Афғонлар ўрнига ўзбеклар: Ўзбекистон-Германия музокаралари қандай натижа беради?

Германия юзлаб афғонистонлик қочқинларни Ўзбекистон орқали ватанларига қайтариш ниятида.

Германиянинг “Шпигель” нашри берган хабарга кўра, немис ҳукумати мамлакат ҳудудидаги афғонистонлик қочқинларнинг катта бир қисмини Ўзбекистон орқали ватанига қайтариш масаласини расмий Тошкент билан муҳокама қилмоқда.

Маълум бўлишича, яқинда германиялик бир гуруҳ амалдорлар Германия ташқи ишлар вазири Нэнси Фезер топшириғи билан Тошкентга боришиб, ушбу масалани муҳокама қилишган. Таклиф қилинган режага кўра, Германия ҳукумати сиёсий бошпана беришдан бош тортган ва шу сабабли ватанига қайтарилиши (депортация) лозим бўлган афғонистонликларни Ўзбекистонга олиб келади. Сўнгра расмий Тошкент уларни ўз ватанларига, Афғонистонга жўнатиб юборади.

Маълумки, 2021 йилнинг августида дунёнинг кўплаб давлатларида (асосан мусулмон бўлмаган ғарб мамлакатларида) террорчилик ташкилоти деб тан олинган “Толибон” ҳаракати Афғонистонда тўла ўз ҳокимиятини ўрнатган. Бундан сал аввал 20 йил давомида мамлакатда турган АҚШ ҳарбий қўшинлари афғон тупроғини тарк этишган эди. Шундан бери дунёнинг бирорта давлати толиблар ҳокимиятини расман тан олмади. Афтидан ана шу сабабга кўра Германия ҳукумати толиблар билан бевосита алоқа қилишдан қочиб, Ўзбекистондан воситачи сифатида фойдаланмоқчи.

Ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати немислар таклифининг фойдали томонларини ўрганмоқда экани айтилади. Жумладан, имзоланажак келишувга Ўзбекистон малакали ишчиларни қонуний равишда Германияга ишлагани жўнатиш масаласини киритишни таклиф қилмоқчи. “Шпигель” бу ҳақда тегишли келишув матни тайёр бўлгани ва яқин орада Германиянинг миграция сиёсати бўйича махсус вакили Иоахим Стэмп Тошкентга, ушбу ҳужжатни муҳокама қилиш учун келади.

Бошқа ғарб давлатлари каби Германияда ҳам сўнги йилларда муҳожирлар бўйича сиёсат кучайтирилмоқда. Бунга Мангейм шаҳрида мусулмонларга қарши намойиш ўтаётган жойда афғонистонлик бир муҳожирнинг пичоқ билан одамларга ташлангани ҳам туртки бўлган. Ўшанда тўпалон пайтида бир полиция ходими ҳалок бўлган. Шундан сўнг канцлер Олаф Шольц Германия ҳудудида жиноят қилган чет элликларнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида баёнот берган.

“Der Spiehel” тарқатган маълумотга кўра, бугун Германияда депортация қилиниши лозим бўлган 13 мингдан ортиқ афғонистонлик бор. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам депортация қилинади деган гап йўқ. Буни суд ва ҳокимият вакиллари ҳал қилишади. Қизиғи шундаки, Афғонистоннинг тан олинмаган ҳукумати ўз фуқароларининг бу йўл билан ватанларига қайтарилишига қарши. Шу сабабли Германия ҳукумати қайтарилган қочқинларга нисбатан Афғонистонда ёмон муносабатда бўлишлари мумкинлигидан хавотирда экани ҳам айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Германияда 425 минг атрофида афғонистонликлар яшайди. Уларнинг асосий қисми ўтган асрнинг 70-йилларида, Совет қўшинлари Афғонистонга киритилгандан сўнг, яна бир оқими эса, толибонлар ҳукуматга келишидан аввалроқ ва кейин немис ерида қўним топган. Туғилиш ўта камлиги туфайли аҳоли сони тобора камайиб бораётган Германия сўнги йилларда нотинчлик ҳукм сураётган Афғонистон, Сурия каби турли мусулмон давлатларидан миллионлаб қочоқларни қабул қилмоқда. Охирги йилларда уларнинг сафи украиналик қочоқлар ҳисобига яна кенгаймоқда.

Германия – аҳолиси тобора мусулмонлашиб бораётган ғарб давлатларидан бири. Турли маълумотларга кўра, бугун бу мамлакатда 5-6 миллион мусулмонлар яшайди. Уларнинг 1,2 миллиони Германияга 2011 йилдан кейин пайдо бўлган. Бу аҳолининг 5-6 фоизи деган гап. Лекин айрим тадқиқотчилар мусулмонлар Германия аҳолисининг қарийб 21 фоизини ташкил қилиши ҳақида айтиб келишади. Масала шундаки, аҳолини рўйхатга олиш пайтида ҳамма ҳам ўзининг қайси динга мансуб эканини очиқ айтавермайди.

Биринчи мусулмонлар Германияга XVIII асрда, Усмонийлар империяси даврида турли сабабларга кела бошлаганлар. Бугунги кунда мамлакатдаги мусулмонларнинг ярмидан кўпининг келиб чиқиши турк бўлиб, мамлакат аҳолисининг сони асосан ана шу фуқаролар ҳисобидан ўсаётгани ҳақида фикрлар айтилган.

Турли тадқиқотчиларнинг башорат қилишларича, 50 йиллардан сўнг Германия, Франция каби асосий Европа давлатларининг аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлади. Демак, бугун ҳайдаб чиқилаётган афғонлар ҳам у юртга яна қайтиб келишлари мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг