Аҳмоқликнинг чегараси йўқ: Рус ёзувчисининг баёноти катта норозилик туғдирди
У Совет Иттифоқини тиклаш ҳақида гапириб, Ўзбекистонни Россияга қўшиб олишни таклиф қилди.
Айрим даражада ёзувчи, мақомини рус оммавий ахборот воситалари «жамоат арбоби» сифатида талқин қилишадиган Захар Прилепин “Россия сегодня” марказида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ва Ўзбекистоннинг ўзида унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилди.
Бунга асос сифатида у Россия миллионлаб меҳнат муҳожирлари борлигини айтган. Унинг мантиқига кўра, Россия меҳнат муҳожирларини жўнатаётган мамлакатларни ўзига қўшиб олиши керак эмиш. Камига муҳожирларга рус тилини Россияда эмас, ўша ернинг ўзида ўргатиш керак эмиш. Бунга мисол сифатида у Ўзбекистонни тилга олган.
Шу билан бирга у ўзининг ҳазиллашмаётганини, Совет Иттифоқини қайта тиклаш масаласини ҳам кўтариш ниятида эканини маълум қилган. Эмишки, Россия “Украина устидан ғалаба қозониб, Киевда парад ўтказганидан сўнг ҳеч ким Москвани собиқ СССР давлатларини ўз таркибига қўшиб олишига қаршилик кўрсата олмайди”.
Захар Прилепин айирмачилар томонидан тузилиб, тан олинмаган «Донецк халқ республикаси» аталган ҳудудда Украинага қарши жанг қилган жангарилар қўмондони бўлган. Ҳозирда 48 ёшли ёзувчи “Адолатли Россия – Россия ватанпарварлари – Ҳақиқат учун” партисясининг ҳамраиси. 2022 йилда Россияда йил ёзувчиси номини олган.
Украинага қарши позицияси учун Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган.
Прилепиннинг бу баёноти Ўзбекистонда катта норозиликка сабаб бўлди. Бу муносабат билан эртаси куни, 21 декабрда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди. Элчига, “Россия каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди”, дейилади Ўзбекистон ТИВ тарқатган баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнотни “атайлаб қилинган иғвогарлик руҳида бўлиб, икки халқ ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин”лигини эътироф этган.
Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова Прилепиннинг таклифи “Россиянинг расмий позициясидан анча узоқда” эканини айтди. Қизиқ, бўлгани “Россиянинг расмий позициясидан узоқда”ми? Нега Захарова бу аҳмоқона баёнотни жиддий қоралаб, бундай гапларга йўл қўйиб бўлмаслигини айтмади?
Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон парламенти депутатлари, турли даражадаги арбоблар ва оддий аҳоли вакиллари ҳам бу баёнотни қоралаб, ўз фикрларини билдирмоқдалар.
Мана шу воқеалар давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрда ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида «Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганини” эътироф қилди
“Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти», – деди Мирзиёев. – «Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш, албатта, осон бўлмаяпти».
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ўзининг Телеграм каналида мамлакатнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли Қуролли кучларга эга эканини эслатиб псот жойлаштирди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди