“ЖОНИМҒА ТУШТИ ОФАТЕ…”

Эй хуш улким, офият кунжи манга эрди мақом,

Сураи «Вашшамс»у «Валлайл» эрди вирдим субҳу шом.

                                     

Субҳ андин хилватимға нафхаи Руҳул қудус,

Шом мундин кунжи фақрим равзаи доруссалом.

                             

Сайд субҳам донаси бирла малойик қушлари,

Анда қўймай риштаи зуҳду риёи бирла дом.

 

Не бировнинг қомати раъносидин нолам бийик,

Не кишининг ғамзаи жодусидин уйқум ҳаром.

                                 

Не ичимда лоларухлар ишқидин қонлиғ туган,

Не бошимда сиймбарлар васлидин савдойи хом.

 

Ҳам кўнгулдин нозанинлар суҳбати бўлған унут,

Ҳам назардин маҳжабинлар сурати бориб тамом.

                         

Ногаҳон шаҳ базмида жонимға тушти офате,

Мен ўзумдин бордим, ул билмон қаён қилди хиром.

 

Ҳуш – кетти, ақл – итти, қолмади жону кўнгул,

Ишқ чекти зуҳд ила савдоларимға интиқом.

 

Тушмиш ўт жонимга ул дамдин бери ул навъким,

Жон бериб ўлмакни топмон, айлабон юз иҳтимом.

 

Ёр – ғойиб, дард – муҳлик, халқ – ғофил, найлайин,

Ғаврума ким еткай илло шоҳи гардун иҳтишом.

                           

Эй Навоий, шоҳдин дардинг иложи бўлмаса,

Бош олиб кетгил, уруб оворалиғ даштиға гом.

 

Бу Алишер Навоийнинг “Фавойидул кибар” девонидаги 424- ғазал бўлиб, ҳажман анча катта, 11 байт. Рамали мусаддаси мақсур (фоилотун-фоилотун-фоилотун фоилун) вазнида битилган.

Улуғ хонанда Шерали Жўраев унга куй басталаб, ниҳоятда ширали овоз билан ижро этган.

Ушбу ғазал “ҳасбиҳол” тарзида: шоир ишқ дардига чалинган лирик қаҳрамоннинг ҳолатини унинг ўз тилидан баён этади.

 

Ғазални мазмунан икки қисмга ажратиш мумкин: биринчи қисми – дастлабки олти байтда умрини лоубол-беташвиш яшаб ўтказаётган кишининг хотиржам кунлари тасвири ва иккинчи қисмида ногаҳон бир кун юрагига ишқ чўғи тушгани ва ундан кейинги ошиқлик ҳаётининг изтироблари ҳикоя қилинади.

Байтма-байт таҳлилга ўтамиз:

 

Эй хуш улким, офият кунжи манга эрди мақом,

Сураи «Вашшамс»у «Валлайл» эрди вирдим субҳу шом.

 

(Тинчлик-хотиржамлик масканини макон этганим қандоқ яхши эди,

Эртада-кечда «Вашшамс» ва «Валлайл» сураларини ўқиб куним ўтарди)

Юрагида дарди, ташвиши йўқ кимса ўз роҳатидан бошқа нарсани ўйламайди. Эрталаб қуёш чиқса, кун чиқди деб, ботса, оқшом тушди деб яшай беради. Мақсадсиз, маъносиз умр ўтказади. Шамс – қуёш демак, тонг отганини билдиради, лайл эса тун кеча демак. Вирд – бу ўринда такрор-такрор қилинган, ўрганиш бўлиб қолган машғулотдир. Тонг отди, кун ботди, деб умр ўтказаётган одамнинг, албатта, ҳеч ғам-ташвиши бўлмайди.

Албатта, бундай ҳолатда мусулмон киши Қуръони карим сураларини ўқиб-такрорлаб, шундан дили осойиш топади.

Иккинчи байт:

 

Субҳ андин хилватимға нафхаи Руҳул қудус,

Шом мундин кунжи фақрим равзаи доруссалом.

 

(Тонгда ундан менинг хилватгоҳимга Руҳул қудус нафаси уфурар,

оқшомда эса бундан фақирона бурчагим гўё жаннат боғига айланарди)

 

Дилида иштибоҳу изтироби бўлмаган бир одам учун, тонг маҳалида, у қандай бир овлоқда бўлмасин, Руҳул қудс – Жаброил алайҳиссаломнинг пок нафаси келиб тургандай (“Қадр” сурасида айтилишича, “таназзалул малоикатул вар-Руҳ” – Муқаддас Руҳ малоикалар билан Ерга тушади), тун-оқшомда эса (нима бор-йўқлиги кўринмай) фақирона макони жаннат боғидай туйилади. Бунинг учун эса киши дили беғам, ўзи хотиржам бўлиши керак.

 

Сайд субҳам донаси бирла малойик қушлари,

Анда қўймай риштаи зуҳду риёи бирла дом.

 

(Тасбеҳим донаси билан малоика қушлари овланади,

Унда риёкорона зуҳд иплари билан тузоқ қўймасам ҳам).

 

Тожик тилида дон ва дона сўзларининг асли бир. Ўзбек тилида эса, дон – ғаллани, дона – саналаётган бир хил нарсаларнинг сонини билдиради. Малоика (фаришталар) эса қанотли, яъни қуш каби махлуқот деб талқин қилинади. Қуш бўлганидан кейин, у дон ейди. Шоир тасбеҳ донаси ва дондан сўз ўйини ясаб, малоика қушлари тасбеҳим дон(а)лари билан овланади, аммо бунда риёкорона зуҳд (зоҳидлик) иплари билан тузоқ қўйилмайди, деяпти. Тасбеҳ эса, маълумки, тузоққа ўхшаб думалоқ ипга тизилади.

Лирик қаҳрамон тинч-осойишта, намозини ўқиб, ибодатини қилиб юрибди. Шунинг ўзига ҳам малоикалар мафтун ва маҳлиё ҳолда.

Алишер Навоийнинг энг ёмон кўргани – риёкорлик. Ибодат риё билан қилинадиган бўлса, тасбеҳ гўё тузоқ-домга айланиб қолишини, риё ипидан тузилган тасбеҳга малоикалар ов бўлиб тушмаслигини ҳам уқтиради.

Кейинги байт:

 

Не бировнинг қомати раъносидин нолам бийик,

Не кишининг ғамзаи жодусидин уйқум ҳаром.

 

(На бировнинг гўзал қоматини кўриб баланд нола чекаман

ва на унинг ғамзаси сеҳридан уйқум ҳаром бўлган).

 

Лирик қаҳрамон беғам-беташвиш кунлари манзарасини тасвирлашда давом этади. У ўз қобиғи ичида: кимнингдир (ёрнинг, албатта) мағрур ва гўзал қадди-қоматини кўриб, баланд нолалар чекмайди ва на ўзганинг (ўшанинг) ғамзаси сеҳридан тунлари ухламасдан тун ўтказгани йўқ… Шоир аввалги байтда бошлаган таносуб санъатини давом эттиради:

 

Не ичимда лоларухлар ишқидин қонлиғ туган,

Не бошимда сиймбарлар васлидин савдойи хом.

 

(Лолаюзлилар ишқи бағримда қонли доғ ҳам қолдирмаган ва

бошимда кумушбаданларнинг васли ҳақида хом савдолар йўқ эди).

 

Лола (қизил)юзлилар ишқининг жароҳати бағримни қон қилмаган эди, деганда юзнинг қизилиги ва қоннинг ранги монанд экани кўзда тутилса, бадани кумушдай оқ бўлганларнинг васли иштиёқи бошни хом савдоларга мубтало қилмаганди деб айтиш пишмаган нарса оқиш бўлишига ишорадир.

 

Ҳам кўнгулдин нозанинлар суҳбати бўлған унут,

Ҳам назардин маҳжабинлар сурати бориб тамом.

 

(Яна, кўнгил нозанинлар суҳбатини унутганди,

кўздан эса ойюзлилар сурати тамоман ўчган эди).

 

Лирик қаҳрамон тобора ичкарилай боради. Аввалги байтларда тасбеҳ, қоматни кўриб нола қилиш, нозаниннинг сурати каби “ташқи”роқ нарсалар айтилган бўлса, энди кўнгилдаги хотира ва кўз ёди каби бирмунча ботиний жиҳатларга ўтилиб, ўқувчи учун ногаҳоний ўзгариш олдидан сўнгги авждаги торлар чалинади.

Бу байтдаги таносуб “суҳбат – кўнгилда”, “сурат – кўзда” тарзида кўринади. Бироқ шоир ушбу байт бадииятига тарсеъ санъатини ҳам қўшади: байтнинг иккала мисраси вертикал равишда ўзаро вазни тенг ва қофиядош сўзлардан ташкил топган: “ҳам кўнгулдин-ҳам назардин”; “нозанинлар-маҳжабинлар”; “суҳбати-сурати” каби.

Ана энди ғазалнинг иккинчи қисмига ўтамиз. Лирик қаҳрамоннинг ўша тинчгина давом этаётган, бирқадар зерикарли ҳаёти тўсатдан ўзгариб кетади:

 

Ногаҳон шаҳ базмида жонимға тушти офате,

Мен ўзумдин бордим, ул билмон, қаён қилди хиром.

 

(Кутилмаганда подшоҳ базмида жонимга бир офат тушди,

Мен ўзимни йўқотдим, унинг эса қаёққа кетганини билмайман).

 

Бу қандай офат бўлиши мумкин?

Шунчаки қараганда, лирик қаҳрамон шоҳона базмда бир гўзални кўриб қолиб, дилига ғулғула тушади ва ўзини йўқотиб, унинг қаерга хиром айлаганини пайқаёлмай қолади. Навоий ижодидан “ҳаётий” тафсилотларни қидирадиган тадқиқотчилар учун жуда қулай бир “далил”: гўё Навоий Султон Ҳусайн уюштирган базмда рақс тушаётган бир гўзал қизни кўриб, ўзини йўқотиш даражасида уни севиб қолган… буёғига эса бир фожиали воқеа (уни тўқиш осон) туфайли шоир бу нозанинни унутолмай, уйланмай ўтишга қарор қилган ва ҳоказо. Хўш, ҳақиқатан ҳам шундайми?

Навоий каби мутасаввуф шоирларда кўп сўз (тушунча)лар рамзий маънода қўлланишини унутмайлик. Бизнингча, бу байтда ва умуман шу ғазалда бош сўз – “шоҳ”дир.

Бундай қараганда, шоҳ деб Навоий Султон Ҳусайнни кўзда тутгандек. Бунга асослар ҳам бор: Навоий вазир эди, бинобарин “шоҳ базми”да бўлиш унинг учун одатий ҳол. Шоҳнинг бундай базмлари кўп бўлгани ҳам ҳақиқат.

Лекин шундай базмлардан бирида Алишер Навоий бир дилбари хушрўни кўриб ҳуши оғиб қолгани ва уни ғазалда тавсифлаши – афсона.

Бу байтда келган “шоҳ” сўзи бутун ғазалнинг марказий объекти, шу байтнинг ўзи эса ғазалдаги асосий маъно юкини ташувчи марказий байтдир. Шунинг учун унга яна бироз тўхталамиз.

Шоҳ базми – бу дунё ҳаётидир. Теранроқ тафаккур қилган киши ҳаёт – бир базм каби эканини фаҳмлайди. Бошланиши, авжи ва хотимаси бор ҳаёт.

Бу ўринда сўфий шоир шоҳ деб, ёр деб бируборни айтаётир. Оддий мўминнинг эътиқоди ошиб бориб, камолга етгач (дастлабки олти байтда шу тасвирланган), ногаҳон бир пайт унда эврилиш юз бергани, бетоқатлиқ ҳис этгани, ўзини унутиш мақомига ўтиши баён этилган. Бу ҳолат қачон юз бериши лирик қаҳрамоннинг ўзига, унинг жидду жаҳдига боғлиқ…

Хўш, шоҳ деганда шоир замондоши, дўсти Султон Ҳусайнни кўзда тутяптими? Бизнингча, йўқ. Шеърнинг мантиғи буни инкор қилади.

Давом этайлик-чи:

 

Ҳуш – кетти, ақл – итти, қолмади жону кўнгул,

Ишқ чекти зуҳд ила савдоларимға интиқом.

 

(Ҳушим кетди, ақлим йўқолди, ҳатто жоним ва кўнглим ҳам йўқолди,

бу ишқ менинг зоҳидлигим ва савдойи-хомхаёлликларимни ғорат қилди).

 

Бу – ўша ишқ шиддатининг тасвири: ошиқнинг ҳуши ўзида эмас, ақли йўқолди, ҳатто жони ва кўнгли ҳам қолмади. Чунки ҳаётига кириб келган ишқ унинг аввалги хотиржам зоҳидлиги ва жафо тортмасдангина хаёл суришларини чок-чок қилди, руҳида инқилоб ясади.

Давоми:

 

Тушмиш ўт жонимга ул дамдин бери ул навъким,

Жон бериб ўлмакни топмон, айлабон юз иҳтимом.

 

(Ўша ондан бери жонимга шундай бир ўт-олов тушдики,

юз бора уринсам ҳам, жон бериб ўлмоқлик иложини топа олмайман).

 

Бу ишқнинг азоб-изтироблари шу қадар куйдирадики, ошиқ жонидан қутулса-ю, ўлса. Лекин ҳарчанд уринса ҳам, бунинг иложини топа олмайди. Бу ҳам инсоний бир ҳолат: гоҳо киши бошига тушган кўргуликлардан тўйиб, дунёдан чиқиб кетгиси келади, аммо чорасиз. Шоҳ базми асносида унинг руҳига тушган ўт омонсиз, ундан нажот йўқ. Яъни шоир ҳақиқий ишқ – аввало азоб эканини, ишқ кирган кўнгилда бир он ҳам ҳаловат бўлмаслигини айтаётир. Бунинг устига:

 

Ёр – ғойиб, дард – муҳлик, халқ – ғофил, найлайин,

Ғаврума ким еткай илло шоҳи гардун иҳтишом.

 

(Ёр кўздан ғойиб бўлган, дард ўлдиргудек, бошқалар бундан бехабар, оҳ,

бу ҳолнинг тубига тақдирнинг мутакаббир шоҳидан бошқа ким етар эди)?

 

Чорасизлик ошиқни ҳар тарафдан ўраб олган: ёр ғойиб бўлган, дард-изтироб – ўлдиргудек, бирон ҳамдард-меҳрибон йўқ… Бу ҳолда, албатта, қисматларни белгиловчи зотга таваккал қилинади, дардларининг тубига етиш – тугатиш сўралади. Ана энди “шоҳ”нинг кимлиги бирмунча аён бўлди. Борди-ю, ундан ҳам нажот-фориғболлик насиб бўлмас экан, у ҳолда…

 

Эй Навоий, шоҳдин дардинг иложи бўлмаса,

Бош олиб кетгил, уруб оворалиғ даштиға гом.

 

(Эй Навоий,  агар шоҳ дардинг иложини қилиб енгиллатмаса,

оворалиғ даштига қадам қўй-да, бош олиб кет).

 

Чунки бошқа чора йўқ.

Содда талқин қилувчилар наздида, гўё лирик қаҳрамон (Навоий) шоҳга мурожаат қилиб, фалон кунги базмда менинг ақлу ҳушимни олган дилбарни топиб бер, йўқса ҳолим хароб бўлади, деб айтаётгандак. Лекин амин бўлдикки, бу шеърнинг мазмуни бўлак. У кундалик тирикчилик ва нафсий эҳтиёжлардан чандон баланд туради. Шу аснода байтнинг сўфиёна хулосаси ойдинлашади.

 Кўрамизки, шоҳ – бу ўринда Хуросон подшоҳи Султон Ҳусайн эмас, балки бирубор халлоқдир, базм эса – у бизни чорлаган бу дунё ҳаётидир, бу базмда жилва қилиб ақлу ҳушларни олувчи ҳам – унинг ўзидир…

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг