ТЎҒРИ СЎЗНИНГ ТЎҚМОҒИ
(болалик хотиралари)
Онам бўйнига чиққан тузалмас чипқондан вафот этганида эндигина қирқ ёшдан ўтган эди. Мен биринчи синфда ўқирдим. Укам тўрт, синглим икки ёшда. Дадам бир йил ўтгач бошқа аёлга уйланди. Уйланмаса бўлмас ҳам эди. Бизга боғланиб дурадгорлик юмушига боролмас, қўл учида тирикчилик қилиб қолгандик. Ўгай онамиз ҳам ёт эмас, онамнинг қариндоши бўлиб, эри урушга кетганча қайтмаган, бир ўғил, бир қиз билан бева қолган экан.
Ярим етимларни ўзим оқ ювиб, оқ тарайман дея келган янги она ўз онамиз ўрнини босолмади. Бирон марта бизни эркалатиб, бажарган ишимиздан қониқиб, “баракалла болаларим” деган сўзини эшитмадик. “Ҳой қиз, қачонгача тўптош ўйнайсан, идиш ювмасдан, қаёқларда санқиб юрибсан?” – дея тўрт ёшли синглимни кўчадан ҳайдаб кирар, олти ёшли укамга ўшқириб, ахлатни олишни, ўтин териб келишни буюрарди. Унда ўз онамиздаги мулойимлик, ширинсузлик фазилатини кўрмасдик. Мени уришадиган бўлса, тутқич бермай кўчага қочардим.
– Манаву Муҳиддиннингизни маҳалладаги Қашқардан келиб қолган бой Охун бизникида юрсин, ўзим ўғил қилиб уйлайман, деяпти, – деди бир куни дадамга ўгай онам дастурхон устида.
Урушдан кейинги эллигинчи йиллари кўп оилалар ночор яшарди. Бундан бизнинг оила ҳам мустасно эмасди. Дурадгор дадам арзимас ҳақ оларди. Ўгай онамизниг мақсади мендек бетгачопар ўғилдан қутулиш бўлганини кейинроқ англадим. Шу ниятда у дадамни гапига кўндирган эди.
Мен “ўғил” бўлган хонадон соҳиби бир пайтлар бу ёққа бахт излаб келган уйғурлардан эди. Унинг шахсий тегирмони, обжувози, ўнлаб эшагу туялари, молу қўйлари бўлган. Колхозлаштириш йиллари уларнинг ҳаммаси жамоа хўжалиги ҳисобига ўтса-да, ўз қўлида қолиб, хўжалик юмушларида ишлатилган. Бой қўлида ёши мендан анча улуғ, хизматкорлик қилаётган бир неча одам бор эди. Колхозда машина ва тракторлар ҳали унча кўпаймаган. Адирлардаги дон, хашак, даладаги ҳосилнинг барчаси эшакларда, туяларда ташилган. Менинг вазифам эса бой қўлидаги барча туялар, эшаклар, кўп ҳолда мол-қўйларни боқиш, оиладаги майда-чуйда ишларни бажариш эди. Ўгай онамнинг даккию сўкишларидан кўра, бировнинг хизматини қилсам эркинроқ юрарман, деган уй мени тарк этмай, бойникида ишлашга кўндим. Анча вақт ўтгач афсусландим, аммо пушаймоним фойда бермади. Бойникида бошқа болалардай ўйнаб, яйрай олмасдим. Тонг саҳардан бошланган ишим ярим тунгача давом этар, мактабга қатнасам-да, дарсларимни тўла тайёрлай олмаган пайтларим кўп бўлган. Неча бор ўз уйимизга қочиб чиқиб, “Дадажон, бойникида ишламайман, сиз билан устачилик қиламан”, – деб ёлворсам, буни эшитган ўгай онам: “Бирон ишни қилмаганки, бой ургандир, ёнимиздаги укалари ҳам тўйдиряпти, опчиқиб қўйинг, ишлаб нонини топиб есин”, – дерди.
Бойнинг нонини ейиш эса осон бўлмади. Бу хонадонда тортган азоб-уқубатларимнинг барини достон қилиб ўтирмай, энг сўнггисини ҳикоя қилиб берайин.
Бойнинг ички дунёси ғалати эди. Одамларни мансаби, бой-камбағаллигига қараб баҳоларди. У ўзини сахий, хушеъл қилиб кўрсатгани билан, қўл остида ишлаганларга ҳаддан ташқари талабчан ва қаттиққўл эди.
Юқори синфларга кўчиб, бўйим чўзилиб қолган. Ёз кунларининг бирида бой мол сотишимизни айтиб қолди. Сой бўйидаги бозорга бордик. Ем еб семирган ва туғиши яқинлашган жониворнинг харидори кўпайди. Қанчага сотилгани ёдимда йўқ. Арқонни сигир бошидан ечиб олиб, кетишга шайланиб турувдим, бой: “Бозор дарвозаси ёнида туратур, яна иш бор”, – деб қолди. Арқон қўлимда, бозорга кирган-чиққанларни томоша қилиб турдим. Бир пайт аллаким ёнимга келиб: Муҳиддин, бировни кутяпсанми?” – деб сўради.
– Бой отани, – дедим.
– Нима, мол сотдингларми? – деб сўради у қўлимдаги арқонга қараб.
– Ҳа.
– Бойнинг ўзи қани?
– Бозорда.
У бозорга кириб кетди. Бозордан чиққан бой отанинг авзойи ўзгарган, қовоғи солиқ эди. У менга хўмрайган ҳолда:
– Олдимга туш! – деб тўнғиллади.
Уйга келишимиз билан қўлимдан арқонни забт билан тортиб олиб, бир қулоч қилиб ўради.
– Сен етим қачондан бери тўғрисўз бўлиб қолдинг, мени шарманда қиладиган сенмисан? – дея бош-кўзим демасдан арқон билан савалай кетди. Бошим, белларим арқон зарбидан зирқираб, гандираклаб йиқилдим. Бой ғазаб отига минганди. Мен эса қочолмай бетиним додлайман. Юзим билан йиқилганимда бурним қонаб кетган экан. Кўйлагим қип-қизил қонга беланди, ўқчиб йўталганим сари оғзимдан ҳам қон отилиб чиқарди.
– Нон-тузимни ичиб мени сотдинг, ўлиб қолсанг ҳам розиман.
Бой ота қонга беланганимни кўриб, ўз қилмишидан бироз чўчиди чоғи, калтаклашни бас қилиб нари кетди. Ўрнимдан туролмай анча ётдим. Йиғлаган ҳолда эмаклаб ариққа яқинлашдим. Юзимни ювиб, бироз ўзимга келдим ва аранг ўрнимдан туриб:
– Кетаман, бутунлай кетаман, уйларингга қайтиб келмайман, – деб жаҳл билан бақирдим.
– Қаёққа кетасиз? – деди кесатиқ билан Қашқардан келиб, умр бўйи бой хизматини қилиб юрган Каримохун йўлимни тўсиб. – Қарзингни узишга умринг етмайди, еган нон-ошинг, кийган кийимларингни ҳаққини ким тўлайди?” У шундай деб юзимга тарсаки тортиб юборди. Яна йиқилдим. Бу ҳолатни кузатиб турган бой хотинининг менга раҳми келдими, “Каримохун ака, бу етимнинг таъзирини ўзим бераман”, – дея қўлидаги супурги билан ёнимга келди:
– Тур, ўрнингдан, бундан буён рост гапирмайман, деб айтсанг, урмаймиз, – деди.
– Нимага рост гапирмайман? – дедим ҳайрон бўлиб йиғлаган ҳолда.
– Бозорда бой отангни сўраган кишига нега мол сотдик дединг?
– Мол сотганимиз тўғри-ку, қўлимда арқон бор эди-да.
– Мана сенга тўғри сўзлаш! – Бой отанингг хотини ҳам қўлидаги супурги билан савалай кетди.
Қўрқувданми, калтак зарбиданми, икки қўлим билан бошимни тўсганча додлаб кўчага отилдим. Кўзимга ҳеч ким, ҳеч нарса кўринмасди. Катта йўлга чиқиб, ўйланиб қолдим. Уйимизга қочиб кирсам, ўгай онамиз яна дадамни авраб, бой қўлига қайта топширармикин, деган ўй миямда чарх урарди.
Жалолобод йўлига тушиб, ортимдан биров қуваётгандек, ҳеч кимга қарамай ялангоёқ, ялангбош йиғлаганча кетаверибман. Дала йўлига чиққач ортимга қарадим – ҳеч ким йўқ. Тош йўл оёғимни қиздиради. Йўл бўйларидаги дарахтларга ин қурган чумчуқлар гуриллаб ўзларини буғдойзорга уради.
Нега тўғри сўзладим-а, бошимга шунча балолар ёғилди. Ўзи бойникидан қочиб кетишга баҳона топилмаётганди. Ўлсам ҳам уникига қайтмайман. Шунча мол-дунёси була туриб, нега бой ота қарзини бермай келган экан. Ўша Қўчқороталик охун ҳам худди шу куни – биз мол сотган куни бозорга келиб қолганини қаранг. Мендан мол сотганимизни билгач, бозордан бойни топган, қарзингни бер, деган. Бой ота эса пулим бўлмаса қаёқдан бераман, нега ортимдан юрибсан, дея хезланади. У киши эса “Ҳозир хизматкор боланг дарвоза олдида мол сотдик деди, нега ёлғон гапирасан, бировдан қарздор бўлиб бой бўлгунча тиламчи бўлмайсанми, инсофинг ҳам йўқ экан”, – деб бой отани бозорда кўпчилик олдида изза қилган экан.
Хаёл оғушида йўл юриб, Тупроқбел довонига келиб қолибман. Кун пешиндан оққан. Қўрқув ва аччиқ устида йўл юриб келдиму, шу жойда ҳолим қуриб, бутун вужудим оловдек ёнган ҳолда қир бағрида ўтириб қолдим. Кунчиқар томонда Жалолобод шаҳри кўзга ташланади. Бу шаҳарда ҳеч кимим йўқ, кимникига бораман. Онажоним, қайдасиз? Бизни ташлаб, нега ўлиб кетдингиз? Сиз бўлсангиз, шу кўргилик ва хўрлашларни кўрмасдим-ку! Энди қаёққа, кимникига бораман? Не ўйлар келмади хаёлимга. Очликдан қорним тирнар, аммо егулик қани. Бироз дам олгач, бирон қариндошникида қоларман деган ўй билан ноилож ортимга қайтдим Бир пайтлар мол боқиб юрган адирлар оша йўл босиб, Қўлот қишлоғига келдим. Таниш далалар кўзга ташланди. Кун ҳам асрга яқинлашди. Кўсаклаётган ғўза пайкалларини оралаб, қишлоққа яқин келдим. Оёқларимда мадор қолмади. Яна озгина юрсам, маҳаллага кираман. Бироз дам олиб қоронғилатиб кетишни ният қилиб, уватга чўзилдим. Кўзим илиниб қолибди.
– Муҳиддинжон, ўғлим, тур, уйга кетамиз, – деган овоз келди. Кўзимни очсам, дадам кўзлари жиққа ёш тепамда мўлтираб турибди. – Мени кечир, ўғлим, энди бойникига чиқмайсан.
Дадамнинг бағрига отилдим. Кўзларимдан қуйилаётган ёшни тўхтата олмасдим.
Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ, Бозорқўрғон.