Ниҳоят! Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши августда бошланади

Ушбу йирик иншоот қурилиши ҳақида ўн йиллардан бери фақат қуруқ гаплар бўлиб келаётган эди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 13 июн куни бўлиб ўтган Жўғорқу Кенеш мажлисида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишининг шу йил август ойида бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда ишонч билан айтишга асос бўладиган ҳолат – жорий йилнинг 6-майида Пекин шаҳрида ушбу йирик иншоот қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим имзоланди.

Жапаров лойиҳани молиялаштириш масаласи ҳам ҳал бўлганини маълум қилди. Лекин унинг манбалари ҳақида батафсил айтмади.

Эслатиб ўтамиз, сал аввалроқ президент Садир Жапаров ушбу темир йўл қурилишининг октябр ойида бошланишини айтган эди. Натижада логистика борасида «боши берк кўчада» турган Қирғизистон энди дунё бозорига Қозоғистон ва Россия темир йўллари орқали эмас, янада яқинроқ ва арзонроқ йўл билан чиқиш имконига эга бўлади.

Янги темир йўл қурилиши Қирғизистоннинг Осиё, Европа қитъалари билан транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида минглаб янги иш ўринларини яратилиши ҳам кутилмоқда.

Бунгача қирғиз расмийлари умумий узунлиги 4400 километрни ташкил қилган ушбу қитъалараро темир йўлнинг 311 километри Қирғизистон ҳудудида “Тўруғарт – Қўш-Дўбў – Қазарман – Жалолобод” йўналишида амалга оширилиши, лойиҳанинг дастлабки қиймати 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил этишини маълум қилишган. Лекин Қирғизистоннинг бу лойиҳа учун маблағни қаердан топиши ҳозирча ноъмалум.

Ушбу темир йўл қурилиши бўйича битим ўтган йилнинг сентябрида Самарқандда имзоланган эди. Ҳужжатда Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023-йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаши белгиланган эди.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш бўйича келишув уч давлат раҳбарлари томонидан ўтган йилнинг сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, Қирғизистон ҳудудида қуриладиган темир йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари 2023 йилнинг биринчи ярмида якунланиши керак эди.

Аввалроқ президент Садир Жапаров ушбу темир йўл қурилиши келаси йили бошланиши мумкинлигини айтган эди. Бош вазир ҳам шу гапни такрорласада, қурилиш учун маблағ топиш осон бўлмаётганини билдирган эди. Бу лойиҳа бўйича дастлабки музокараларда асосий ҳаражатларни Хитой ва қисман Ўзбекистон қоплаши, Қирғизистон эса йўл учун ер ажратиш билан кифояланиши ҳақида ҳам гап бўлган эди.

Ушбу темирйўл қурилиши ҳақида дастлаб 1996 йилда айтилган. Ўшанда Хитой ўз ҳудудида Корла ва Қашғар шаҳарларини боғловчи Жанубий Синцзян темирйўл магистрали қурилиши бошлаганини маълум қилган. Орадан бир йил ўтиб, уч давлат вакиллари Тошкент ва Бишкекда Қашғар-Ўш-Андижон темир йўлини қуриш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги меморандумни имзолашган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг