Ишлаб чиқармасак ҳам сотиб турувдик. Россия Қирғизистондан машина олмай қўйди
Россияда апрелда киритилган янги қоидалар сабабли Қирғизистон автомобил бозори касодга учраяпти.
Россиянинг «Автостат» агентлиги тарқатган маълумотга кўра, 2024 йилнинг дастлабки уч ойида Россияга 295 минг 700 автомобил импорт қилинган бўлса, уларнинг 66,4 фоизи Японияга, 24,6 фоизи Қирғизистонга тўғри келган.
Бироқ жорий йилнинг апрелидан Россияда автомобиллар импортига божхона тўловларининг оширилиши натижасида Қирғизистондан Россияга автомобил олиб кириш деярли тўхтади. Чунки бу иш фойда келтирмай қўйди.
Россия эса ўз автомобил саноатини ҳимоя қилиш учун божхона ва бошқа тўловларни оширмоқда. Айнан шу сабаб билан бир неча йил аввал Ўзбекистоннинг Россияда жуда оммабоп бўлган машиналари ҳам у ерда сотилмай қолган эди. Эслатиб ўтамиз, Россиянинг “ВАЗ”, “Волга” каби бир неча хил русумдаги автомобил маркалари жаҳон бозорида умуман рақобат қилолмайди. Евроосиё ташкилоти доирасида Россия ўз автомобилларини бу ташкилотга кирган давлатлар ҳудудида сотишни енгиллаштирди. Лекин Япония, Корея, ва АҚШ автомобиллари олдида жуда юпун кўринган рус автомобиллари бозори юришиб кетмади.
Россияга экспорт қилишни тўхтатилиши таъсирида Қирғизистоннинг ички бозорида автомобилларнинг нархи 20 фоизгача тушгани айтилмоқда. Чунки Япония, Корея, АҚШ ва бошқа ўлкалардан келтирилган машиналар Россияга жўнатилиб, бу ерда камёблик кучайиши оқибатида нархлар ошиб кетган эди. Бунга қисман бензин нархларининг тинимсиз ошиб бораётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
Хитой ва Жанубий Кореядан машина импорти билан шуғулланувчи тадбиркор Суюнбек Мирзақановнинг “Озодлик”ка айтишича, айни пайтда Қирғизистон автомобил бозори оғир кунларни бошидан кечирмоқда. 2022 йилда Қирғизистондаги божхона тўловларининг пастлиги туфайли Жанубий Корея, Хитой ва Европадан Россияга автомобиль олиб келаётган тадбиркорлар сони кўпайган эди. Бироқ энди уларнинг аксарияти машинасини сота олмаяпти ва бу бизнесни зарар билан тарк этишга мажбур бўлмоқда. Қолганлари автомобил савдосини давом эттириш учун Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон каби янги йўналишларни синаб кўрмоқда.
“Бизда бозор катта эмас, кўплар пулини йўқотмоқда. Агар нархлар ҳақида гапирадиган бўлсак, 10-20% га тушди. Фойда ҳақида гап ҳам йўқ, киритилган маблағ ва сармоядорларимизнинг пулларини қайтариб беролсак ҳам катта гап”, – дейди Суюнбек Мирзақанов.
Расмий маълумотларга қараганда 2023 йилда Россияга турли давлатлардан 1 миллион 100 мингга яқин автомобил импорт қилинган. «Автостат» агентлиги тарқатган маълумотда бунинг 2022 йилга нисбатан 3,7 баробарга кўп экани айтилади. Уларнинг 706 минг донаси енгил автомобилларга тўғри келади. Украинадаги уруш сабаб киритилган санкциялар туфайли Россияга тўғридан тўғри автомобил сотиш ҳам кескин қисқарди. Шу сабабли россиялик автомобил ишқибозлари техникани Арманистон, Қирғизистон, Қоғоғистон каби давлатлар орқали сотиб ола бошладилар.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди