Садир Жапаров фаолларга “агент” тамғасини босишга шошилмаслик тарафдори… ми?

Қирғизистон президенти мунозарали қонун лойиҳаси устида кузгача ишлашни таклиф қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров аввалроқ депутатлар таклиф этган ва ўз маъмурияти томонидан таклифлар киритилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини парламентга тақдим этиш муддатини узайтирди. Давлат бошлиғи тегишли буйруқни 14 июнь куни имзолаган, лекин бу энди маълум бўлди.

Президент буйруғига кўра, қонун лойиҳаси устида ишлаётган ишчи гуруҳ энди қонун лойиҳасининг келишилган вариантини жорий йилнинг 1 июлигача эмас, 1 октябргача тақдим этиши лозим.

Тилга олинган қонун лойиҳаси Қирғизистонда кўп йиллардан бери катта мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Бир неча йил аввал бир гуруҳ депутатлар Россияга тақлид қилиб, нодавлат ташкилотлари ва уларнинг ходимларига “чет эл агенти” мақомини беришни таклиф қилиб чиққан. Бироқ узоқ тортишувлардан кейин бу қонун лойиҳаси қабул қилинмай қолган.

Афсуски, 2021 йилги парламент сайловларидан кейин бу масала яна қайтадан қўзғала бошлади ва ҳукуматни танқид остига олган фаолларга “агент” тамғасини босиш ташаббуси яна кўтарилди. Натижада Қирғизистон президенти маъмурияти 2022 йилнинг ноябрда амалдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни тақдим этган эди.

Лойиҳада қонунга “хорижий нодавлат ташкилот” тушунчасини киритиш ва давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари устидан назоратини кенгайтириш таклиф қилинган. Бундан ташқари, нодавлат ташкилотларга ўз фаолиятини давом этдиришлари учун Адлия вазирлигининг махсус реестрида рўйхатдан ўтиш мажбуриятини юклаш таклиф қилинган.

Маҳаллий нотижорат ташкилотлари ва қатор халқаро ташкилотлар бу ташаббуслардан хавотир билдириб, президент Садир Жапаровни ушбу ҳужжатни қайтариб олишга чақирди. Айтилган танқидлар ҳисобга олиниб, ҳужжатни яна қараб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилди ва унинг таркибига фуқаролик жамияти вакиллари ҳам киритилди.

Бундан ташқари шу йилнинг баҳорида депутатлар томонидан “Нотижорат ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга ва Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қонун лойиҳаси парламентга киритилиб, унинг кузда кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Депутатлар давлат норматив-ҳуқуқий базасига “хорижий вакил” тушунчасини киритишни назарда тутади, бу “хорижий давлатлардан пул ва бошқа мол-мулк” оладиган нотижорат ташкилотлар ва уларнинг бўлинмаларига берилиши таклиф қилинмоқда. Шунингдек, нотижорат ташкилотлари ва уларнинг ходимлари томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш ҳам таклиф этилган.

Қирғизистон ҳукумати мустақилликка эришгандан бери турли давлат ва халқаро молия институтларидан тинимсиз грант ва қарз олиб келади. Турли текширувлар кўрсатганидек, бу маблағнинг жуда катта қисми амалдорлар томонидан ўзлаштирилган ёки бошқа мақсадларда ишлатиб юборилган. Оқибатда бугунги кунда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5 млрд. доллардан ошиб кетган. Бу янги туғилган чақалоқдан тортиб, ҳар бир фуқаронинг бошига давлат қарзи 750 доллардан қарз тўғри келади, деган гап.

Нодавлат ташкилотлари эса турли ижимоий масалаларни ҳал қилиш мақсадида донорлардан грантлар олиб туради, лекин бу маблағлар қарз саналмаган ҳолда давлатнинг қўли ва кўзи етмаган минглаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беряпти, минглаб иш жойлари ташкил қилиб, мамлакатда фуқаролик жамиятининг ривожланишига катта хисса қўшмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг