Қирғизистон: Демократия ва сўз эркинлиги бекор қилинадими?
Яна бир ҳуқуқ фаолининг иши терговда, Бишкекнинг марказида митинглар яна тақиқланди.
Бишкекнинг Биринчи май (Первомайский) тумани суди пойтахт ҳокимлиги илтимосига кўра, шаҳарнинг марказий қисмида митинглар ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги қарорни 1 октябрга қадар узайтирди. Бу ҳақда “Озодлик” суд матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Қарорга мувофиқ жорий йилнинг 30 сентябригача пойтахтнинг Ала-Тўў майдони ва унга туташ Эркиндик ҳиёбонида (Линейная кўчасидан Чуй шоҳкўчасигача бўлган қисмида), шунингдек, Қирғизистон парламенти, президент маъмурияти, Олий суд, Россия ҳукуматига қарашли бинолар яқинида митинглар ўтказиш тақиқланган. Лекин кўрсатилган жойларда давлат ва шаҳар ҳокимлиги турли хил расмий тадбирлар ўтказиши мумкин.
Суд қарорига кўра, бирор мавзуда митинг ва бошқа акциялар ўтказишни истаган фуқаролар уларни шаҳар марказидан бир чақиримча нарида жойлашган Максим Горький номидаги майдонда уюштиришлари мумкин. Лекин Горький майдони кўп қаватли турар-жой бинолари орасида жойлашган бўлиб, акциялар ўтказилган пайтда одамлар шовқин ва тартибсизликлар бўляпти, деб мэрияга шикоят қилишади.
Яқин йилларда ҳам кунига ўнлаб митинглар ва бошқа норозилик акциялари ўтиб туриши оддий ҳол ҳисобланган Қирғизистонда расмийлар норозилик билдиришнинг бу турини чеклаш тараддудини кўра бошладилар. Натижада Бишкек ҳокимлиги, тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида, деган рўкач билан 2022 йилнинг апрелида шаҳар марказида митинглар ўтказишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Бундан норози бўлган фаоллар судга мурожаат қилишди, лекин Первомайский тумани суди ва юқори инстанциядагилар судлар тақиқни қонуний деб тан олди.
Шу кунларда Бишкекда ҳуқуқ фаоли Ўндуруш Тўқтўнасиров устидан жиноий иш очилиши муносабати билан норозилик кучайган. Куни кеча 60дан ошган, соғлиғи ночор фаолни ноъмалум шахслар машинага ўтирғизиб, ноъмалум тарафга олиб кетишган. Тезда шовқин кўтарилиб, кечга яқин унинг ИИВга сўроқ қилиш учун олиб кетилгани маълум бўлди.
Тартиб посбонларининг маълум қилишича, Тўқтўнасировга миллий адоватни қўзғашда айблов қўйилмоқда. Бунга унинг ижтимоий тармоқлардаги ёзувлари сабаб бўлган.
ИИВ терговчиси буни экспертиза ҳам тасдиқлаганини айтган, лекин қайси ёзув адоват қўзғагани ва экспертиза қандай ўтказилгани аниқ эмас. Адвокат Жаниш Барақов ишнинг материаллари билан ҳали танишиб улгурмаганини маълум қилган.
Ўндуруш Тўқтўнасиров ёлғиз ҳолда пикетлар ва бошқа норозилик акциялари ўтказиб туриши билан танилган. У оддий шаҳарликларнинг ҳуқуқларидан тортиб оламшумул масалаларда ҳам фаол равишда ўз позицисини маълум қилиб келади. Жумладан, у Украинадаги уруш туфайли Россияни қаттиқ танқид остига олиб келади. Ҳамкасбларининг фикрича, айнан мана шу нарса расмийларга ёқмаган.
Талаблари ҳаққоний ва қонун доирасида бўлишига қарамай, фаол кўп марта судланиб, жарималар тўлаган. Судларда унга муносабат яхши эмас. Масалан, судлардан бирида у судьянинг рус тилида берган саволига русча жавоб беришдан бош тортгани учун судья уни суд жараёнида иштирок этишдан маҳрум қилган. Фақат адвокат ва бошқаларнинг норозилиги туфайли судья унга мамлакатда давлат тили бўлган қирғиз тилида жавоб беришга рухсат берган.
Охирги пайтда Қирғизистонда яна сўз эркинлигига ҳужум кучайиб, расмийларнинг позициясига қарши чиққан сиёсатчи ва фаолларга босим ортди. Жумладан, “Озодликнинг” қирғиз хизматининг сайтлари блокланиб, энди нашрнинг ўзини бутунлай ёпиш бўйича суд иши давом этмоқда. Бир қатор сиёсатчи ва фаоллар турли айбловлар билан ҳибсга олинган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди