ДЎСТИМНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Мана етмиш йилдан ошдики, бир воқеа хотирамдан чиқмайди. Ботиржон қўшни колхоздан эди. Биз ўқиган йиллар юқори синфга ўтган болалар қишлоқдаги ягона ўрта мактабга келишарди. У пайтлар дарслик кам. Учинчи синфга ўтган ўртоқларим билан ёзги таътил кунлари китоб излаб қўшни колхозга ўтдик. Маҳаллада китоб суриштириб юриб, Ботиржонларнинг уйига кириб қолибмиз. Паст, лойсувоқ томли уйдан бир бола чиқиб келди.

– Қайси синфга китоб излаяпсизлар?

– Учинчи синфнинг “Ўқиш китоби”ни.

– Ҳозир, – дея у югуриб ичкарига кириб, бир қучоқ китоб кўтариб чиқди.

– Мен ҳам бу йил учинчидаман, аммо ортиқча китобларим бор, олаверинглар.

– Пулини ол, – дедим чўнтагимни кавлаб.

– Керак эмас. Худо хоҳласа бирга ўқиб қолармиз. Ҳали кўп гаплашамиз, – деди катта одамлардек.

Чиндан ҳам, у билан икки йилдан сўнг бешинчи синфга ўтиб, туман марказидаги ягона ўрта мактабда учрашдик, бир синфда ўқиш насиб этди.

Ботиржонда доимо олдинга интилиш, тиришқоқлик, қийинчиликлардан қўрқмаслик каби фазилатлар мужассам эди. “Кўрасан, мен албатта олий маълумот оламан”, дерди ишонч билан. Отадан ёш қолган дўстимиз етимликнинг аччиқ-чучугини тотиган эди. Шоирнинг “Тақдирни қўл билан яратур одам” деган сўзларини қайта-қайта такрорлашни хуш кўрарди.

Йиллар ўтди. Етуклик аттестатини олган Ботиржон бирон касб-ҳунар этагини тутишга интилди. Фрунзе шаҳридаги ҳунар-техника билим юртида эксковатор машинисти бўлимида таҳсил олиб, икки йил шаҳар қурилишларида ишлади. 1962 йили Бозорқўрғонга қайтиб, Навоий номли ўрта мактабда пионервожатийлик қила бошлади. Аммо билим олиш истаги уни сира тарк этмади. Яна Фрунзе шаҳрига жўнаб, Қирғизистон Давлат дорилфунининг Иқтисод-юридик факультетига ўқишга кирди. Кечки бўлимида таълим олар, кундузи ремонт заводида қорамойга беланиб ишлар эди. Олти йил ўқиб, онасидан бир сўм пул сўрамади, аксинча пул юбориб, тез-тез хабар олиб турди. Дўстимни яхши билганим, хатто малака ошириш курсига борганимда завод ётоқхонасида бирга бўлиб, узоқ дардлашганим боис унинг ғайратига, ҳаётдаги машаққатларга чидамига, сабр-бардошига, яхши кунлар келишига ишончи зўрлигига тан бермай иложим йўқ эди.

1969 йили иқтисодчи-юрист мутахассислигига эга бўлган Ботиржон Ўш вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси назорат-тафтиш бўлимида тафтишчи бўлиб ишлай бошлади. 1984 йилдан эътиборан бу соҳа республика молия вазирлиги тасарруфига ўтди. У республика Ҳукумати қошидаги назорат-тафтиш бўлимининг вилоят бошқармасида меҳнат қила бошлади. Вазифаси ташкилот ва муассасаларда давлат маблағидан фойдаланишини назорат қилиш, ҳар бир сўмнинг сарфланишини текшириш эди. Ботиржон ўттиз йилдан зиёд бир соҳада меҳнат қилди, жамоада энг тажрибали ходимга айланиб, шунга яраша ҳурмат ва қадр топди.

– Ҳеч кимга сир эмаски, тафтишчини борган жойида иззат-икром билан кутиб олишади, атрофида парвона бўлишади. Бу ҳолатда ўзингизни қандай тутгансиз? – деб сўрайман ундан.

– Тўғри. Аммо ҳаддан зиёд хушомадгўйлик ортида қандайдир сир бор эканлигини пайқаш қийин эмас, – дейди у. – Давлат бизга ишонч билдириб, масъулиятли ишни топширган экан, уни қонун ва қоидага мувофиқ бажариш бурчимиз. Қаерда тафтиш олиб бормайин, атрофимда гирдикапалак бўлганларни хуш кўрмасдим. Ҳисоб-китобни текшириб, бухгалтерларга, раҳбарларга ҳужжатлардаги ноаниқликларни яққол кўрсатамиз. Давлат ва халқ мулкини суиистеъмол қилувчилар ошкор бўлиб қолса, қонунга асосан етказилган зарарни ундирамиз, иш мураккаблашиб кетган бўлса, чора кўришни ички ишлар органларига ҳавола этамиз. Масалан, Иттифоқ даврида Новкент туманидаги “Москва” жамоа хўжалигида талон-тарожлик туфайли кўп кишилар жазо олганини билсангиз керак. Ўшанда хўжалик молиявий фаолиятини текширишда мен ҳам қатнашган эдим. Ҳукуматимиз тафтишчиларнинг моддий манфаатдорлигини кўзлаб қатор тадбирлар қабул қилди. Тафтиш олиб борилган жойда суиистеъмол қилинган давлат маблағини давлат ҳисобига ундиришда фаоллик кўрсатса, ўша маблағнинг 30 %и тафтишчига тегади. Бу қоида ҳар биримизни ҳалол ва сидқидилдан ишлашга ва ноўрин сарфланган ёки суистеъмол қилинган кўплаб маблағларнинг қайтарилишига ёрдам берганди.

Ботиржоннинг айтишича, тафтишчининг ишини қайта текшириш ҳоллари ҳам бўлиб турган. Бирон корхона ёки ташкилотни ойлаб ипидан игнасигача текшириб келсанг, ўша жойга бошқа тафтишчи юборилиб, қайта текшириларди. Мабодо тафтишингдан бирон нуқсон топилгудек бўлса, сенга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Худога шукрки, бундай синовлардан яхши ўтганман. Мен тафтиш ишларини олиб борган жойдан бирон марта нуқсон топганлари йўқ, – дейди у.

– Ботиржон ака аввало соҳамизнинг тажрибали ходими, иккинчидан билмаганларимизни айтиб берган устозимиз ҳам, – дейди бирга ишлаган ўшлик ҳамкасби Абдуваққос Қурбонов, – Янги ишга келган ёшлар кўп нарсаларини Ботиржон акадан сўрарди. Жамоада унинг шаънига фақат илиқ сўзлар айтиларди. У кишининг одамшавандалик, камтарлик ва самимийлик фазилатлари хусусида айтиб тугата олмайман. Биз ҳалол, сидқидилдан ишлашни, одамларга муомалани Ботиржон акамиздан ўргандик.

Дўсти сифатида таъриф берсам, Ботиржон гердайиш ва манманликни билмайди, бировдан ўзини сира устун қўймайди, барчага баробар хушмуомала. Бу фазилати билан обрў-эътибори ошиб бораверди.

Аксар ҳисобчилик соҳасида ишлаганларни зиқна, камгап бўлади, дейишади. Аммо Ботиржон доимо хушчақчақ. Тенқур жўралари билан ўткир ҳазил-мутойиба қилишни, аскияю пайров айтишни хуш кўради. Эл-юрт равнақи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланиб, “Меҳнат фахрийси” номини, Республика Ҳукуматининг, Молия вазирлигининг, вилоят назорат-тафтиш бошқармасининг Фахрий ёрлиқларини, мукофотларини олишга мушарраф бўлди. Турмуш ўртоғи Кенжахон билан қарийб олтмиш йилдан бери ширин турмуш қуриб келмоқда. Улар тўрт ўғил-қизнинг ота-онаси, ўн уч невара ва йигирма тўрт чеваранинг севимли бобо-бувиларидир.

Умрининг 85- баҳорини дўсту-ёрлар даврасида ўтказаётган Ботиржон ҳамон қариликка бўй бермоқчи эмас. Юрагида ғайрат, билагида куч бор. Эрта баҳордан кеч кузгача катта ҳовлисидаги дарахтларини парвариш қилади, резавор экинлар экади.

Омон бўлинг, дўстим! Умрингизга барака!

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон.

 

боғлиқ хабарлар