Бола кимники ёки болага қандай исм қўйиш ҳам муаммога айландими?
Қирғизистонда болага кимнинг номи берилиши кераклиги хусусида баҳс авжига чиқди.
Қирғизистон Конституциявий суди кўпдан бери катта мунозараларга сабаб бўлаётган масала хусусида узил-кесил қарор чиқарди. Лекин бу қарор жамиятдаги тортишувларни янада қиздирди холос.
Конституциявий суд қарорига кўра, 16 ёшга тўлган болалар энди ўз шахсий ҳужжатларида «отасининг номи» деган графанинг ўрнига онасининг номини ёздиришлари мумкин. Бу ҳақда 2 июлда судга бу масала билан мурожаат қилган фаол, ёзувчи Алтин Қапалова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида билдирди.
Маълумотга кўра, суд Вазирлар маҳкамасига тегишли меъёрий ҳуқуқий актларни ўзгартириш таклифини киритган. Ҳукм барча давлат ва маҳаллий ўзини ўзи бошқарув органлари, барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ва бутун республика ҳудудида бажарилиши керак. Машхур ибора билан айтганда, “ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ”.
Гап шундаки, эри билан ажрашиб, у билан тинимсиз сен-менга бориб келаётган Қапалова
болаларининг исмидан отасининг номини олиб ташлаб, уларга ўз номини беришга қарор қилган. Ўтган йили у фарзандларининг исмлари … Алтинович, … Алтиновна қилиб ёзилган метрикалар олганини қувонч билан ёзган эди.
Бу катта шов-шувга сабаб бўлгач, Давлат рўйхатга олиш хизмати (ДРОХ) болаларга берилган ҳужжатларни бекор қилди.
Алтин Қапалова болаларини ёлғиз тарбия қилади, биологик ота оилага кўмаклашмайди, алимент ҳам тўлаган эмас ва болаларнинг тарбиясига аралашмайди. Муассаса Қапалованинг болаларининг гувоҳномаларида собиқ эрининг номи ўрнига ўз номини ёздириш билан «Фуқаролик ҳолати актлари ҳақидаги» қонунни бузди деб билдирган. Шу-Шу Қапалова 2021 йилнинг январидан бошлаб Давлат рўйхатга олиш хизмати билан судлаша бошлади.

Суднинг барча инстанцияларида ютқазиб қўйгач, у «патриархал давлат ҳужжатга онанинг номини киритиш ҳаракатини жиноятга тенглаб», конституциявий ҳуқуқларини бузгани ҳақида пост ёзган ва шу йилнинг 16 февралида Конституциявий судга мурожаат қилган.
Бундан ташқари, ёзувчи суд мажлисида Жўғўрқу кенеш, президент аппарати, Юстиция вазирлиги ва Давлат рўйхатга олиш хизматининг вакиллари у билан “давлат органи вакили эмас, аёллардан нафратланган» одам каби сўзлашганини айтган.
Алтин Қапалованинг аризаси қаноатлантирилмаганига қарамай, Конституциявий суд қарорини “ғалаба” деб баҳоламоқда.
“Ҳеч нарсага қарамай, мен буни ғалаба деб биламан. Аёллар ҳозирча энди туғилганда ўз фарзандларига исмини бера олмайдилар, лекин каттайиб қолгач, болалар онасининг исмини олишлари мумкин. Барчани ушбу ғалаба билан табриклайман!”, – деб ёзди у Facebook’да.
Конституциявий суднинг ҳукмини Қапалова “адолат ва гендер тенглиги йўлидаги улкан қадам” деб атади.
Ижтимоий тармоқларда бу ҳақдаги хабар пайдо бўлганидан сўнг, бу қарор, яъни бола балоғат ёшига етганидан кейин истаса матчества/матроним олиши мумкинлиги, миллий анъаналарга мос келадими, деган баҳслар пайдо бўлди. Конституциявий суд ўз қарорининг жамиятнинг ном бериш билан боғлиқ анъанавий ва тарихий асосларини ҳеч қандай тарзда бузмаганлигини таъкидлади.
Президент маслаҳатчиси Чўлпонбек Абикеев Конституциявий суд қарорини изоҳлар экан, қирғизларнинг еттинчи авлодгача бўлган ота-боболарининг исмларини билиш анъанасини эслатиб, “матчество”га қарши чиқди.
“Демократиянинг ўз йўли бор. Биз, қирғизлар каби кичик халқлар учун ўзларининг етти аждодининг исмини ота томондан билиш анъанаси бежиз эмас. Аждодингизни билиш генетикангизни, келиб чиқишингизни сақлаб қолиш демакдир. Уларнинг етти аждодини билиш учун отасининг фамилияси бўлиши керак. Агар онанинг исми бўлса, сиз кимнинг ўғли эканлигингизни унутишингиз мумкин «, – деб ҳисоблайди Абикеев.
Тарихчи публицист Олжобай Шакирнинг фикрича, миллий урф-одатлар билан оқлаб, “матчество”ни инкор этиб бўлмайди. Унинг фикрича, ушбу мавзуни муҳокама қилишда оилалардаги вазиятни ҳисобга олиш керак.
“Жамиятда оталик бурчини бажармайдиган, болаларни калтаклаётган шафқатсиз эркакларни кўрамиз. Бу қаршилик фақат аёллар эмас, болалар қалбида ҳам бор. Кўп эркаклар борки, уларни болалар ота деб аташмайди. … Бу ҳаддан ташқари миллатчилик. Ўз бурнидан нарини кўрмай, ҳамма нарсани миллий ғурурга боғлаш нотўғри. Аксинча, улар миллатнинг таназзулга учрашига олиб келади”, – дейди Шакир.
Баҳс авжига чиққач, Қирғизистон мусулмонлари ҳазрати муфтийи Замир қори Ракиев ҳам муфтият позициясини билдирди.
“Ҳар бир фарзанд отасини билишга ҳақли. Болани ким туққани маълум. Отасининг номини бериш жуда муҳим. Шу сабаб Ислом дини боланинг наслини отага боғлайди.
Шариатда мақсад – одамнинг ақлини, номусини, мулкини, насл-насабини сақлаш.
Насл-насабини билиш одамзотни яқин қариндошлар билан билмасдан оила қуриб, миллатнинг генефондига зарар келтиришдан, оилада ногирон болалар туғилишидан сақлайди…” , – дейилади муфтиятнинг билдирувида.
Нима бўлганда ҳам энди Конституциявий суд қароридан келиб чиқиб, парламент тегишли қонунларга ўзгартиришлар киритиши лозим бўлади.
Алтин Қапалова эса, қисман ғалабага эришдим, деб- ҳисобласа-да, Конституциявий суд қарори устидан халқаро судларга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Айрим кузатувчиларнинг фикрича, бу масала жамиятда кўзга ташланиб қолган аёллар ва эркаклар ўртасидаги қарама-қаршилик янада кучайтирди. Афсуски, бу сафар ҳам баҳс қўполлик, ўзаро ҳақорат қилиш ва камситишларсиз бўлмаяпти.
Аслида русча қоидага кўра жорий қилинган, исмга -овна, ович каби қўшимчалар билан ота исмини бериш ҳам СССР давригача на қирғиз ва на бошқа мусулмон миллатларда мавжуд эди. Сиз нима дейсиз?
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди