ҚАДРИЯТ 

ЎШНИНГ ШИМОЛИ-ҒАРБИДА…

Ҳозир кўп мамлакатларнинг иқтисодиятида туризмдан келадиган даромад салмоқли ўрин эгаллаяпти. Шундан келиб чиқиб, унинг пляж-сув туризми, маданий туризм, даволаш-соғломлаштириш туризми, ишбилармонлик туризми каби  бирқанча турлари пайдо бўлди. Экологик, гастрономик, зиёрат туризми, экстремал туризм кабилар кенг тармоқ отди. Махфий қолмасинким, ҳарқандай туризм шу мамлакат ватандорлари туризми ҳамда хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш туризми кабиларга бўлинади.

Кейинги йилларда Ўш шаҳрининг туристик жозибадорлигини ошириш, меҳмонларга хизмат сифтини яхшилаш учун кўп ишлар амалга оширилди, мухбиримиз Умидахон Мирзабоеванинг хабар беришига қараганда эса, («Оқбура» сайти, 2026, 28 март: “Оқмадраса қайта қурилади”) Сулаймон тоғи атрофидаги палапартиш ва қаровсиз жойларни ободонлаштириш давом эттирилар экан.

Тарихдан маълум: Ўш, унинг бағридаги Сулаймон тоғи ҳамиша зиёратгоҳ бўлиб келган. Ҳатто, авом халқ Ўшни “Маккаи ажам” деб билган, уни зиёрат қилишни ўзи учун кичик ҳаж ўрнида кўрган.

Бу бежиз эмас. Ўш шаҳрида кишининг руҳиятига енгиллик берадиган ғалати бир хислат бор. Бу унинг табиати ва географик жойлашувига боғлиқ ҳол бўлса, ажаб эмас.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўшни “ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур. Ўшнинг фазилатида хели аҳодис ворид бўлубтур, – деб тавсифлайди. –  Бинафшаси бисёр латиф бўлур. Оқар сувлари бор, баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лолаю гуллар очилур. Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур”.

агар тарихий масжид ва мадрасалар яна қайта қурилиб, инфраструктура яхшиланса, бошқа юртлардан келадиган туристлар кўпаяди, шунингдек, ўзаро яхши қўшничилик алоқалари кучайгани шарофати билан Ўзбекистондан борадиган зиёратчилар оқими ҳам ошиши турган гап. Буларнинг барчаси шаҳар бюжети учун қўшимча даромад манбаи бўлади.

Аммо бизнинг назаримизда, келадиган меҳмонларга кўрсатадиган нарсаларимиз “бир тоғ ва унинг атрофи”гина эмас, кўпроқ бўлиши керак. Чунончи, гарчи ҳозир мен Тошкентда яшасам-да, она шаҳримга бориб, болалик чоғларимизда кўп вақтимиз ўтган “Дом отдыха” деган жойни кўриб, бироз кўнгил ғашлиги билан қайтдим. Орада ўтган иқтисодий қийинчилик йиллари бу ердаги дам олиш уйи тугатилибди, сўлим паркдаги дарахтзор ва ўйингоҳлар қаровсиз, ташландиқ ҳолда ётибди. Уни яна гўзал оромгоҳга айлантириш, эллик йил аввалги ҳудудини асло кичрайтирмай, шу маскан ихтиёрига қайтариш керак, экан, деб ўйладим. Ободончилик Ўшнинг энг юқори нуқтаси бўлган шу баҳаво гўшадан бошланса, айни муддао бўлади.

Юқорида эслатиб ўтдик: ҳозир гастрономик  туризм, яъни шу ерга хос таомлар билан танишиш учун келадиганлар ҳам бисёр. Аммо бу борада ғалати бир ҳолни кўрамиз – бошқа шаҳарлардаги (айниқса Ўзбекистондаги) палов пишириб сотиш анъанаси Ўшда деярли йўқ. Чойхонада ош қилиб ейиш – бошқа нарса. Ҳолбуки, қўй ёғи-қўй гўштли, девзира гуручли ош – Ўшнинг, Ўзганнинг, умуман Жанубий Қирғизистоннинг гастрономик ташриф қоғозига айланиши керак. Лоақал, тажриба учун бу ишни қилиб кўриш лозим.

Аммо ҳозир мен Ўшликларнинг ўзи ҳам деярли билмайдиган яна бир туристик объектга эътибор қилинишини истар эдим.

Ўшнинг ғарб томонида Какликучар тоғи (Керматоғ) ва шимоли-ғарбида Сураттош тоғи бор. Ҳар иккисида ҳам бундан неча минг йиллар аввал яшаган одамлар томонидан чўкич билан чекиб чизилган расмлар бор. Айниқса, Сураттошда бундай тасвирлар кўп. Улар асосан отлар ва бошқа овланадиган жониворларнинг жуда тиниқ ва гўзал расмларидир.

Бир умр Ўшда яшаб, ишлаб, тўй қилиб, бола-чақа боқиб, турли издиҳомларга бориб, хуллас, “тирикчилик” деб умр ўтказиб, Ўшнинг шундоқ ёнидаги, нари борса, саккиз чақирим узоқликдаги бу расмларни кўрмаган, иши ҳам бўлмаган ҳамшаҳарларимиз бисёр. Ҳолбуки, минг-минг километрлар йўл босиб, уларни бир кўрай деб келадиган одамлар ҳам бўлади. Чунки мана шу тош расмлар биз учун инсониятнинг энг қадимги излари, Сулаймон тоғидаги “оқ уй” – Бобурнинг амакиваччаси Султонмаҳмудхон қурдирган ва 1990 йилда Ўш эли томонидан қайта тикланган ушбу ҳужра тарихнинг кўз илғамас олис даврларида бунёд этилган мана бу тош расмлар олдида баайни куни кеча қурилган бир иморатдай бўлиб қолади.

Ўшга туристлар ва зиёратчилар кўп келишини истасак, улар томоша қиладиган тарихий обидалар “ассортимент”ини бойитиш, жумладан Сураттошдаги ушбу петроглифларни ҳам “туристик объектлар” рўйхатига киритиб, унга борадиган йўлни равонлаштириш даркор.

Бу нафақат яхшигина моддий даромад манбаи, балки ҳар бир сайёҳнинг қалбига ватанимиз тарихининг нақадар қадим ва улуғвор эканини тошга чўкич билан чизгандай қилиб бир умрга муҳрлаб қўядиган ғоят муҳим мафкуравий ташаббус ҳам бўлади, албатта.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

 

боғлиқ хабарлар