Ўшда Наврўз байрами
Шу кунларда жанубий Қирғизистоннинг бир қатор шаҳарларида “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда Қирғизистон ўзбек миллий-маданий марказининг жанубий ҳудудий бўлими ҳамкорлигида Наврўз байрами муносабати билан концерт дастурлари ташкил этилмоқда.
Ушбу муҳим тадбирларнинг бири Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри биносида бўлиб ўтди. Унда Ўш ва унга яқин ҳудудларда истиқомат қилувчи юзлаб фуқаролар, жамоат арбоблари, ёшлар, зиёлилар, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўш шаҳар мэри ўринбосари Санталат Аманова, Ўзбекистоннинг Ўшдаги Бош консули Зафарбек Аҳмедов, Ўзбекистон Республикасининг “Ватандошлар” жамоат жамғармаси бошқарув аъзолари, Ўзбекистон Республикаси қирғиз миллий-маданий маркази раиси Раҳматулло Жабборов, шунингдек, Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий маркази жанубий ҳудудий бўлими раиси Одилжон Отажоновлар сўзга чиқишди. Улар иштирокчиларни Наврўз байрами билан муборакбод этиб, бундай ҳамкорликдаги анжуманлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда беқиёс ўрин тутаётганини таъкидладилар.
Наврўз – янгиланиш, дўстлик, тинчлик ва эзгулик байрами. Шу жиҳатдан, бугунги кунда ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, умумий маданий меросимизни асраб-авайлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Тадбир маросимини Ўш шаҳар мэр ўринбосари Санталат Аманова очиб, жумладан шундай деди: “Ҳурматли Ўзбекистондан ташриф буюрган азиз меҳмонлар! Ўш шаҳри аҳолиси ва раҳбарияти номидан сизларни байрам билан муборакбод этаман. Сизларни юртимизда кўришдан жуда мамнунмиз. Бугунги байрам тадбири қардош халқларимиз ўртасидаги самимий дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин ифодасидир”.
Бош консул Зафарбек Шавқатович Аҳмедов сўзга чиқиб, Наврўз қадриятларини алоҳида таъкидлади. У Наврўз нафақат баҳор ва янгиланиш рамзи, балки у икки қардош халқ — Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамловчи муҳим байрам эканини қайд этди.
“Наврўз – инсонийлик, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувлик байрами. Ушбу қадимий анъана халқларимизнинг қалбини яқинлаштиради, маданиятимиз ва урф-одатларимиз ўртасидаги умумийликни яна бир бор намоён этади”, – деди Зафарбек Шавқатович.
Шундан сўнг тадбир ташкилотчиси – “Ватандошлар” жамоат фонди раиси ўринбосари Акмалжон Шофайзиев сўзга чиқди. “Наврўз – юртимиздаги бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва меҳр-оқибат руҳининг ёрқин ифодаси. Бу байрам нафақат табиатнинг уйғониши, балки инсонларнинг қалбларида ҳам яхшиликка интилиш, янгиланиш ва бирдамлик туйғуларини жунбушга келтиради”, – деди у.
“Ватандошлар” жамоат фонди хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг маданий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, уларни Ўзбекистон билан яқинлаштиришга қаратилган кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Концерт дастури юқори бадиий савияда ташкил этилди. Саҳнада ўзбек халқ қўшиқлари, анъанавий ва замонавий рақслар намоён этилди. Таниқли ижодкорлар, ёш истеъдод соҳиблари ва фольклор жамоалари чиқишлари орқали томошабинларга катта завқ бағишладилар.
Тадбирнинг алоҳида жиҳати, миллий санъатнинг чуқур қирраларини намоён этишга қаратилгани бўлди.
Қирғизистон ўзбек миллий-маданий маркази жанубий ҳудудий бўлими раиси Одилжон Отажонов қирғиз ва ўзбек халқлари тарихан ҳамжиҳат, қон-қардош халқлар бўлиб келганини таъкидлади. “Биз кўп асрлар давомида биргаликда яшаганмиз. Бугунги кунда ҳам ушбу анъана давом этмоқда ва биз уни асраб-авайлашимиз, келажак авлодларга ўрнак қилиб қолдиришимиз зарур” деб таъкиддаб ўтди О.Отажонов.
Театр фойесида ўзбек мақом ансамбили чиқишлари, амалий санъат намуналари ҳамда ўзбек халқининг анъанавий таомларидан иборат кўргазма уюштирилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ушбу маданий шодиёнадан олган илиқ таассуротларини баён этиб, бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилишига умид билдиришди. “Ватандошлар” жамоат фонди раҳбариятининг таъкидлашича, келгусида ҳам қардош мамлакатлардаги юртдошларимиз билан яқин ҳамкорликда маданий-маърифий лойиҳалар давом эттирилади.
Шу каби тадбирлар 10 апрель Жалолобод шаҳрида, 12 апрель куни эса Қизилқия ва Раззоқов шаҳарларида ҳам бўлиб ўтади.
Одилжон Дадажонов .Ўш