Дўст кулфатда билинади: Ўзбекистондан Қирғизистонга биродарлик карвони келди
Бошга иш тушганда бири бирига ёрдам қўлини чўзиш минтақа давлатларида доимий анъанага айланган.
Ўш вилоятининг Новқат туманида селдан жабр кўрган аҳолига Ўзбекистондан 95 тонна озиқ-овқатдан иборат инсонпарварлик ёрдами 3-июл куни етиб келди.
Инсонпарварлик, биродарлик ёрдами таркибида 24 тонна ун, 12 тонна гуруч, 10 тонна шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Юк Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжарбек Зупаров бошчилигидаги делегация томонидан етказилди. Инсонпарварлик ёрдамини Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошлиғининг ўринбосари Ақилбек Мазарипов ва Қирғизистон президентининг Ўш вилоятидаги вакили ўринбосари Иляз Ташбаев кутиб олди ва оғир кунларда кўрсатган ёрдами учун ўзбек халқига миннатдорлик билдирди.
“Раҳбаримиз ҳамда қирғиз халқи номидан раҳмат айтамиз. Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович ҳамда ўзбек халқи шундай вазиятда дўстлик қўлини чўзиб, ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирамиз. Аллоҳ рози бўлсин. Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлиги абадий бўлсин”, – деди Иляз Ташбаев.
Ўз навбатида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжарбек Зупаров: “Ўзбекистон қўшниларига ҳар доим ўз ёрдамини аямайди. Айниқса, қардош Қирғизистон билан доим дўст бўлганмиз, урф-одатларимиз, тадбирларимиз бир. Қандай муаммо бўлмасин, биргаликда енгамиз”, – деди.
Олиб келинган маҳсулотлар тўғридан тўғри Новқат тумани аҳолисига етказилди. Туман ҳокими Жақипбек Субақўжўевнинг маълум қилишича, ёрдам сифатида келган озиқ-овқатлар махсус тузилган комиссия қарори билан муҳтож фуқароларга тарқатилади.
Бунгача селдан жабрланганларга қўшни Қозоғистондан ҳам инсонпарварлик ёрдами келган эди. Озиқ-овқат ва уй-рўзғор буюмларидан иборат бўлган инсонпарварлик ёрдами ортилган самолёт 30-июн куни соат 22:30да махсус рейс билан Ўш аэропортига қўнган. Инсонпарварлик ёрдамига Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жамбил вилояти бўйича департаменти директори A.Tўқанов ҳамроҳлик қилган.
Уни Ўш аэропортида Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Ақилбек Мазарипов, президентнинг Ўш вилоятидаги вакили ўринбосари Илияз Ташбаев, Қозоғистоннинг Ўшдаги консули М.Қарибай ва бошқалар кутиб олишган.
Эслатиб ўтамиз, 28-июн куни соат 16:10 ларда Новқат вилоятининг Абшир-Сой ҳудудида сел юриб, қудратли оқим йўлларни ювиб кетган, кўприклар ва электр подстанцияларини вайрон қилган. 10 киши ҳалок бўлган, улардан саккиз нафари вояга етмаганлар эди. Йўллар бузилиб кетиши оқибатида Абшир-Ота дам олиш маскани ва Кезарт яйловида 1400 га яқин одам қолиб кетган. Кейинроқ улар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вертолётида эвакуация қилинган.
Сўнгги икки ҳафта ичида Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида сув тошқини оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди.
20-апрелдан 1-июлгача Қирғизистонда жами 236 та сув тошқини содир бўлди ва унинг қиймати 170 миллион сўмдан (2 млн. доллар атрофида) ошди, деди ҳукумат йиғилишида фавқулодда вазиятлар вазири Бўўбек Ажикеев. Жумладан, бир неча километр йўл ювилиб кетган, 9 та кўприк шикастланган, 1 та кўприк бутунлай вайрон бўлган.
Жорий йилнинг сўнгги ойларида Ўш вилоятининг Новқат ва Қора-Қулжа туманларида содир бўлган сел кўчишида 14 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. 28 июнь куни Ўш вилоятининг Бўрбош қишлоғи турғунлари, 48 ёшли аёл, унинг уч ўғли ҳамда набираси ҳалок бўлган. Шунингдек, Қозоғистондан қариндошларникига меҳмонга келган 15 ёшли қиз ва икки нафар бола ҳам нобуд бўлишган.
30 июнь куни Қора-Кулжада бир оиланинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди. Қирғизистон ФВВ хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 36 ёшли эркак, унинг 34 ёшли рафиқаси, ҳамда икки ўғли бўлган бўлиб, фақат 18 ёшли қизгина омон қолган.
Бунга қўшни давлатлар, жумладан Қирғизистон ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистонда юз берган табиий офатдан сўнг уларга инсонпарварлик ёрдамларини жўнатишган эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм ва видео интернетдан олинди