Ўзбекистон тадбиркорлари Қирғизистонга 70 миллион доллар сармоя киритмоқчи

Бунгача икки давлат ўртасида ишлаб чиқариш ва савдо соҳасида кўплаб шартномалар имзоланган.

Янги сармоялар ҳақидаги таклиф Қирғизистон президенти ҳузуридаги сармоялар бўйича агентлик раҳбари Умбриэль Темиралиевнинг яқинда Тошкентга қилган сафари давомида ўзбек расмийлари томонидан киритилган.

Агентлик тарқатган хабарга кўра, Тошкентдаги учрашув чоғида ўзбек тадбиркорларининг яқин вақт ичида Қирғизистон иқтисодиётига 70 миллион доллар миқдорида сармоя киритишга тайёр эканликлари маълум қилинган.

Сармояларнинг Қирғизистон Ўзбекистон билан ҳамкорликда базальт толасини, кальций карбидини ишлаб чиқариш, текстил корхоналарини қуриш, кварцни бойитувчи завод очиш ва ҳоказоларга жалб қилиниши режалаштирилмоқда.

Бу лойиҳалар Темиралиевнинг Ўзбекистон саормоялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан олиб борган музокаралари давомида тилга олинган. Учрашувда бунгача эришилган шартномалар доирасида жорий йилда икки давлатнинг ҳамкорликда амалга ошириши лозим бўлган лойиҳалар ва шартномалар муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекка давлат ташрифи билан келган ва икки давлат ўртасида ўн миллионлаб долларлик қатор иқтисодий соҳадаги шартномалар имзоланган.

Жумладан, икки давлат ўртасида савдо айирбошлашни юксалттириш мақсадида Ўзбекистон пойтахтида «Қирғизистонда ишлаб чиқарилган» ва Қирғизистон пойтахтида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» номли савдо уйларини очиш, Қирғизистонда автомобил йиғадиган завод қуриш, Қирғизистондан Ўзбекистонга 10 миллион долларлик кўмир экспорт қилиш каби кўплаб шартномалар имзоланган.

Кейинроқ Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Тошкентга борган ва қўшни давлат расмийлари билан Бишкекда имзоланган шартномаларнинг амалга оширилиши бўйича масалаларни муҳокама қилган эди.

Икки давлат ўртасидаги расмий келишимлар доирасида чегарадаги ёпилиб кетган ўтказиш пунктларини қайта очишга ҳам келишиб олинган. Ана шу келишимларни амалга ошириш мақсадида яқинда “Бекобод – Хонобод” чегара постида Ўзбекистон томонидан бир томонлама қурилган девор бузиб ташланди. Тез кунларда бу ва бошқа муҳим чегара постларининг очилиши кутилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг