди. — Файзулло бобога бағишлаб ёзган шеърингиз (Муҳаммад Юсуфнинг “Файзулла Хўжаев марсияси” — Д.Қ.) билан тоғамизнинг руҳини шод этдингиз, қаддимизни шеърингиз билан тикладингиз. Раҳмат сизга!”
Ўша куни тонг отгунча икковлари роса дардлашди.
2001 йилнинг 30 июль куни Аравонга боргандим. Тошкентга қайтишда қадрдон ҳамкасбим Абдуғулом Султоновни кўриш учун Андижон вилоят ҳокимиятига кирдим. Салом-аликдан сўнг: “Тинчликми, ака, кайфиятингиз йўқ?” деб сўрадим. Абдуғулом аканинг айтишича, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида ижодкор ёшларнинг учрашуви пайтида Муҳаммад Юсуф оламдан ўтибди. Эртага Марҳаматда дафн этилар экан…
Эртаси куни Марҳаматнинг Қовунчи қишлоғидаги Муҳаммад Юсуфнинг хонадонида тумонат одам йиғилди. Улуғ шоир Муҳаммад Юсуфни сўнгги йўлга кузатиш учун Аҳмаджон Мелибоев, Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид ва бошқа таниқли адиблар ҳамда Қорақалпоғистоннинг Элликқалъасидан вакиллар келишди.
Ўша куни сўзга чиққан Аҳмаджон Мелибоев: “Яхши инсоннинг туғилмоғи бахт бўлса, унинг ўлмоғи саодатдир”, деди. Сирожиддин Саййид марсия ўқиди. Абдулла Орипов сўзлаб, ўзи ҳам йиғлади, бошқаларни ҳам йиғлатди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг отаси Юсуф ҳожи эса: “Муҳаммад Юсуф шеърият булбули эди”, — деб шоирга юксак баҳо берди. Ҳа, шоир шеърлари булбул навоси каби қалбларга яқин эди.
…Эшиги олдидан тўлиб оқаётган ариқ бўйлаб тобутни кўтариб боряпмиз. Уч-тўрт юз қадам юрганимиздан сўнг йўлнинг ўнг томонидаги “Ғиштмозор” қабристонига бурилдик. Шоир сулоласининг хилхонаси қабристоннинг этак томонида экан. Майит қабрга қўйилди. Қори домла тиловат қилмоқда. Ҳамроҳим Назиржон Саидов (у киши ҳам яқинда оламдан ўтди, илоҳо, жойлари жаннатда бўлсин) билан ёнма-ён ўтирибмиз. Шу лаҳзаларда гўё мўъжиза рўй бергандек бўлиб, осмонда чириллаб у ёқдан бу ёққа учиб, безовта бўлаётган қалдирғочлар галаси пайдо бўлди. Назиржон акага ишора қилиб, қалдирғочларни кўрсатдим. Назиржон ака осмонга қараб: “Бутун қалдирғочлар ҳам шоир билан видолашгани келганга ўхшайди”, деб кўзига ёш олди. Иккимиз ҳам унсиз йиғлар эдик.
Ажабо, қабристондан дилимиз вайрон бўлиб қайтаётганимизда шоирнинг яқин дўстларидан бири Камолиддин Отахонов бир гапни айтиб қолди. Муҳаммад Юсуф у билан бирмунча аввал учрашганида, гап орасида, қарангки, “мен Рашидов ўлган жойда ўламан”, деган экан. Оллоҳ кўнглига солган эканми, шундай бўлди…
Гул ўпиб, гул ёпиниб,
Ҳар дилда мозорим қолур,
Мен кетарман бир куни,
Наволарим, зорим қолур…
“Акангни эҳтиёт қил”
…Шоирнинг отаси Юсуф тоға раҳматли билан кўп кўришганмиз. Мени ҳурмат қиларди. Ҳар гал борганимизда суҳбатлашардик. У пайтлари бир неча кунлаб бир-бировимизникида ётиб юраверардик.
Юсуф тоға Иккинчи жаҳон урушида қатнашган табаррук инсон эдилар. У билан охирги марта кўришганимизда, “Дилмуроджон, Муҳаммад акангизни эҳтиёт қилинг”, деб тайинлади. Муҳаммад аканинг айтишича, отаси раҳматли ўлимидан олдин: “Дилмуроджон билан иноқ бўлгин”, деб айтган экан… Бу гап мен учун қанчалар қадрли, қимматли эканини сўз билан таърифлай олмайман…
Муҳаммад Юсуф бизнинг Аравондаги уйимизда бир неча марта бўлган эди. Кенжабой отамизни ҳурмат қилар эди. Бир гал: “Ўғлингиз осмондаги қушни бенарвон урадиган журналист”, деб мени мақтади. Шоирнинг бу сўзи меҳрибон отамнинг кўнглини тоғдек кўтарган эди.
Ҳовлимизда бир туп садақайрағоч бўларди. Ёзнинг жазирамасида тагидан ғир-ғир шабада эсиб турарди. Бир сафар Муҳаммад ака қайрағоч тагидаги темир каравотда ётиб дам олди. Ўринларидан жуда хурсанд бўлиб уйғонди. Кечагидек эсимда, “жуда яхши, хайрли туш кўрдим” деганди.
Муҳаммад ака билан водийга, айниқса, Андижонга бирга кўп борардик. У туфайли шеърият мухлисларидан мен ҳам дўстлар орттирганман. Муҳаммад Юсуфнинг одамийлик фазилатлари, содда ва ўзбекона, бетакрор туйғу ва ёшлик кечинмалари, ишқ ва муҳаббатнинг нафис наволари мухлисларини яқинлаштириб қўяр экан.
Ёзганларида мусиқий равонлик борлиги боис, таниқли хонандалар Муҳаммад Юсуфнинг кўп шеърларини қўшиқ қилиб айтишарди. Охунжон Мадалиев, Ғиёс Бойтоев каби қўшиқчилар ва шоирнинг мухлислари билан ўтказган ижодий кечаларида кўп марта иштирок этганман.
Ҳаётда ҳар қандай воқеалар бўлади. Муҳаммад Юсуф эл ичида кўп бўлар, ҳар бир кишининг кўнглига қарар, самимий, беғубор қалб соҳиби эди.
Ўйлайман, агар шундай тоза қалбли одам бўлмаганида у Муҳаммад Юсуф бўла олармиди, халқ қалбига сингиб кетадиган шеърлар ёза олармиди?! Йўқ, албатта.
…Шоир ҳақидаги жамики хотираларни қоғозга туширсам, бир китобга сиғмаса керак. Муҳаммад Юсуф десалар ҳамиша, фавқулодда мард ва тўғрисўз, содда ва самимий, меҳр-шафқатли инсон, ҳақиқий Халқ шоири кўз ўнгимда гавдаланаверади.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ