ОМОНУЛЛОҲ ДОМЛА
Ислом равнақига ҳисса қўшган аждодимиз кўп. Унинг асарларини бўлмаса-да, исми шарифини кўпчилик ўрганиб олди. Бу ерда эътиборга молик яна бир масала бор: Қуръони каримни ёд билган мураттаб қори, фақиҳ, мужтаҳид кўп бўлган вақтда дунёвий илм ҳам тез ривожланган. Динимизга эътиқод сусая бошлаган чоғдан дунёвий ишимиз ҳам ортга кетаверган…
Ўзбекистонда таниқли ислом уламоси, Тошкент шаҳридаги «Новза» масжидининг имом-хатиби Исмоил Эшон ўғли Омонуллоҳ домла 1930 йилда Ўзганнинг Мажримтол маҳалласида туғилган.
Отаси Исмоил эшон замонасининг зиёли кишиси бўлиб, эл манфаати йўлида хизмати беқиёс ҳотамтой зот бўлган. У кишини Ўзган аҳли Эшон кўприк деб аташар экан, сабаби қаерга кўприк зарур бўлса, ёки сел келиб кўприкни олиб кетса, дарров кўприк барпо қилиб халқ манфаатини қўзлаб ҳаёт кечирган.
Омонуллоҳ домла туғилганида, яъни 1930 йили, шўро ҳукумати кўзга кўринган илм аҳлини ва бойларни қатағон қила бошлаган пайт эди. Исмоил эшон Қашқар томон отланади. Умр йўлдоши Қумрихон отинга сафар ҳақида айтганида қўлимда гўдак билан сафарга ярамайман деб рад этади ва шу алфоз видолашиб, Қумрихон отин Омонуллоҳ билан Ўзганда қолади.
Қумрихон отин ҳам ота, ҳам она вазифасида Омонуллоҳни ўзи тарбия қилиб улғайтиради. Ўзи илмли бўлгани боис Омонуллоҳни ўзи ўқитиб, диний таълим бериб вояга етказади. Ўзганда ўсмирлиги ўтган Омонуллоҳни бирга вояга етган дўсту қариндошларии, яқинлари ҳамон яхши хотира билан эслашади. Яқин ва қадрдон дўстларидан Одил полвон (Одилжон Раимжонов) ва яна бир қанча дўстлари бўлган. Одил полвон Тошкентга келса албатта дўсти Омонуллоҳнинг уйига келиб меҳмон бўлиб кетарди.
Бухородаги «Мирараб» мадрасаси яна очилганини эшитиб, Омонуллоҳ унга ўқишга киради. Шайх Муҳаммад Содиқнинг отаи Муҳаммад Юсуф ҳазрат билан хамҳужра бўлишади. Мадарасада тўққиз йил бирга таҳсил олишиб, биринчи битирувчилардан бўлишган.
Омонуллоҳ домла мадрасани битириб, яна Ўзган шаҳрига, онаизор ҳизматида бўлиш учун қайтади. Тужжорлик касб қилиб, Москвага, Тошкентга тез-тез бориб туради. Жоме масжидида тиловати билан намозхонлар назарига тушиб, дуосини олиб аста элга танилади.
Тошкентда яшаб ўтган асли андижонлик Салоҳиддин қори Омонуллоҳ қорини илми ва батажвид тиловати боис куёвликка муносиб топиб, ўзига куёв қилиб олади.
Омонуллоҳ домла Тошкентга келганида устози Сулаймон қори ва қайнотаси Салоҳиддин қорининг олдига албатта келиб зиёрат қилиб ва масжидда тиловати қуръон қилиб турган. Шу аснода Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Эшон Бобохон назарига тушиб, Тошкентга, имомликка таклиф этилади. Чилонзор туманидаги «Новза» масжидида 1968 йилдан имом-хатиб бўлиб ишлайди.
Шу ўринда Салоҳиддин қори ҳақида алоҳида эслаш жоиз. Сабаби, Салоҳиддин қори Тошкентда ва водийда тартил ва тажвид қироати билан танилган. Қолаверса Салоҳий тахаллусли шоирлиги билан танилган. Катта ҳофизлар унинг ёзган пурмаъно шеърларини қўшиқ қилиб куйлашган. Халқ орасида «Эй ўғил» деб аталган қўшиқ ҳам у кишининг шеърига басталанган.
Омонуллоҳ домла «Новза» масжидига Имом-хатиб бўлиб келиб қавмга илм тарқатиб, ёши улуғ отахонлар ҳурматини жойига қўйиб эл ичида танилди.
– «Ёшлигимдан отам биланн «Новза»га бомдод намозига бирга чиқардик, деб эслайди Омонуллоҳ домланинг ўғли Муҳибулло ака. – Биз масжидга келганимизда масжид ҳовлисига сув сепилиб, супурилган бўларди. Масжид муаззини – чиройли юзлик, икки яноғи қизил инсон Абдулҳамид ота кулиб кутиб оларди. Масжидни супуриб, сув сепиб, яна ҳеч ким билмасин деб эски халатни устуннинг орқа томонига илиб, салла ва тўнини кийиб оларкан.
Совет пайтида ҳажга ўн-ўн беш одам борган. Ўзбекистонга иккита ўрин берилган. Биттаси отамга берилган. Шунда отам муфтий Зиёвуддин ибн Бобохонга бориб, «Мендан кўра ҳаж зиёратига хақлироқ, лойиқроқ инсон бор. Мен масжидга келгунимча ҳамма ерни супуриб тозалаб, жамоатни масжидга азон айтиб чақиради. Шу одам мендан кўра боришга кўпроқ муносиб, деб ўз ўрнини берган у кишига «, деб эслайди, ўз хотираларида.
Омонуллоҳ домла нафақат Чилонзор тумани, балким Тошкент шаҳридаги кўп маросимларда ўзининг даъвати билан хизматда бўлди. 1993-1995 йил Чилонзор туман ҳалқ бўлди. Шу лавозимдан фойдаланиб, масжид билан маҳалла ўртасида ўтган Халқлар дўстлиги шохкўчаси остидан масжид қавмига қулайлик бўлиши учун ер ости туннели қурилишига бош бўлди.
Совет пайти. «Новза» масжидини шаҳар ижроқўмининг қарори билан бузишга келишади. Ўрнига тўққиз қаватлик уй қуришмоқчи экан. Омонуллоҳ домла масжид йигирмалик аъзоларини тўплаб маслаҳат қилади. Бир пайт эски шаҳардаги босмахонада бошлиқ бўлиб ишлаган Мустақим отани масжидни ҳимоя қилишда бирга бўлишни таклиф қилишади, сабаби Шароф Рашидов Мустақим отани жуда ҳурмат қи экан. Мустақим ота, отам ва яна бир уруш ветерани Шароф Рашидов олдига киришади, Ҳолатни Шароф ака эшитиб, «Хўп, сизлар бораверинг. Масалани ижобий ҳал қиламиз», дейди. Эртаси куни Омонуллоҳ домланинг қўлига «Новза” масжиди XVIII аср осора атиқаси» деган ҳужжат берилади. Шундан буён масжид фаолият кўрсатиб келмоқда.
Мустақилликнинг дастлибки йиллари. Туркия элчихонасидан вакил келиб, «Новза» Тошкент шаҳридаги энг катта жомеъ масжидлардан бири бўлишини, бунинг учун Туркия ҳукумати катта маблағ сарф қилиб масжидни янгидан қуриб беришини айтади. Албатта, бу таклиф диний идора билан маслаҳатлашилган ва рухсат берилган. Орадан беш ой ўтиб Туркиядан «Новза» масжиди лойиҳаси келтирилган. Лойиҳани Омонуллоҳ домла ўша пайтдаги Тошкент ҳокими Козим Тўлагановга олиб чиққан. Ҳоким “Масжид минораси Туркия услубида бўлибди, ўзгартириш керак”, деб лойиҳани ортга қайтарган. Албатта, бу иш турк томонига ёқмаган ва масжид қурилиши тўхтаб қолган. Бироз вақт ўтиб Омонуллоҳ домла масжид йигирмалик аъзоларни йиғиб маслаҳат қилишиб, шаҳардаги барча мусулмон биродарларни масжид қурилишига ҳисса қўшишга даъват қилиб, «Новза» масжидини ҳашар йўли билан қайта барпо этади.
Масжид Тошкент шаҳрининг Бунёдкор шохкўчасида жойлашгани Ҳаж ва умра ташкилотчиларига маъқул бўлиб, шу кунгача ҳаж ва умра зиёратчиларига марказ сифатида хизмат қилиб келмоқда.
2009 йил Омонуллоҳ домла фахрий имом сифати ила нафақага чиққан.
Омонуллоҳ домла ўн фарзандни вояга етказиб, уларни дини ислом йўлида тарбиялаб, жамиятга қўшди. Набиралари Ҳусниддин, Зиёвуддин, Сирожиддин, Неъматулло, Муҳаммад Саид ва кенжа ўғли Раҳматулло қори мураттаб қори бўлиб етишган, барчалари жомъеда хатми қуръон тиловати қилишган.
Таниқли уламо Исмоил Эшон ўғли Омонуллоҳ домла 2014 йил Тошкентда вафот этган. Жанозасини Ўзбекистон мусулмон идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўқиган. Тошкентдаги «Чилонзор ота» (ҳозирги Собитхон ҳожи ота) қабристонига дафн этилган.
Одилжон Дадажонов